Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (131-дарс). Исломда шахсий озодалик (биринчи мақола)

16:27 / 08.04.2021 2844 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Истинжо» луғатда «ахлатни кетказиш» деганидир.

Фуқаҳолар истилоҳида эса нажосатни сув ва шунга ўхшаш нарса ила кетказиш ёки тошга ўхшаш нарса ила артишга «истинжо» дейилади.

الْاِسْتِنْجَاءُ مِنْ كُلِّ حَدَثٍ غَيْرِ النَّوْمِ وَالرِّيحِ، بِنَحْوِ حَجَرٍ حَتَّى يُنْقِيَهُسُنَّةٌلَا بِعَظْمٍ وَرَوْثٍ وَيَمِينٍ، ثُمَّ غَسْلُهُ أَدَبٌ.

وَإِنْ جَاوَزَ الْمَخْرَجَ أَكْثَرُ مِنْ قَدْرِ دِرْهَمٍ فَوَاجِبٌ، فَيَغْسِلُهُ بِبُطُونِ الْأَصَابِعِ بَعْدَ غَسْلِ الْيَدِمُرْخِيًا مَخْرَجَهُ بِمُبَالَغَةٍ، ثُمَّ يَغْسِلُ الْيَدَوَكُرِهَ اسْتِقْبَالُ الْقِبْلَةِ وَاسْتِدْبَارُهَا فِي الْخَلَاءِ.

 

Уйқу ва елдан бошқа таҳоратни кетказувчи ҳар бир нарсадан тошга ўхшаш нарса ила истинжо қилиш суннатдир. Суяк, тезак ва ўнг қўл билан эмас. Сўнг уни ювиш одобдир. Агар у махраждан бир дирҳамдан кўпроқ тарқалган бўлса, ундан истинжо қилиш вожибдир. 

Қўлини ювгандан кейин махражини муболаға ила бўшаштирган ҳолда, бармоқларининг ич тарафи ила уни ювади. 

Кейин қўлни ювади. Халода қиблага қараш ёки унга орқасини қилиш макруҳдир.

Бу сарлавҳа остида келган маълумотларни «хало одоблари» десак ҳам хато қилмаган бўламиз. Ҳар бир кишининг кундалик ҳаётида бир неча бор такрорланиб турадиган бу муҳим амалга шариатда катта эътибор берилган. Бугунги кунда «шахсий озодалик» деб номланаётган ишни Ислом қадимдан қатъий тартиб ила йўлга қўйгандир. Келинг, ўша маълумотларни ўрганишга киришайлик.

Уйқу ва елдан бошқа таҳоратни кетказувчи ҳар бир нарсадан тошга ўхшаш нарса ила истинжо қилиш суннатдир. 

Уйқу ва елдан бошқа ҳушидан кетиш, жиннилик, мастлик каби таҳоратни кетказувчи нарсалардан ҳам истинжо қилинмайди. Қолганларидан, агар нажас бир дирҳам миқдоридан кам бўлса, истинжо қилиш суннатдир. Кўпчилик уламолар истинжо қилиш эркагу аёлга суннати муаккададир, деганлар.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни доимо қилганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنِ اسْتَجْمَرَ فَلْيُوتِرْ، مَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدْ أَحْسَنَ وَمَنْ لَا فَلَا حَرَجَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким тош ила истинжо қилса, тоқ қилсин. Ким шундай қилса, яхши. Ким қилмаса, танглик (гуноҳ) йўқ», дедилар».

Имом Абу Довуд, Ибн Можа ва имом Аҳмад ривоят қилишган.

Суяк, тезак ва ўнг қўл билан эмас.

Бу ҳукмни фуқаҳолар қуйидаги шаръий далиллардан олганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَاتَّبَعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَخَرَجَ لِحَاجَتِهِ، فَكَانَ لَا يَلْتَفِتُ، فَدَنَوْتُ مِنْهُ، فَقَالَ: «ابْغِ لِي أَحْجَارًا أَسْتَنْفِضْ بِهَا أَوْ نَحْوَهُ وَلَا تَأْتِنِي بِعَظْمٍ وَلَا رَوْثٍ». فَأَتَيْتُهُ بِأَحْجَارٍ بِطَرَفِ ثِيَابِي فَوَضَعْتُهَا إِلَى جَنْبِهِ وَأَعْرَضْتُ عَنْهُ، فَلَمَّا قَضَى أَتْبَعَهُ بِهِنَّرَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларига чиққан эдилар, ортларидан бордим. Одатда у зот ортларига қарамас эдилар. У зотга яқинлашган эдим: 

«Менга тошлардан олиб кел, улар билан истинжо қиламан (ёки шунга ўхшашроқ гап айтдилар), суяк ёки тезак олиб келма», дедилар.

Кийимимнинг этагига тош солиб келтириб, ёнларига қўйдим ва ўгирилиб кетдим. У зот қазои ҳожат қилиб бўлиб, уларни ишлатдилар». 

Бухорий ривоят қилган.

Шунингдек, бу икки нарсанинг хусусиятларига эга бўлган нарсалар билан ҳам истинжо қилиб бўлмайди. Суяк – таом чиқиндиси, тезак – ҳайвон чиқиндиси ҳисобланиши эътиборидан шу гап айтилган. Шунингдек, таом, кўмир, шиша, латта, дарахт баргига ўхшаш нарсалар билан ҳам истинжо қилиш макруҳдир. 

Шундай бўлганидан кейин, фойдали нарсалар билан истинжо қилиб бўлмаслиги ўз-ўзидан маълум бўлади.

Баъзи қадимги уламоларимиз қоғоз билан истинжо ­қилишни макруҳ деганлар. Чунки уларнинг вақтида қоғоз ­камёб бўлган. Ҳозир ҳам фойдаланадиган қоғоз билан, хусусан, ёзуви бор қоғоз билан истинжо қилишга рухсат берилмайди. Аммо истинжо учун алоҳида тайёрланган қоғоз билан истинжо қилишга ҳамма уламолар рухсат берганлар. Чунки бундай қоғозлар айнан мана шу мақсад учун тайёрланган нарсадир.

(Давоми бор)

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фатво ва илмий баҳслар бўйича Европа мажлиси мустақил ихтисослашган исломий ҳайъат бўлиб, уламолар гуруҳи томонидан ташкил этилган. Унинг қароргоҳи Ирландия давоми...

3232 15:05 / 24.10.2019
Фиқҳ китоблари ёзилиш шаклига кўра ҳам бир неча турга тақсимланади. Баъзиларида алоҳида бир мазҳабнинг, тўғрироғи муаллифнинг фиқҳий мазҳабининг фуқаҳолар давоми...

3125 05:00 / 18.01.2017
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ таоло.Бас, у довон ошиб ўтмади. Довон нима эканлигини сенга нима билдирди Қул озод давоми...

1670 19:30 / 26.09.2020
Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда ана ўша муҳим масалаларни ўрганишга киришамиз.Аллоҳ таоло .Эй, иймон келтирганлар Аҳдномаларга вафо қилинг Сизга, кейин давоми...

4741 05:00 / 18.01.2017