Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (95-дарс). Таҳоратнинг макруҳлари

13:30 / 23.07.2020 3892 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Сувни исроф қилиш.

Шаръий ҳожатдан ёки етарлисидан ортиқ сув ишлатиш исроф бўлади. Агар сув таҳорат қилувчининг ўзиники бўлса, исроф макруҳдир. Аммо кўпчилик таҳорат қилиши учун тайёрлаб қўйилган сувни исроф қилиш ҳаромдир.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم مَرَّ بِسَعْدٍ وَهُوَ يَتَوَضَّأُ فَقَالَ: «مَا هَذَا السَّرَفُ؟» قَالَ: أَفِي الْوُضُوءِ إِسْرَافٌ؟ قَالَ: «نَعَمْ، وَإِنْ كُنْتَ عَلَى نَهْرٍ جَارٍ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَابْنُ مَاجَهْ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг олдидан ўтдилар. У таҳорат қилаётган эди. Бас, у зот:

«Бу қандай исроф?!» дедилар.

«Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди.

«Ҳа! Агар оқиб турган дарё устида бўлсанг ҳам!» дедилар».

Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.

2. Сувни ўта кам ишлатиш.

Таҳорат худди масҳ тортгандек бўлиб қолмаслиги лозим. Ювилган аъзодан камида икки томчи сув оқиши керак.

3. Сувни юзга ёки бошқа аъзоларга уриш.

Бунда сув ҳамма тарафга сачраб, ноқулайлик ва палапартишлик, маданиятсизлик юзага келади.

4. Дунёвий гапларни гапириш.

5. Узрсиз бошқанинг ёрдамидан фойдаланиш.

رَوَى ابْنُ مَاجَهْ وَالدَّارَقُطْنِيُّ مِنْ حَدِيثِ ابْنِ عَبَّاسٍ: كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم لَا يَكِلُ طَهُورَهُ إِلَى أَحَدٍ.

Имом Ибн Можа ва Дора Қутний Ибн Аббосдан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат сувларига ҳеч кимни вакил қилмас эдилар».

Яъни таҳорат учун сув тайёрлаш ва уни қуйиб бериб туришда ҳеч кимдан ёрдам сўрамас эдилар.

6. Нажосат бор жойда таҳорат қилиш.

7. Рўзадор киши оғиз ва бурунни чайишда муболаға равишда ҳаракат қилиши. 

Сув ичкарига кириб кетса, рўза очилиши хавфи бор.

8. Таҳоратнинг суннатларидан бирини тарк қилиш.

9. Ўта иссиқ, ўта совуқ ёки қуёшда исиб қолган сувда таҳорат қилиш.

Биринчи икки ҳолда иссиқ ёки совуқдан қўрқиб, таҳорат қилишдаги хушуъ ва хузуъга футур етади. Қуёшда исиган сувда таҳорат қилиш туфайли тиббий тажрибага қараганда, пес касали келиб чиқиш хавфи бор.

Таҳорат қилиш фақат Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдан олдин баданни поклашдан иборат эмас, балки таҳоратнинг ўзи Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдир. Намоздек улуғ ибодатга, Аллоҳ таоло билан бевосита мулоқотга, муножотга жисман ва руҳан покланиб, тайёргарлик кўришдир. Таҳорат пайтида турли машғул қилувчи нарсалардан холи бўлиб, қалбни бир жойга қўйиб олиш намозни тўла-тўкис адо этишга катта ёрдам беради.

Таҳорат ҳақидаги бобнинг охирида бу амални бошидан охиригача қандай қилиш ҳақида кўргазмали дарс сифатида тақдим қилинадиган ривоятни келтиришга ижозат бергайсиз.

عَنْ حُمْرَانَ مَوْلَى عُثْمَانَ أَخْبَرَهُ: أَنَّ عُثْمَانَ بْنَ عَفَّانٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ دَعَا بِوَضُوءٍ فَتَوَضَّأَ، فَغَسَلَ كَفَّيْهِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ مَضْمَضَ وَاسْتَنْثَرَ، ثُمَّ غَسَلَ وَجْهَهُ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ يَدَهُ الْيُمْنَى إِلَى الْمِرْفَقِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ يَدَهُ الْيُسْرَى مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ مَسَحَ رَأْسَهُ، ثُمَّ غَسَلَ رِجْلَهُ الْيُمْنَى إِلَى الْكَعْبَيْنِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ الْيُسْرَى مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم تَوَضَّأَ نَحْوَ وُضُوئِي هَذَا، ثُمَّ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ تَوَضَّأَ نَحْوَ وُضُوئِي هَذَا ثُمَّ قَامَ فَرَكَعَ رَكْعَتَيْنِ لَا يُحَدِّثُ فِيهِمَا نَفْسَهُ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ». وَرَاهُ الْخَمْسَةُ.

Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қули Ҳумрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу таҳоратга сув олиб келтирди ва таҳорат қилди: икки қўлини уч марта ювди. Сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади. Кейин юзини уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнг чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра деди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракъат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

«Кифоя» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . ,. . Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши .Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, фалончининг чўзиб давоми...

2758 18:20 / 01.09.2022
4. Таҳорат қилгандан кейин ўқиладиган намоз. Бу намозни .шукри вузуъ, ndash .таҳоратнинг шукри, дейилади. . . Уқба ибн Омир алЖуҳаний розияллоҳу давоми...

1607 19:00 / 07.04.2023
Албатта, ўзимизга керакли нарсаларни қўлга киритишга, хоҳлаганимизни эса улоқтиришга одатланганмиз. Аммо биз кераксиз деб ташлаб юборган нарсамиз ёки егуликлар давоми...

2810 05:00 / 06.03.2017
. . ,. . Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши .Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, фалончининг чўзиб юбораётгани давоми...

5714 19:00 / 08.09.2022