Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ 198-дарс. Намоз ибодатини вақтида адо этайлик!

19:00 / 25.08.2022 2156 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сенга намозни кечга сурадиган амирлар бош бўлиб қолса нима қиласан?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга нимани амр қиласиз?» дедим.

«Намозни вақтида ўқи. Улар билан уни топиб қолсанг ҳам ўқийвер. У сенга нафл бўлади», дедилар».

Тўрт «Сунан» соҳиблари ривоят қилишган.

Эркак киши аёлга ёки ёш болага, таҳоратли узрлига, қори уммийга, кийимли яланғочга, имо қилмайдиган имо қиладиганга, фарз ўқувчи нафл ўқувчига ва бир фарзни ўқувчи бошқа фарзни ўқувчига иқтидо қилмайди.

Бу жумлада баъзи намозхонларнинг баъзиларга иқтидо қилиши мумкин эмаслиги ҳақида сўз кетмоқда.

1. Эркак киши аёл кишига иқтидо қилмайди.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва салафи солиҳнинг даврларидан ҳозиргача бу шаклдаги иқтидо бўлмаган. Аёл кишининг эркакка имом бўлиши хаёлга ҳам келмаган масаладир.

2. Эркак киши ёш болага иқтидо қилмайди.

Бунинг далили Абдурраззоқ Ибн Аббосдан қилган қуйидаги ривоятдир:

رَوَاهُ عَبْدُ الرَّزَّاقِ مِنْ حَدِيثِ ابْنِ عَبَّاسٍ مَرْفُوعًا: «لَا يَؤُمُّ الْغُلَامُ حَتَّى يَحْتَلِمَ».

 

«Fулом то эҳтилом бўлмагунича имом бўлмайди».

Баъзи уламолар: «Балоғатга етган шахс ёш болага таровеҳда иқтидо қилса бўлади», деганлар.

3. Таҳоратли узрлига иқтидо қилмайди.

Чунки пешоби доим оқиб турадиган каби узрли шахс ҳақиқатда бетаҳорат ҳолда намоз ўқийди. Фақатгина ноиложликдан у бетаҳорат эмас, дея ҳукм қилинган.

4. Қори уммийга иқтидо қилмайди.

Чунки қори Қуръон қироатини яхши билади. Уммий эса ўқимаган, саводсиз одамдир.

5. Кийимли яланғочга иқтидо қилмайди.

Чунки кийимли одамнинг ҳоли кийимсизникидан кучлидир.

6. Имо қилмайдиган имо қиладиганга иқтидо қилмайди.

Чунки имо қилмайдиганнинг ҳоли имо қиладиганнинг ҳолидан кучлидир.

7. Фарз ўқувчи нафл ўқувчига иқтидо қилмайди.

Чунки фарз ўқувчининг ҳоли нафл ўқувчининг ҳолидан кучлидир.

8. Бир фарзни ўқувчи бошқа фарзни ўқувчига иқтидо қилмайди.

Чунки иқтидо ниятга боғланган такбири таҳримада шерик бўлиш ва бадан амалларининг бир-бирига мувофиқ бўлишидир. Бу ҳолда эса ният ҳар хил бўлади.

Имом намозни ва бомдоддан бошқада биринчи ракъат қироатини чўзиб юбормайди.

Чунки намозни чўзиб юбориш одамларга малол келиши ва фитна чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари намозни чўзмаганлар ва бошқа имомларга ҳам чўзмасликни тайинлаганлар.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . .У икки зарбадан иборат бўлиб, бир зарба юзга масҳ тортиш учун, яна бир зарба эса икки қўлга чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортиш учун ер давоми...

3073 13:00 / 26.11.2020
Ислом дини Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини ўлароқ, ўзининг илк кунларидан бошлаб инсон жамиятидаги иллатларга қарши ўт очди. Ислом дини жамиятни ислоҳ давоми...

2853 05:00 / 04.03.2017
Инсоннинг аврат жойлари яъни, ёпилиши лозим бўлган уят жойлари ва уни қаерда очиш мумкину қаерда очиш мумкин эмаслигини билиб олсак. Зеро, жумла уламолар давоми...

20236 05:00 / 18.01.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларини .Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, билан очар эдилар,. Термизий, Ҳоким ва давоми...

3323 17:00 / 10.02.2022