Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (191-дарс). Инсон энг афзал ва энг шарафли махлуқдир

19:00 / 25.07.2022 2361 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ақоид илмида «кавниёт» деганда борлиқдаги мавжудотлар кўзда тутилади. Мусулмон киши ўша нарсаларга нисбатан ҳам ўзига хос ақийдага эга бўлиши керак. Ўша нарсалардан энг муҳимлари тўрт нарсани ташкил қилади:

1. Инсон.

2. Жин.

3. Фаришта.

4. Борлиқдаги сабабият қонуни.

Энди ушбу нарсаларни батафсил ўрганиб чиқайлик.

Мусулмон одам инсон тўғрисида бир неча ҳақиқатларга эътиқод қилиши лозим.

Инсон энг афзал ва энг шарафли махлуқдир.

Бу эътиқоднинг ҳақлигини содиқ хабар ҳам, соғлом ақл ҳам тасдиқлайди.

Аллоҳ таоло Исро сурасида қуйидагиларни айтади:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً
 

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зот. Ана ўша Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда:

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик».

Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло одамни Ўз қўли билан яратиб, мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан ҳам инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло яна одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Ақли билан инсон бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ берган ақл ила турли тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Буларнинг ҳаммаси инсонни Аллоҳ азизу мукаррам қилиб қўйганининг намуналаридир.

Аллоҳ таоло инсонга ваҳийлар туширди. Одамлар ичидан пайғамбарлар танлаб олди. Пайғамбарларга илоҳий китоблар нозил этди. Шариат ҳукмларини юборди. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилганига намунадир.

Аллоҳ таоло одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиши ҳам шунга далолатдир.

Аллоҳ таоло охирги индирган китоби Қуръони Каримда «Биз Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», деб эълон қилишининг ўзи ҳам катта обрў-эътибордир.

«...ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик».

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларни енгиллик ила бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли моддаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илҳом этиб, денгизларда сузиб юрадиган уловларни Ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

«...ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик».

Аллоҳ таоло одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб берган. Уларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Одам бу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган Зотга шукр қилса, жуда яхши бўлади. Ана шу сон-саноқсиз покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганидандир.

«...уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик».

Яъни одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳининг сифатлардаги мазҳабиўтган саҳобалар, табаъ тобеъинлар жумҳурининг мазҳабидир. Қисқасини айтганда, бу асрнинг энг яхшисининг давоми...

4472 23:48 / 02.12.2016
Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғонга чиқарганлар, шубҳасиз, зиёнга учрадилар. Ниҳоят, тўсатдан Соат келиб қолганда, устиshyларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида давоми...

4432 15:51 / 05.03.2018
. ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган давоми...

2858 15:00 / 10.05.2021
Лаа илаҳа иллалллоҳу ndash Ундан бошқа илоҳ ибодатга сазовор зот йўқ. Ушбу калима тавҳид калимаси бўлиб, барча пайғамбарлар шунга даъват қилганлар. Ушбу калима давоми...

3457 23:57 / 02.12.2016