Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (200-дарс) Фаришталарнинг вазифалари (учинчи мақола)

00:00 / 25.10.2022 2209 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

7. Фаришталарга руҳларни қабз қилиш вазифаси юкланган.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида:

 

«Ниҳоят, бирортангизга ўлим келганда, элчиларимиз камчиликка йўл қўймаган ҳолда уни вафот эттирадир», деган (61-оят).

Бу ояти каримадаги «элчилар»дан мурод жон олувчи фаришталардир.

Аллоҳ таоло Сажда сурасида:

ﰇﯼ ﯿ

 

«Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонингизни оладир. Сўнгра Роббингизга қайтарилурсиз», деб айт», деган (11-оят).

Оятда одам боласининг ўлими ҳам, тирилиши ҳам ўз ихтиёри билан бўлмаслиги баён қилинмоқда.

«Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонингизни оладир».

Жонни олишга юборилган фаришта Азроил алайҳиссалом экани маълум ва машҳурдир. Бу дунёда одам боласи ҳеч қачон ўлишни хоҳламайди. Доимо тирикликни истайди. Аммо ажали етса, у қанчалик яшашни хоҳласа-да, вакил қилинган ўлим фариштаси келиб, жонини олади. Шунда у ўз истагига қарши ўлароқ, вафот этади.

«Сўнгра Роббингизга қайтарилурсиз», деб айт».

Шунингдек, ўлган инсон хоҳишидан қатъи назар, барибир, вақти-соати келганда, Аллоҳнинг амрига биноан қайта тирилади. Қайта тирилиб, Роббига қайтарилади. Ўшанда Робби уни бу дунёдаги амаллари юзасидан сўроқ-савол қилиб, мукофот ёки жазо беради.

Уламолар жумҳури: «Ўлим фариштаси битта бўлса ҳам, унинг ёрдамчилари бор», деганлар.

Фаришталар ҳақидаги маълумотлар сўнгида қуйидаги хулосани эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз.

Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш Аллоҳга иймон келтиришнинг ичида бор. Фаришталарга иймон келтиришга Аллоҳ буюрган. Шунинг учун ҳам иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалардан олдин Аллоҳга иймон мустаҳкам бўлиши керак, дейилади.

Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш ҳис этиш аъзолари таъсирига тушмайдиган, улардан юқори бўлган ғайб нарсаларга иймон келтиришнинг бир қисмидир. Инсонни яратган Аллоҳ унинг табиатида ғайб нарсаларга қизиқиш борлигини билганидан, ушбу ғайбий нарсага – фаришталарга иймон келтиришга буюрган.

Ўзи билан доимо фаришта бирга юришига, яхши-ёмон барча ишларини ёзиб боришига ва фаришталарнинг бошқа хусусиятларига иймон келтирган одам фақат яхшилик қилиб, ёмонликдан четда бўлади. Бундай ҳис-туйғу эса ҳар бир одам боласи учун зарурдир.

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ғайбий нарсаларга, жумладан, фаришталарга ишонишдадир. Бундай иймони бор инсон ҳис этиш аъзолари чегарасида, тор жойда ўралиб қолмайди. Балки, тасаввур доираси чексиз бўлади.

Аллоҳнинг фаришталарига бўлган иймон ҳам катта ҳикматларга моликдир. Фаришталарга бўлган иймон ҳар бир шахс, жамият, давлат ва барча инсоният учун кони фойдадир. Аллоҳнинг инсон кўзига кўринмайдиган, чарчамайдиган, ғафлатда қолмайдиган, гуноҳ қилмайдиган, ўзларига берилган амрни сўзсиз бажарадиган ва яна бир қанча олий сифатларга эга бўлган ва «фаришталар» деб номланган аскарлари борлигига иймон келтириш кимга зарар келтирибди?

Мўмин-мусулмон инсон ўзига фаришталар бириктирилганига ишонади. Агар ўзи тўғри юриб, тўғри турса, ўша фаришталар Аллоҳнинг изни ила уни муҳофаза қилишига иймон келтиради. Ўша фаришталарнинг бири яхши амалларни, иккинчиси ёмон амалларни Номаи аъмолига ёзиб бораётганига, Қиёмат куни шу ёзилган нарсалар асосида ҳисоб-китоб бўлишига иймон келтиради. Бу эса ҳар бир инсонни доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан қочишга ундовчи жуда кучли омилдир. Бу омил ҳар бир инсон, жамият, давлат учун, барча инсоният учун ўта зарурдир.

Фаришталарга иймон бўлмаган жамиятда эса одамлар хоҳлаган ёмонлигини хоҳлаган вақтда, хоҳлаган жойда қиладиган бўлади. Масалан, иймонсиз жамият мафкурачилари тўқиб чиқарган «виждон азоби» каби нарсалар фойда бермади. Чунки иймонсизда виждон бўлиши умуман мумкин эмас. Оқибатда, иймонсизлар тузуми фаришталар вазифасини жосуслик ва миршаблик ташкилотларига топширади. Улар ҳар бир фуқаро учун ўзига хос «номаи аъмол» юритадилар. Бу эса фақат салбий натижаларга олиб келади, инсоният тарихида мисли кўрилмаган адолатсизлик, зулм юзага чиқади.

Иймонсизлик натижасида инсон табиати ҳам бузилади. Баъзи инсонлар ўзларига бўлган ишончни йўқотиб, қўрқоқ, шахсиятсиз бўлиб қоладилар. Бошқалари эса ҳар қандай ёмонликдан тап тортмайдиган нобакор махлуққа айланадилар.

Шунингдек, фаришталарга иймон бузуқ бўлган юртлар ва халқларда ҳам турли муаммолар келиб чиқади. Уларнинг баъзилари фаришталарни Аллоҳга ширк келтирадилар. Бошқалари эса дев, пари ва ўзга хурофий нарсаларга аралаштириб юборадилар. Оқибатда, турли зарарли урф-одатлар ва тасарруфотлар келиб чиқади. Демак, биз мусулмонлар бошқа нарсаларга иймонимиз каби, фаришталар ҳақида ҳам энг тўғри иймонга эга эканимиз билан фахрланишимиз ва ундан фойдаланишимиз лозим.

(Тамом)

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . ,. . . Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Биз мўъжизаларни барака деб ҳисоблар эдик. Сизлар уларни давоми...

2977 19:15 / 24.05.2022
Ҳанафий мазҳаби уламолариИсмСанаИловаҲаким Самарқандийҳ. 342м. 953Абу Юсур Баздавийҳ. 493м. 1100.Усулуддин, асарининг муаллифи. Бу китобни Доктор Ҳанз Питер Ленс таҳқиқ давоми...

2892 14:00 / 29.08.2021
Убайдуллоҳ ибн алҚибтийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.алҲорис ибн Абу Робийъа ва Абдуллоҳ ибн Софван розияллоҳу анҳумолар Умму Салама розияллоҳу анҳонинг давоми...

6632 00:05 / 02.12.2016
тўртинчи мақола Воқиъа сураси тафсиридан иқтибослар .Сизларни Биз яратганмиз, ишонсаларингчи, 57оят. Оятда одамларга лутф билан хитоб қилиняпти. .Инсон, сўзи давоми...

5914 14:00 / 22.02.2021