Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 177-дарс. Одамларнинг яхшиси тавозели бўлганидир

18:30 / 19.03.2022 3530 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Такаббурлик кишининг шакл-шамойилидан билиниб туради. Уни кишининг юзидаги аломатлардан, назар солишидан, бошини тутишидан, ўтиришидан, овозининг оҳангидан, қадам олишидан, ўтириб-туришидан ҳамда барча ҳаракат ва саканотларидан билиб олиш мумкин. Масалан:

– Одамларнинг ўз атрофида ёки ҳузурида тик туришини ёқтириш ҳам кибрнинг белгиларидан.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: «Ким дўзах аҳлидан бирига назар солмоқчи бўлса, ўзи ўтириб олиб, олдида одамларни тик турғизиб қўйган кишига назар солсин», деган.

– Доимо ортидан одамларни эргаштириб юришни хуш кўриш ҳам кибрнинг аломатларидан саналади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Модомики ортидан одам эргаштириб юрар экан, банда Аллоҳ таолодан узоқлашаверади».

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг ташқи қиёфаси қулларидан фарқ қилмас, у кишини қулларидан ажратиб бўлмас эди.

– Дин учун фойдали бўлса-да, бировнинг зиёратига бормаслик ҳам кибрланиш сифатларидан биридир.

Суфён Саврий Рамлага келганида, Иброҳим Адҳам унинг олдига одам юбориб: «Келиб, бизга ҳадис айтиб бер», деган. Саврий келиб, илтимосни бажарган. Одамлар Иброҳим ибн Адҳамга: «Эй Абу Исҳоқ! Шундай ҳам қиласизми?» дейишган эди, «Унинг тавозесини синаб кўрдим», деган.

– Бировнинг ёнига ўтиришни хоҳламаслик ҳам кибрнинг кўринишларидан биридир.

Ибн Ваҳбдан ривоят қилинади: «Абдулазиз ибн Абу Равводнинг ёнига ўтирдим. Соним унинг сонига теккан эди, ўзимни четга олдим. У менинг кийимимдан ушлаб, ўзига тортди-да: «Нима учун мендан жабборлардан қўрққандек қўрқасизлар?! Ичингизда ўзимдан ёмонроқ одам бор деб билмайман!» деди».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мохов, пес ва бошқа мубтало одамларни ўз дастурхонига ўтирғизар эдилар.

– Ўз уйида ўз хизматини ўзи қилмаслик ҳам кибру ҳавога далолат қилади.

Умар ибн Абдулазизникига кечаси меҳмон келди. У мактуб ёзиб ўтирган эди. Чироғи ўчиб қолай деди. Меҳмон:

«Туриб, чироқни тўғрилаб қўяйми?» деди.

«Меҳмонини хизматга қўйиш одамнинг карамидан эмас», деди Умар ибн Абдулазиз.

«Хизматчига билдирайми?» деди.

«У биринчи марта ухлаб қолиши», деди-да, ўзи туриб, чироққа мой тўлдирди.

«Эй мўминларнинг амири, ўзингиз овора бўлдингиз-а?!» деди меҳмон.

«Борганимда Умар эдим, қайтганимда ҳам Умарман. Мендан бирор нарса камайиб қолмади. Одамларнинг яхшиси тавозели бўлганидир», деди Умар ибн Абдулазиз.

– Ўзига тегишли нарсани манзилига ўзи олиб бормаслик ҳам кибрга киради. Тавозели одамлар бундай қилмайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз матоҳларини ўзлари уйларига кўтариб борар эдилар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Комил эр киши учун ўз аҳли аёлига кўтариб борган нарсаси унинг камолига футур етказмайди», деган.

Имом Бухорий «Ал-адаб ал-муфрад»да кийимфуруш Солиҳдан, у ўз момосидан ривоят қилади:

«Али розияллоҳу анҳунинг бир дирҳамга хурмо олиб, дастрўмолига солиб кўтариб кетаётганини кўрдим. Бир одам:

«Эй мўминларнинг амири, сизнинг ўрнингизга мен кўтарай», деди.

«Йўқ, оила бошлиғи ўзи кўтаргани яхшидир», деди у».

Кибрнинг зарарлари:

1. Кибр Аллоҳ таолонинг ғазабига олиб борувчи йўлдир.

2. Кибр нафснинг пасткашлиги ва юзтубан кетганлиги аломатидир.

3. Кибр Аллоҳ таолодан ва одамлардан узоқ бўлишга сабабдир.

4. Кибр дўзах азобига дучор қилади.

5. Кибр ҳалокатга етакловчи ва умрнинг баракасини кетказувчи омилдир.

6. Кибр ўз эгасини Аллоҳ таолонинг тоатидан узоқлаштиради.

7. Кибр ўз эгасини Аллоҳ таолонинг раҳматидан қувади.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ҳалийм, сифати .ҳилм, сўзидан олинган бўлиб, луғатда .шошмасдан оқилона иш тутиш, ва .ёмонлик қилганга ёмонлик қайтармаслик, маъноларини билдиради.Уламолар ҳилмни давоми...

3325 05:00 / 28.02.2017
Покланиш, тикланиш ва хулқланиш босқичларини мувофақият ила ўтказган нафс кўзланган мақсадга эришади. Ундай нафс ўзидаги барча нуқсон ва кирларни кетказган, давоми...

3801 05:00 / 28.02.2017
...Исломда эса тавба осон иш эканини ўзимиз кўрдик. Лекин, ҳозир эрта, вақти келганда тавба қилиб олармиз, деган фикр энг ёмон фикр. Аллоҳ таоло билмасдан қилинган давоми...

9910 05:00 / 28.02.2017
Ҳикоя қиладиларки Бир одам чўлда кезиб юраркан, бир бадбашарани кўради ва ундан .Сен кимсан, ndash деб сўрайди. Бадбашара .Мен сенинг ёмон амалларингман, ndash дейди. У давоми...

3301 14:22 / 27.10.2018