Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Шубҳали нарсага нисбатан керак бўлган муносабат | Тазкия дарслари (265-дарс)

19:00 / 21 январь 813 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади».

Яъни ҳалоллигида шубҳа бор нарсадан сақланган одам дини ва обрўсини поклаган бўлади. Шунинг учун муайян шубҳали нарсадан узоқда бўлиш керак.

Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

«Ўзингни шубҳага солган нарсани тарк эт, ўзингни шубҳага солмаган нарсани ол!» деган гаплари қоидадир.

Шубҳали нарсага нисбатан керак бўлган муносабат бир неча хил бўлади:

1. Вожиб.

Ўзиникими ёки ўзганикими, аниқ бўлмаган молни олмаслик.

2. Мустаҳаб.

Молининг кўпи ҳаром бўладиган одам билан муомала қилмаслик.

3. Макруҳ.

Аллоҳ рухсат берган нарсаларни ва шунга далолат қилувчи ҳадисларни олмаслик.

Имом Бухорий ва имом Термизий ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Уқба ибн Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мен бир хотинга ўйланган эдим, бир қора аёл келиб, мен билан хотинимни эмизганини даъво қилмоқда, у ёлғончидир», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгириб олдилар. У ўз гапини ул зотга иккинчи бор қайтарди. Шунда у зот:

«Қандай қилиб?! Ахир у (аёл) икковларингизни эмизганини даъво қилиб турибди-ку? Уни талоқ қил!» дедилар».

Шубҳа тушгани учун шундай қилдилар.

Лекин шубҳанинг ҳам чегараси бор. Бўлиши қийин нарсаларни ўзича фараз қилиб, турли хаёллар билан турли шубҳалар қилаверишни васваса дейилади.

Уламоларимиз бундай васвасага бир қанча мисоллар келтирадилар. Бу юртда менинг қариндошларим ўтган экан, агар бу ердан уйлансам, билмай, яқин қариндошимга уйланиб қўймай, деб бутун бошли бир юртдан уйланишни тарк қилиш, очиқ жойдаги сувни, нажосат тушган бўлиши мумкин, деб ишлатмаслик, бирор кийимни, менинг қўлимга тушишидан олдин нажосат теккан бўлиши мумкин, деб ювишга ўхшаш ишлар шулар жумласидандир.

Имом Қуртубий: «Бундай ишлар парҳезкорлик эмас, шайтоний васвасадир. Чунки буларда шубҳа маъносидаги ҳеч нарса йўқ. Бундай нарсаларнинг содир бўлиши шариатни билмасликдан келиб чиқади», дейдилар.

Имом Ҳарамайннинг оталари, имом Абдуллоҳ ибн Юсуф Жувайнийга янги кийимни «Буни бўяш, қуритиш вақтида ерга тушиши бор, нажосат тегиши бор», деб ювиб ташлаб киядиган кишилар зикр қилинди. У кишининг қаттиқ аччиқлари чиқди ва:

«Бу хорижийларнинг тариқатидир! Уларни Аллоҳ таоло ноўрин жойда ташвиш қилиш ва эҳтиёт бўладиган жойда бепарво бўлиш балосига учратган. Буни қилувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳоба ва тобеъинларнинг ишига эътироз қилувчидир. Чунки у зотлар янги кийимни ювмасдан кияр эдилар. Уларнинг асрларидаги кийимнинг ҳоли бизнинг асримиздаги кийимнинг ҳоли каби эди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кийимларни ювишга амр қилган бўлсалар, махфий қолмас эди», дедилар.

Албатта, бу шаклдаги васвасага берилиш Ислом шариати руҳидан узоқ нарсадир.

Лекин муайян шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиш зарур. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифнинг давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида эътибор бермоқдалар:

«Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади».

Яъни ҳалоллигида шубҳа бор нарсаларни олиб, еб-ичиб, ишлатиб юрган одам ҳаромга тушиши турган гап. Чунки

«Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон».

«Қўриқхона» деганда Ислом давлати бошлиғи томонидан жиҳодга миниладиган ва давлат мулки ҳисобланадиган ҳайвонларни боқиш учун ажратиб, чегаралаб қўйилган яйловга айтилган. У давлат томонидан қўриқланади. Ким ўша яйловда ўз ҳайвонини боқса, қоидани бузган ҳисобланади ва жазога тортилади.

Табиийки, мазкур қўриқхонага энг яқин жойда ҳайвон боққан одамнинг ҳайвонлари қўриқхонага тушиши ва ундан ўтлаб қўйиши жуда ҳам осон. Чунки энг яқин жойда турибди, бир ҳаракат билан қўйми, молми ёки бошқа ҳайвонми, қўриқхона ўтидан ейиши ва эгаси жавобгар бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Шубҳали нарсаларга яқин юрадиган одамнинг ҳоли ҳам худди шундай. Хоҳлаган лаҳзада, ўзи билмай қолиб ҳам, ҳаромни олиб, еб ёки муомалага киритиб қўйиши мумкин.

Оқибатда обрўси тўкилиб, динига футур етиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам динини, обрўсини пок ҳолда сақлаш ниятида бўлган киши шубҳали нарсаларга умуман яқинлашиши керак эмас.

Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири кибр ва манманликдир.Кибр ва манманлик бир бирига яқин ва ўхшаш салбий давоми...

21037 05:00 / 28.02.2017
Аҳли ҳақнинг наздида рўзанинг даражаси учтадир.Биринчи даража омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржни шаҳватдан тийишдан иборат.Иккинчи даража хосларнинг давоми...

3705 15:48 / 18.04.2020
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. давоми...

354 19:00 / 14 апрель
Ахлоқ .хулқ, сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқатворни билдиради. Баъзи уламолар ахлоқни .ироданинг одати, деб таъриф қилган. Яъни, ирода ўзига бир давоми...

4712 05:00 / 28.02.2017