Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (88-дарс). Аллоҳни жаннатда кўришга иймон

13:00 / 01.06.2020 3898 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

2. «Улар учун унда (жаннатда) хоҳлайдиган нарсалари бор. Бизнинг ҳузуримизда эса зиёдаси бор» (Қоф сураси, 35-оят).

Али ибн Аби Толиб ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳулар: «Бундан мурод Аллоҳнинг юзига назар солишдир», деганлар.

3. «Гўзал (амал) қилганларга гўзал (мукофот) ва зиёдаси бор» (Юнус сураси, 26-оят).

«Гўзал (мукофот)» жаннатдир, «зиёда» эса Аллоҳнинг юзига назар солишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар худди шундай тафсир қилганлар.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадиснинг охирида:

«Бас, ҳижобни очади. Улар У Зот таборака ва таолога назар соладилар. Уларга У Зотга назар солишдан кўра маҳбуброқ нарса ато қилинмагандур. Зиёда шудир», дейилган.

Ибн Жарир бир гуруҳ саҳобалардан, жумладан, Абу Бакр Сиддиқ, Ҳузайфа, Абу Мусо Ашъарий, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилишича, улар ҳам худди шундай тафсир қилганлар.

4. «Йўқ! Улар (кофирлар) ўша Кунда, албатта, Роббларидан ҳижобланадилар» (Мутоффифун сураси, 15-оят).

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи ва бошқа имомлар ушбу оят ила аҳли жаннат Аллоҳнинг жамолини кўришига ҳужжат келтирганлар. Буни Тобарий ва бошқалар зикр қилганлар.

Ҳоким Робиъ ибн Сулаймондан ривоят қилишича, у қуйидагиларни айтган:

«Муҳаммад ибн Идрис Шофеъийдан ушбу оят ҳақида сўралганда мен ҳозир эдим, Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи шундай деди:

«Анавилардан ғазаб туфайли ҳижоблангандан кейин, авлиёлари У Зотни розилиги туфайли кўриши турган гап».

Кўриш ҳақида ривоят қилинган ҳадислар мутавотир ва жуда ҳам кўпдир. Уларни «Саҳиҳ», «Муснад» ва «Сунан» китобларининг соҳиблари ривоят қилганлар. Кўриш ҳақидаги ҳадисларни ўттизтача саҳобий ривоят қилган.

Абу Ҳурайранинг ҳадиси:

«Баъзи одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни Роббимизни кўрамизми?» дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўлин ой кечасида ойни кўрмай қоласизларми?» дедилар.

Улар: «Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Булут йўқ пайтда қуёшни кўрмай қоласизларми?» дедилар.

Улар: «Йўқ», дейишди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, сизлар У Зотни ана шундай кўрасизлар», дедилар».

(Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.)

2. Худди Абу Ҳурайранинг мазкур ҳадисига ўхшаш ҳадис имом Бухорий ва имом Муслим томонидан Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.

3. Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалийнинг ҳадиси:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўлтирган эдик. У зот ўн тўрт кунлик ойга қарадилар-да:

«Сизлар Роббингизни манавини кўраётганингиздек очиқ-ойдин кўрасизлар. Уни кўришда кўзингиз тўсилмайди», дедилар».

(Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.)

4. Суҳайб розияллоҳу анҳунинг ҳадиси. Бу ҳадиснинг бир бўлаги имом Муслим ривояти ила, «Гўзал (амал) қилганларга гўзал мукофот ва зиёда бор» (Юнус сураси, 26-оят) ояти тафсирида келтирилган.

5. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида жумладан, қуйидагилар айтилган:

«Жаннати Аднда у қавм билан Роббларини кўриш орасида У Зотнинг юзидаги кибриё ридоси бўлади, холос».

(Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.)

6. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида жумладан, қуйидагилар келган:

«Сиздан ҳар бирингиз мулоқот куни албатта Аллоҳ ила мулоқотда бўлади. У  Зот билан анинг ўртасида ҳижоб ҳам, таржима қиладиган таржимон ҳам бўлмас. Бас, У Зот:

«Наҳотки, Мен сенга набий юбормаган бўлсам, у сенга етказмаган бўлса?!» дейди. У:

«Ҳа, ё Роббим (юбординг)», дейди. У Зот:

«Наҳотки, Мен сенга мол ато қилмаган бўлсам, фазл бермаган бўлсам?!» дейди. У:

«Ҳа, ё Роббим (бердинг)», дейди».

(Бухорий ривоят қилган.)

(Тамом)

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Лаа илаҳа иллалллоҳу ndash Ундан бошқа илоҳ ибодатга сазовор зот йўқ. Ушбу калима тавҳид калимаси бўлиб, барча пайғамбарлар шунга даъват қилганлар. Ушбу калима давоми...

3456 23:57 / 02.12.2016
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қиладиУ Зот ирода қилган нарсадан бошқа бўлмас.Шарҳ Яъни борлиқда Аллоҳ таолонинг иродасидан бошқа ҳеч нарса давоми...

3775 18:05 / 11.11.2019
Аллоҳга ширк келтириш турларидан яна бири бут ва санамларга сиғинишдир. Санам ўзига сиғинувчилар назарида юқори қувватга эга бўлиб, табиатдан устун туради. давоми...

3908 00:10 / 03.12.2016
Бу улуғ имомнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Тусий Абу Ҳомид Ғаззолий. У киши Тус вилоятининг ҳозирги Машҳад Тобарон номли шаҳарида ҳижрий давоми...

4062 16:00 / 20.08.2019