Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (109-дарс). Ортган сувнинг ҳукми

13:05 / 05.11.2020 3654 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَسُؤْرُ الْآدَمِيِّ وَالْفَرَسِ وَكُلِّ مَأْكُولٍ: طَاهِرٌ. وَسِبَاعِ الْبَهَائِمِ: نَجِسٌ. وَالْهِرَّةِ وَالدَّجَاجَةِ الْمُخَلَّاةِ وَسِبَاعِ الطَّيْرِ وَسَوَاكِنِ الْبُيُوتِ: مَكْرُوهٌ. وَالْحِمَارِ وَالْبَغْلِ: مَشْكُوكٌ. يَتَوَضَّأُ بِهِ وَيَتَيَمَّمُ إِنْ عَدِمَ غَيْرَهُ، وَالْعَرَقُ كَالسُّؤْرِ

Одамдан, отдан ва ҳар бир гўштини еб бўладигандан ортиб қолган сув покдир. 

Йиртқич ҳайвонларники нажасдир. 

Мушук, қўйиб юборилган товуқ, йиртқич қушлар ва уйлардан маскан оладиган сичқон, калтакесак каби ҳайвонларники макруҳдир. 

Эшак ва хачирники шаклидир. (Таҳорат олувчи) ундан бошқасини топа олмаса, ундан таҳорат қилиб, кейин таяммум ҳам қилади. 

Тер ҳам ортган сувга ўхшайди.

Бу жумлаларда бир тоифа жонзотлар теккан сувдан покланиш учун ишлатса бўладими, йўқми – шу ҳақда сўз кетмоқда. Уларнинг ичида поки ҳам, нажаси ҳам, макруҳи ҳам, шаклиси ҳам бор.

1. Одамдан, отдан ва ҳар бир гўштини еб бўладигандан ортиб қолган сув покдир. 

Бу ерда «одамдан» дейилиши номики одам бўлса, ундан қолган сув пок бўлишини англатади. Одам мўминми, кофирми, хотинми, эркакми, каттами, кичикми, жунубми, ҳайз кўрганми – фарқи йўқ. Фақат ароқ ичган бўлмаса бўлди. Агар ароқ ичган бўлса, оғзи нажас бўлгани учун унинг оғзидаги ва оғзи теккан нарсалар ҳам нажас бўлади. У оғзидаги нажосатни кетказиш учун уни ювиши, сув ичиши ёки тупугини уч марта ютиши лозим.

Одамнинг поклиги ҳақидаги далиллар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَقِيَنِي رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم مَرَّةً فِي طَرِيقٍ مِنْ طُرُقِ الْمَدِينَةِ وَأَنَا جُنُبٌ فَاخْتَنَسْتُ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَانْسَلَلْتُ فَذَهَبْتُ فَاغْتَسَلْتُ ثُمَّ جِئْتُ، فَقَالَ: «أَيْنَ كُنْتَ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ؟» قُلْتُ: إِنِّي كُنْتُ جُنُبًا فَكَرِهْتُ أَنْ أُجَالِسَكَ عَلَى غَيْرِ طَهَارَةٍ، قَالَ: «سُبْحَانَ اللهِ، إِنَّ الْمُسْلِمَ لَا يَنْجُسُ». رَواهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир марта Мадинанинг йўлларидан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга йўлиқиб қолдилар. Мен жунуб эдим, ўзимни четга олдим». 

Бошқа ривоятда: 

«Билдирмай суғурилиб чиқдим. Бориб, ғусл қилиб келдим. Ул зот: 

«Эй Абу Ҳурайра, қаерда эдинг?» дедилар. Мен:

«Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолимда ўтиришни ёқтирмадим», дедим. Ул зот: 

«Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كُنْتُ أَشْرَبُ وَأَنَا حَائِضٌ، ثُمَّ أُنَاوِلُهُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم فَيَضَعُ فَاهُ عَلَى مَوْضِعِ فِيَّ فَيَشْرَبُ، وَأَتَعَرَّقُ الْعَرْقَ وَأَنَا حَائِضٌ، ثُمَّ أُنَاوِلُهُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم فَيَضَعُ فَاهُ عَلَى مَوْضِعِ فِيَّ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Мен ҳайзли ҳолимда бирор нарсани ичиб, кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдим. У зот менинг оғзим теккан жойга оғизларини қўйиб ичар эдилар. Мен ҳайзли ҳолимда суякни ғажиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдим. У зот менинг оғзим теккан жойга оғизларини қўяр эдилар». 

Имом Муслим ривоят қилган.

عَائِشَةَ أَنَّهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَتَّكِئُ فِي حِجْرِي وَأَنَا حَائِضٌ فَيَقْرَأُ الْقُرْآنَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Мен ҳайзли бўлган ҳолимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўксимга суяниб олиб, Қуръон ўқир эдилар».

Имом Муслим ривоят қилган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم يُصَلِّي مِنْ اللَّيْلِ وَأَنَا إِلَى جَنْبِهِ وَأَنَا حَائِضٌ وَعَلَيَّ مِرْطٌ وَعَلَيْهِ بَعْضُهُ إِلَى جَنْبِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда намоз ўқир эдилар. Мен ҳайзли ҳолда у зотнинг ёнларида бўлар эдим. Устимда бир мирт бўлиб, унинг бир томони у зотнинг устиларида бўлар эди».

Имом Муслим ривоят қилган.

Матнда отнинг алоҳида зикр қилиниши шубҳани кўтариш учундир. Чунки уламоларимиз орасида отнинг гўштини ейиш ҳалол деганлари ҳам, ҳаром деганлари ҳам бор. «Отнинг гўшти ҳаром», деганларнинг гапига биноан, ундан қолган сув ҳам пок бўлмаслиги керак, деган фикр келиши мумкин. Бунга мутлақо ўрин йўқ. Чунки «Отнинг гўштини ейиш ҳаром», деганлар унинг нажаслиги учун эмас, жиҳодга керак бўлиши учун шундай деганлар. Аслида отнинг гўшти поклигига ҳеч ким ихтилоф қилмаган.

Гўшти ҳалол қуш ва ҳайвонларнинг сўлаги ҳам пок. Чунки сўлак гўштдан ҳосил бўлади. Бинобарин, улардан қолган сув ҳам пок бўлади.

(Давоми бор)

«Кифоя» китобидан

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . . Намознинг фарзи таҳрима, қиём, фарзнинг икки ракъатининг ҳар бирида ҳамда витр ва нафлнинг ҳар бир ракъатида бир оят қироат қилиш. Ўша бир давоми...

3550 19:00 / 04.11.2021
Ҳанафий мазҳаби бўйича, кафан уч турга зарурат кафани, кифоя кафани ва суннат кафанига бўлинади. 1. Зарурат кафани. Зарурат ва ожизлик бўлганда эркак ва аёлга давоми...

953 19:00 / 16 февраль
Қироатнинг суннати сафарда шошиб турилганда Фотиҳа билан хоҳлаган сурани, омонликда Буружга ўхшашни қироат қилишдир. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

2595 19:00 / 23.06.2022
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни бир йўл билан чиқсалар, бошқаси билан қайтар давоми...

723 19:00 / 22.12.2023