Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (101-дарс). Fуслни вожиб қилувчи нарсалар

13:00 / 03.09.2020 3762 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

3. Уйғонган кишининг маний ёки мазийни кўриши.

Бу жумлада васф қилинган ҳолат «эҳтилом» дейилади.

«Эҳтилом» дегани «уйқуда жинсий яқинликни кўриш», «уйқуда булғаниш» демакдир.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: جَاءَتْ أُمُّ سُلَيْمٍ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ اللهَ لَا يَسْتَحْيِي مِنَ الْحَقِّ، فَهَلْ عَلَى الْمَرْأَةِ مِنْ غُسْلٍ إِذَا احْتَلَمَتْ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «نَعَمْ، إِذَا رَأَتِ الْمَاءَ». فَقَالَتْ أُمُّ سَلَمَةَ: يَا رَسُولَ اللهِ، وَتَحْتَلِمُ الْمَرْأَةُ؟ فَقَالَ: «تَرِبَتْ يَدَاكِ فَبِمَ يُشْبِهُهَا وَلَدُهَا». رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Умму Сулайм Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди, агар аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл лозимми?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, агар сувни кўрса», дедилар.

Умму Салама:

«Эй Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шўринг қургур, бўлмаса боласи нимадан унга ўхшар эди?» дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سُئِلَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم عَنِ الرُّجُلِ يَجِدُ الْبَلَلَ وَلَا يَذْكُرُ احْتِلَامًا، قَالَ: «يَغْتَسِلُ»، وَعَنِ الرَّجُلِ يَرَى أَنْ قَدْ احْتَلَمَ وَلَا يَجِدُ الْبَلَلَ، قَالَ: «لَا غُسْلَ عَلَيْهِ». فَقَالَتْ أُمُّ سُلَيْمٍ: الْمَرْأَةُ تَرَى ذَلِكَ أَعَلَيْهَا غُسْلٌ؟ قَالَ: «نَعَمْ، إنَّمَا النِّسَاءُ شَقَائِقُ الرِّجَالِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намни кўрган, лекин эҳтиломни эслай олмаган одам ҳақида сўралди. Ул зот:

«Fусл қилади», дедилар. Эҳтиломни кўрган, лекин ҳўлни кўрмаган одам ҳақида (ҳам сўралдилар). Ул зот:

«Унга ғусл вожиб эмас», дедилар.

Бас, Умму Сулайм:

«Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» деди. Ул зот:

«Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисда баён қилинаётган масала ҳам кўп учраб турадиган, айниқса ёшларда тез-тез такрорланиб турадиган масаладир.

Биров тушида ғусл вожиб бўладиган бирор нарсани кўрганини эслай олмайди. Лекин баданида, кийимида ёки ётган жойида манийнинг ҳўлини кўради. Нима қилиш керак? Албатта, ғусл қилиш вожиб, акс ҳолда гуноҳкори азим бўлади.

Бошқа биров тушида жинсий алоқани кўрган, аммо уйғонса, ҳеч қаерда манийнинг ҳўли йўқ. Ундай одамга ғусл вожиб бўлмайди, чунки ундан воқеъликда ғусл вожиб бўладиган нарса чиққан эмас.

Мана шу масалалар ҳақида савол-жавоб бўлиб турган жойда Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам бор эканлар. У киши фурсатдан фойдаланиб:

«Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» деди.

Яъни «Аёл кишида ҳам ушбу ҳолат юз берса, унга ҳам ғусл қилиш вожиб бўладими?» дедилар.

Бу саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб:

«Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар.

Яъни «Ҳа, аёл кишига ҳам ғусл вожиб бўлади. Аёл киши ҳам худди эркак кишига ўхшаш», деганларидир.

4-5. Ҳайз ва нифоснинг тўхташи.

«Ҳайз» луғатда «оқиш» маъносини билдиради.

Шариатда эса балоғатга етган аёл жинсининг раҳми ичидан туғишсиз, беморликсиз, муайян муддатда келадиган қон ҳайздир.

Одатда ҳайзнинг ранги қорамтир, ўзи ҳароратли ва оғриқ ила келадиган бўлиб, ҳиди нохуш бўлади.

«Нифос» сўзи луғатда «туғиш» ва «қон» маъноларини англатади. Шариатда эса туғишдан кейин аёл кишининг раҳмидан келган қонга нифос дейилади.

