Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарси (230-дарс) Фарз намозга етишиш

19:00 / 12.05.2023 1586 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

مَنْ شَرَعَ فِي فَرْضٍ فَأُقِيمَتْ، إِنْ لَمْ يَسْجُدْ لِلرَّكْعَةِ الْأُولَى، أَوْ سَجَدَ وَهُوَ فِي غَيْرِ رُبَاعِيٍّ: قَطَعَ وَاقْتَدَى، وَكَذَا فِيهِ إِلَّا بَعْدَ ضَمِّ أُخْرَى. وَإِنْ صَلَّى ثَالِثًا مِنْهُ يُتِمُّهُ ثُمَّ يَقْتَدِي مُتَنَفِّلًا، إِلَّا فِي الْعَصْرِ.

وَكُرِهَ خُرُوجُ مَنْ لَمْ يُصَلِّ مِنْ مَسْجِدٍ أُذِّنَ فِيهِ، لَا لِمُقِيمِ جَمَاعَةٍ أُخْرَى، وَلَا لِمَنْ صَلَّى الظُّهْرَ وَالْعِشَاءَ، إِلَّا عِنْدَ الْإِقَامَةِ. وَفِي غَيْرِهِمَا يَخْرُجُ وَإِنْ أُقِيمَتْ.

وَيَتْرُكُ سُنَّةَ الْفَجْرِ وَيَقْتَدِي، مَنْ لَمْ يُدْرِكْهُ بِجَمْعٍ إِنْ أَدَّاهَا. وَمَنْ أَدْرَكَ رَكْعَةً مِنْهُ صَلَّاهَا وَلَا يَقْضِيهَا إِلَّا تَبَعًا لِفَرْضِهِ. وَيَتْرُكُ سُنَّةَ الظُّهْرِ فِي الْحَالَيْنِ وَيَقْتَدِي، ثُمَّ يَقْضِيهَا قَبْلَ شَفْعِهِ، وَغَيْرُهُمَا لَا يُقْضَى أَصْلًا.

Киши фарз намозни бошлаганидан кейин ўша намозга иқома айтиб қолинса, агар биринчи ракъатга сажда қилмаган бўлса ёки тўрт ракъатли бўлмаган намозда сажда қилган бўлса, ўз намозини кесади ва иқтидо қилади. Шунингдек, тўрт ракъатлисида ҳам, бир ракъат қўшганидан кейин.

Агар мазкур намоздан уч ракъатни ўқиган бўлса, уни тамом қилади ва нафлни ният қилиб иқтидо қилади. Илло, асрда буни қилмайди.

Азон айтилган масжиддаги одам намозни ўқимай чиқиши макруҳдир. Бошқа жамоатни қоим қилувчига макруҳ эмас. Шунингдек, пешин ва хуфтонни ўқиб олганларга ҳам. Илло, иқома пайтида макруҳдир. Иккисидан бошқасида агар иқома айтилса ҳам, чиқаверади.

Бомдоднинг суннатини ўқиса, фарз жамоатига етиша олмайдиган бўлса, суннатни тарк қилади. Ким фарздан бир ракъатга етадиган бўлса ҳам, суннатини ўқийди.

Бомдоднинг суннати қазосини фақат фарзига тобеъ бўлган ҳолдагина ўқийди.

Икки ҳолатда ҳам пешиннинг суннатини тарк қилиб, иқтидо қилади. Сўнгра унинг қазосини бир жуфт суннатидан аввал ўқийди. Ўша иккисидан бошқаларни асло қазо қилинмайди.

