Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (65-дарс). Ислом илм дини

17:11 / 01.01.2020 3141 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Ислом илм дини эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Исломни ўрганиш учун ҳам илмга уриниш лозим. Барча исломий илмлар шу мақсадга хизмат қилади. Жумладан, биз баҳс қилиб турган мавзу учун ҳам илм энг муҳим омил эканини яна бир бор таъкидламоқчимиз.

Шу билан бирга, воқелигимиздан келиб чиқиб, минг афсуслар ила таъкидламоқчимизки, кўпчилигимиз илмга керакли масъулият билан қарай олмаймиз. Хусусан, диний таълимотларни ўрганишга бўлган эътиборимиз жуда ҳам ночор ҳолда. Кўпчилигимиз диний тушунчаларни ўзлаштириш учун тайёр турган китобни ўқишга ҳам дангасалик қиламиз.

Келгуси сатрларда ёритилажак илм ҳақидаги нарсалар кўпчилик учун илмга туртки бўлар, деган умиддамиз.

Мавзуни илмнинг луғатдаги маъноси билан танишишдан бошлайлик.

«Илм» сўзи араб тилида бир нарсанинг бошқасидан ажратиб турадиган белгиси маъносини англатади. Бинобарин, илм таълим ўрганувчининг кўп такрорлаши сабабли унинг шахсиятига таъсир ўтказувчи омил эканини билиб оламиз.

Луғат илмининг кўзга кўринган арбобларидан бири бўлган Ибн Манзур: «Илм жоҳилликнинг акси бўлиб, у бир нарсанинг бошқалардан ажралиб турувчи белгисини билиб олишдир», деган.

Илмнинг истилоҳий маъноси қуйидагича:

Журжоний ўзининг «Таърифот»ида: «Илм воқеликка мувофиқ бўлган жазмли эътиқоддир», деган.

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Илм бир нарсани худди ўзидек идрок қилишдир».

Илм ва унга боғлиқ маъноларни ифода этган ояти карималарнинг сони уч юз етмиш тўққизтадир. Биз ушбу ўринда уларнинг баъзиларинигина келтириб ўтамиз.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣﯤ

«Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» (28-оят). 

Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, махлуқотлардан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва Ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺﯻ

«Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?» (9-оят). 

Албатта, тенг бўлмайдилар. Биладиганлар иймон келтириб, ибодат қиладилар. Билмайдиганлар куфр келтириб, исён қиладилар.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади:

ﮣ ﮤ ﮥ ﮦﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ

«Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга фақат олимларнинг ақли етар» (43-оят).

Бу борадаги ҳадиси шарифларнинг адади жуда ҳам кўп. Биз намуна сифатида фақат бир нечтасини келтирамиз.

عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِيَ الله ُعَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ، وَإِنَّمَا أَنَا قَاسِمٌ وَاللهُ يُعْطِي، وَلَنْ تَزَالَ هَذِهِ الْأُمَّةُ قَائِمَةً عَلَى أَمْرِ اللهِ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَالَفَهُمْ حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ». رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос. Аллоҳ беради.

Модомики бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунича Аллоҳнинг амрида қоим бўлар экан, уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Дин таълимотларини яхши тушуниш банда учун катта бахт-саодат бўлиб, бу ҳолат Аллоҳ таоло унга яхшиликни ирода қилганига далолат қилади. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларининг давомида:

«Албатта, мен тақсимловчиман, холос. Аллоҳ беради», демоқдалар.

Яъни «Мен Аллоҳ таоло берган илмни етказаман, холос. Ҳақиқий илм берувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир».

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله ُعَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللهُ لَهُ بِهِ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ، وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ فِي بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللهِ يَتْلُونَ كِتَابَ اللهِ وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ إِلَّا نَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ، وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ، وَحَفَّتْهُمُ الْمَلَائِكَةُ، وَذَكَرَهُمُ اللهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўзаро ўргансалар, албатта, уларнинг устига сакина тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб оладилар ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

(Давоми бор)

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ иккинчи ҳижрий асарда 107ҳ187ҳ яшаб ўтган тасаввуфнинг кўзга кўринган вакилларидан, руҳий тарбиянинг етук машойихларидан бўлиб, Обидул давоми...

3629 05:00 / 01.03.2017
Имрон ибн Ҳусойндан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Агар Аллоҳ бир бандага неъмат берса, унинг асари ўша бандада зоҳир бўлишини яхши кўради,, давоми...

4536 19:00 / 30.04.2022
.Иймон, ndash эътиқод масалаларига оид илоҳий таълимотлар тўплами бўлиб, уни ўргатадиган илм .ақийда илми, деб аталади.Ислом динининг амалий қисми .шариат, дейилади. давоми...

5080 13:04 / 21.11.2018
136. Халқ сенинг зоҳирингга қарайди. Холиқ сенинг ботинингга назар солади. Шундай экан, одамлар қарайдиган жой ташқи кўринишингни зийнатлаб, Аллоҳ жалла жалалуҳу давоми...

4073 09:26 / 13.04.2017