Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (163-дарс). Риёдан сақланмоқчимисиз?

17:00 / 11.12.2021 2539 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Риёнинг муолажаси икки турли бўлади.

Биринчиси – унинг асл томирларини қўпориб ташлаш.

Иккинчиси – содир бўлиб турган риёни даф қилиш.

Биринчиси риёнинг асли обрў ва мартаба муҳаббатидир. Бу нарсанинг тафсилоти уч нарсага бориб тақалади.

1. Мақтов лаззати муҳаббати.

2. Танқид аламидан қочиш.

3. Одамлар қўлидаги нарсага тамагирлик қилиш.

Бунга имом Бухорий ва имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида келган бир ҳадис далилдир.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: الرَّجُلُ يُقَاتِلُ حَمِيَّةً، وَيُقَاتِلُ شَجَاعَةً، وَيُقَاتِلُ رِيَاءً، فَأَيُّ ذَلِكَ فِي سَبِيلِ اللهِ؟ قَالَ: «مَنْ قَاتَلَ لِتَكُونَ كَلِمَةُ اللهِ هِيَ الْعُلْيَا فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам келиб, Набий алайҳиссаломдан:

«Бир одам тарафкашлик учун урушади, ёки шижоати учун урушади, ёки риё учун урушади. Бунинг қайси бири Аллоҳ йўлида бўлади?» деди. У зоти бобаракот: «Ким Аллоҳнинг сўзи олий бўлиши учун урушга кирса, Аллоҳнинг йўлида урушган бўлади», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Тарафкашлик учун» дегани – танқиддан қўрқиб дегани.

«Шижоати учун» дегани зикр қилиниши ва мақталиши деганидир.

«Риё учун» дегани унинг кимлигини кўриб қўйишлари учун дегани. Мана шу обрў ва мартаба муҳаббати учун амал қилишдир.

Гоҳида инсон мақтовни истамаслиги мумкин. Аммо қораланишдан қўрқади. Бунга шижоатлилар ичига тушиб қолган қўрқоқ мисол бўлади. У қораланмаслик учун қочмай, собит туриши мумкин.

Шунингдек, илмсизликда айбланишидан қўрққан одам билмай туриб фатво бериб юбориши мумкин. Риёкорлик шу каби ҳолатларда ҳам содир бўлади.

Риёнинг асл томирларини қўпориб ташлашнинг йўли қандай бўлади?! Маълумки, инсон ўзи учун ҳозир ёки келажакда фойдали бўлган нарсаларга рағбат қилади. Агар у бир нарсанинг ҳозирда ҳузурбахш бўлса ҳам, кейин зарарли эканини билса, ундан рағбатини кесиши турган гап. Мисол учун, асалга заҳар қўшилганини билган одам ўйлаб ўтирмай, асалнинг лаззатидан воз кечади.

Риё ҳам худди шунга ўхшашдир. Агар инсон риёнинг бу дунё ва охиратдаги зарарларини англаб етса, уни тарк қилиши турган гап.

Инсон ўзига ўхшаган одамларнинг мақтови дея риё қилаётганида Роббининг мақтовидан маҳрум бўлишини ва азобига қолишини ўйласин.

Инсон ўзига ўхшаган одамларнинг қоралашидан қўрқиб риё қилаётганида Роббининг қораловидан ва азобидан қўрқсин.

Инсон ўзига ўхшаган одамларнинг қўлидаги нарсага тамагир бўлиб риёкорлик қилаётганида Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина ризқ берувчи Зот эканини ўйласин. Ундан ўзга ризқ берувчи йўқ.

Бандадан тамагир бўлган одам муродига етганда ҳам, хору зор бўлиши турган гап. Бас, шундай экан, қандай қилиб Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсани қўйиб, бандадаги нарсага тамагир бўлади?!

Бу борадаги фойдали даволардан бири нафсни ибодатни махфий қилишга ўргатишдир. Зотан, риёнинг давоси учун амалларни махфий қилишдан афзал чора йўқ.

Бу ишни амалга ошириш аввалига жуда ҳам қийин бўлади. Аммо бир муддат қийналиб бўлса ҳам, сабр қилиб борса, кейин иш осонлашиб кетади, Аллоҳ таоло унга мадад беради. Бандадан ҳаракат, Аллоҳдан баракот.

Иккинчиси – содир бўлиб турган риёни даф қилиш.

Ибодат пайтида пайдо бўладиган риёни даф қилишни ҳам ўрганиш лозим. Шайтон ибодат пайтида бандани тек қўймайди. У лаънати риё хотираларини эсга солиб туради. Шунинг учун банда нафсига қарши жиҳод қилиб туриши керак. Қаноат ва ўзини одамлар назаридан тушириш ила қалбидаги риё ўсадиган жойларни қўпориб ташламоғи лозим. Одамларнинг мақтовига ҳам, қораловига ҳам эътибор бермасин. «Одамлар билди нима-ю, билмади нима, Аллоҳ таолонинг Ўзи билса бўлди», десин.

Мақтов офатига рағбати қўзиб қолса, нафсига риё офатини ва Аллоҳ таолонинг ғазабига учрашини эслатсин.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тасаввуфнинг ўзи кишилар орасида турли тортишувларга сабаб бўлгани каби, бу сўзнинг луғавий маъноси ҳам аҳли тасаввуфнинг ва бошқаларнинг орасида анчагина давоми...

8329 10:04 / 24.10.2018
Тасаввуфга бўлган дастлабки алоқани камина ходимингиз хотирасидаги баъзи чизиқлар орқали англашга ҳаракат қилиб кўрайлик.Оққорани ажрата бошлаганимизда, давоми...

4849 14:29 / 18.10.2018
.Ғазаб, луғатда розиликнинг тескарисидир. Аслида, ғазаб шиддат ва қувват маъноларини англатади. Араблар қаттиқ харсангни .ғазба, дейишади. Ғазаб ҳам шундан давоми...

2027 17:35 / 25.07.2022
176. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу дедилар Агар қалбларимиз пок бўлганда, Роббимизнинг Каломига тўймаган бўлардикrdquo.177. Ишингни Аллоҳга топшир ва табассум қил давоми...

5114 17:50 / 06.05.2017