Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (75-дарс). Закот беришнинг нозик одоблари

13:45 / 07.03.2020 3845 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Закот ибодатини адо этишда олий мақомларни истовчи банда риоя қилиши лозим бўлган нозик жиҳатлар ва асосан қалбга боғлиқ бўлган бир неча одоблар мавжуд.

Биринчи одоб: Закотдан кўзланган мақсаднинг энг нозик жойларини англаб етиш керак. Бу эса уч нарсадан иборатдир:

1. Ҳалокатга олиб борувчи бахиллик, зиқналик сифатидан покланиш.

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида марҳамат қилади:

ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ

«Ким ўз нафсининг зиқналигидан сақланса, ана ўшалар зафар топувчилардир» (9-оят).

Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада зиқналикдан сақланиш ҳам исломий фазилат эканини таъкидламоқда. Чунки зиқналик мўмин кишига асло ярашмайди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «لَا يَجْتَمِعُ الشُّحُّ وَالْإِيمَانُ فَي قَلْبِ مُؤْمِنٍ أَبَدًا». أَخْرَجَهُ الطَّبَرَانِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зиқналик ва иймон банданинг қалбида абадул-абад жам бўлмайди», дедилар».

Табароний ривоят қилган.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «اتَّقُوا الظُّلْمَ؛ فَإِنَّ الظُّلْمَ ظُلُمَاتٌ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَاتَّقُوا الشُّحَّ؛ فَإِنَّ الشُّحَّ أَهْلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ، حَمَلَهُمْ عَلَى أَنْ سَفَكُوا دِمَاءَهُمْ وَاسْتَحَلُّوا مَحَارِمَهُمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зулм қилишдан қўрқинглар! Чунки зулм қиёмат куни зулматлардир. Зиқналикдан қўрқинглар! Чунки зиқналик сиздан олдингиларни ҳалок қилган, уларни қон тўкишга ва ҳаром қилинган нарсаларни ҳалол санашга олиб борган», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

2. Аллоҳ таоло берган мол неъматининг шукрини адо қилиш.

Аллоҳ таоло бандага баданда ва молда неъмат беради. Баданий ибодатлар бадан неъматининг, молиявий ибодатлар мол неъматининг шукронасидир.

3. Аллоҳ таолога нисбатан муҳаббатни даъво қилувчидан ўзи яхши кўрган молини чиқариш ила мазкур муҳаббатни синаб кўриш.

Закотнинг яна бир номи «садақа»дир. Бизда «садақа» сўзи ихтиёрий хайр-эҳсонга нисбатан айтилса ҳам, у араб тилида закотни билдиради. Закотни садақа дейиш «садақа» сўзида тасдиқ маъноси борлиги учундир. Чунки ўз молидан иймон-ихлос билан закот чиқариб бериш кишининг иймони ҳақиқийлигига далолат қилади.

Иккинчи одоб: Риёкорлик ва хўжакўрсиндан узоқ бўлиш учун закотни махфий равишда чиқариш. Шу билан бирга, закотни кўз-кўз қилишда камбағални хижолат қилиш ҳолати бўлиши мумкинлигини ҳам унутмаслик. Агар закот бермади, деган маломатдан қўрқадиган бўлса, парво қилмайдиган камбағалга ошкора беради ва бошқаларга яширин беради.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ

«Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир» (271-оят).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهُ: الْإِمَامُ الْعَادِلُ، وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ رَبِّهِ، وَرَجُلٌ قَلْبُهُ مُعَلَّقٌ فِي الْمَسَاجِدِ، وَرَجُلَانِ تَحَابَّا فِي اللهِ اجْتَمَعَا عَلَيْهِ وَتَفَرَّقَا عَلَيْهِ، وَرَجُلٌ طَلَبَتْهُ امْرَأَةٌ ذَاتُ مَنْصِبٍ وَجَمَالٍ فَقَالَ: إِنِّي أَخَافُ اللهَ، وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ فَأَخْفَى حَتَّى لَا تَعْلَمَ شِمَالُهُ مَا تُنْفِقُ يَمِينُهُ، وَرَجُلٌ ذَكَرَ اللهَ خَالِيًا فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أبَا دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур: одил имом, ўз Робби ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда мен Аллоҳдан қўрқаман деган киши, садақани махфий қилиб, ҳатто ўнг қўли қилган нафақани чап қўли билмай қолган киши ва Аллоҳни холи қолиб эслаганда кўзидан ёш оққан киши», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзини юқори олган одам кибр аҳлидан бўлади. Камолот сифатларининг соҳиби бўлган одам ўзини бошқалардан юқори олмайди. Камолот сифатлари эса диний ва дунёвий давоми...

3580 20:00 / 26.02.2022
Ихлос амалларнинг мағзидир. Қилинган амалнинг қабул бўлиши ёки бўлмаслиги ундаги ихлоснинг бор ёки йўқлиги билан белгиланади. Шунинг учун ҳам ихлос мавзуси давоми...

2787 05:00 / 01.03.2017
116. Учта хато ҳаётимизда такрорланиб туради1. Вақтни зое қилиш.2. Фойдасиз нарсалар ҳақида гапириш.3. Аҳамиятсиз ишларга эътибор қаратиш.Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

4406 10:03 / 04.04.2017
.Адл, сўзи адолат, тўғри бўлиш, ҳақ ила ҳукм қилиш каби бир бирига яқин маъноларни англатади. Биз ўзимизга яқин бўлган адолат сўзини ишлатамиз.Уламолар адолатни давоми...

3649 05:00 / 28.02.2017