Намозни жамоат билан ўқиш ўта савобли амал. Уни аввалидан охиригача имом билан ўқилса, савоби мукаммал бўлади. Такбири таҳримани имом билан бирга айтиш катта фазилатдир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّمَا جُعِلَ الْإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ، فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا، وَلَا تُكَبِّرُوا حَتَّى يُكَبِّرَ، وَإِذَا رَكَعَ فَارْكَعُوا، وَلَا تَرْكَعُوا حَتَّى يَرْكَعَ، وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا، وَلَا تَسْجُدُوا حَتَّى يَسْجُدَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Имом фақат унга эргашилмоғи учун қилинган. Бас, қачон у такбир айтса, сиз ҳам такбир айтинг. У такбир айтмагунча, сиз такбир айтманг. Қачон у рукуъ қилса, сиз ҳам рукуъ қилинг. У рукуъ қилмагунча, сиз рукуъ қилманг. Қачон у сажда қилса, сиз ҳам сажда қилинг. У сажда қилмагунча, сиз сажда қилманг», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: إِنَّ لِكُلِّ شَيْءٍ أَنَفَةً، وَإِنَّ أَنَفَةَ الصَّلَاةِ التَّكْبِيرَةُ الْأُولَى، فَحَافِظُوا عَلَيْهَا.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир нарсанинг сараси бўлади. Намознинг сараси биринчи такбирдир. Бас, уни муҳофаза қилинг», дедилар».

Шу билан бирга, жамоатни энг охирги лаҳзасида топган кишига ҳам савоб бўлаверади.

Ким имом биринчи саломни беришидан олдин такбири таҳримани айтиб қолса, жамоатни топган бўлади.

Ким келганда имомнинг рукуъ қилиб турганини кўрса, тик турган ҳолда такбир айтиб, кейин рукуъга бориб, бир тасбеҳ айтиб қолса ҳам, ўша ракъатни топган бўлади. Нима бўлса ҳам, имомга иқтидо қилишга ошиқиш керак.

«Мухтасари Виқоя»нинг ушбу матнлари ҳам мана шу масалага бағишланади:

Киши фарз намозни бошлаганидан кейин ўша намозга иқома айтиб қолинса, агар биринчи ракъатга сажда қилмаган бўлса ёки тўрт ракъатли бўлмаган намозда сажда қилган бўлса, ўз намозини кесади ва иқтидо қилади.

Бир киши бехабар ҳолда бир намозни ёки унинг қазосини ўқиётган эди. Бирдан худди ўша намозга жамоат учун иқома айтилиб қолди. Шунда у биринчи ракъатнинг саждасини қилмаган бўлса, тик турган ҳолида икки тарафга салом бериб, намозини тугатади ва бориб, жамоатга қўшилади.

Бомдод ва шом намозларида биринчи ракъатнинг саждасини қилган бўлса ҳам, намозини кесиб, жамоатга қўшилади, чунки бир ўзи ўқигандан кўра жамоат билан ўқиш савоблидир.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: صَلَاةُ الْجَمَاعَةِ أَفْضَلُ مِنْ صَلَاةِ الْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шунингдек, тўрт ракъатлисида ҳам, бир ракъат қўшганидан кейин.

Яъни тўрт ракъатли намознинг биринчи ракъати саждасини қилган бўлса, унга яна бир ракъат қўшиб, салом беради ва жамоатга қўшилади.

Агар мазкур намоздан уч ракъатни ўқиган бўлса, уни тамом қилади ва нафлни ният қилиб иқтидо қилади.

Ўша тўрт ракъатли намознинг уч ракъатини ўқиб бўлганидан кейин иқома айтилиб қолса, қолган тўртинчи ракъатни ҳам ўқийди. Намозини тамомлаб бўлганидан кейин, савоб учун нафлни ният қилиб жамоатга қўшилади.

Илло, асрда буни қилмайди.

Чунки асрнинг фарзини ўқиб бўлгандан кейин нафл ўқиш макруҳдир.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Балоғатга етмаган, отаси йўқ ёш бола .етим, дейилади. Отаси бор ёш бола етим эмас. Шунингдек, балоғат ёшига етгандан кейин ҳам етимлик қолмайди. . .Али давоми...

2209 19:05 / 19.09.2020
. . . . . Қуёш тутилганда жуманинг имоми одамлар билан икки ракъат нафл намоз ўқийди. Иккисида қироатни махфий ва узоқ қилади. Сўнгра то қуёш давоми...

1227 19:00 / 20.04.2023
. . . . . . . . Намозда қуйидагилар макруҳдирХушуънинг таркига сабаб бўладиган ҳар бир давоми...

1597 19:00 / 22.12.2022
Ана шу тарийқа улар қуйидаги оятлар носих насх қилувчи ва мансух насх қилинган эканини аниқлаганлар 1. .Бақара, сурасидаги қуйидаги оят .Сизлардан бирортангизга давоми...

3700 18:02 / 28.12.2017