Ҳайз ва нифос тўхтаганда ғусл қилиш вожиб бўлишига далиллар:

عَنْ عَائِشَةَ: أَنَّ فَاطِمَةَ بِنْتَ أَبِي حُبَيْشٍ كَانَتْ تُسْتَحَاضُ، فَسَأَلَتِ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم ، فَقَالَ: «ذَلِكِ عِرْقٌ وَلَيْسَتْ بِالْحَيْضَةِ، فَإِذَا أَقْبَلَتِ الْحَيْضَةُ فَدَعِي الصَّلَاةَ، وَإِذَا أَدْبَرَتْ فَاغْتَسِلِي وَصَلِّي». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Фотима бинт Абу Ҳубайш истиҳоза бўларди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради. Шунда у зот:

«Бу томир касаллигидир, ҳайз эмас. Ҳайз келганда намозни тарк эт, қачон тўхтаса, ғусл қилиб, намоз ўқийвер», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Шунинг учун ҳайздан пок бўлган аёлга ғусл вожиб бўлади.

Нифос эса янги туққан аёлда тўпланиб қолган ҳайздир. Шунинг учун нифосдан пок бўлган аёлга ҳам ғусл вожиб бўлади.

«Мухтасар»нинг соҳиблари бу ерда зикр қилмаган вожиб ғусллар ҳам бор. Уларни бошқа уламоларимиз айтиб ўтганлар.

6. Шаҳид бўлмаган мусулмон маййитга ҳам ғусл вожиб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳаммага мана шундай муомала қилинган.

Имом Бухорий ва имом Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда уловидан йиқилиб ўлган киши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«اغْسِلُوهُ بِمَاءٍ وَسِدْرٍ وَكَفِّنُوهُ فِي ثَوْبَيْنِ».

«Уни сув ва сидр ила ювинглар ва икки кийим ила кафанланглар», деганлар.

7. Ғайримуслим шахс Исломга кирса.

Бу ҳолатда моликий ва ҳанбалий мазҳабларида ғусл қилиш вожиб бўлади. Бунга бир қанча далиллар бор. Мисол учун:

عَنْ قَيْسِ بْنِ عَاصِمٍ أَنَّهُ أَسْلَمَ، فَأَمَرَهُ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم أَنْ يَغْتَسِلَ بِمَاءٍ وَسِدْرٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا ابْنَ مَاجَهْ.

«Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини сув ва сидр ила ғусл қилишга амр этдилар».

Бешовларидан фақат Ибн Можа ривоят қилмаган.

Ҳанафий ва шофеъий мазҳабларига кўра, агар мусулмон бўлган одам жунуб бўлмаса, ғусл мустаҳабдир.

Ҳайвонга яқинлик қилиб, манийни туширмаслик ғуслни вожиб қилмайди.

Бундан маний туширса, ғусл вожиб бўлиши келиб чиқади.

Ғусл вожиб бўлмайдиган ҳолатлардан яна баъзилари:

1. Мазий чиққанда.

2. Вадий чиққанда.

3. Эҳтилом бўлганда намлик кўрмаганда.

4. Клизма қилдирганда.

5. Бармоқни икки йўлдан бирига киритганда маний тўкилмаса.

(Тамом)

«Кифоя» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дастлаб Қуръондан бошқа нарса ёзилмагани маълум ва машҳур. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ёзилди. Сўнгра ҳадис тадвин қилинди. давоми...

5459 13:00 / 19.12.2018
биринчи мақолаСаъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Фатҳ йили бемор бўлиб, унинг сабабидан ўлимга яқинлашдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2624 11:00 / 06.07.2020
.Фароиз, сўзи .фарз, сўзининг жамидир..Фарз, сўзи эса .ўлчов,, .кесиш, ва .баён қилиш, маъноларини англатади.Шариатдаги фарз амаллар ҳам ўлчоғлик, кесиб айтилган ва давоми...

4085 13:30 / 27.02.2019
1. Жанозани тезлатиш. 2. Жанозага эргашиш. Бу нарса уч амалдан жаноза намозини ўқиш, қабргача бирга бориш ва дафндан кеshyйин маййитнинг ҳаққига дуо қилишдан давоми...

1098 19:00 / 07 март