Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (12-дарс). Тариқат силсиласи

13:30 / 22.12.2018 4454 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, ҳар бир тариқатнинг ўз шайхидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган силсиласи бор. Мазкур силсилага кирувчи шайхлар ушбу тариқат асосларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилишда хизмат қилганлар. Бизда асосан нақшбандийлик тарқалгани учун ушбу тариқат силсиласини батафсилроқ ўрганиб чиқамиз.

1. Ҳазрати Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам

Одатда тасаввуф китобларида силсила зикр қилинганда биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари ва у зот алайҳиссаломнинг шамойиллари ва ахлоқи олиялари зикр қилинади. Ушбу маълумотлар бошқа алоҳида китобларда борлиги эътиборидан, биз бу ерда ҳар бир тариқат каби Нақшбандия тариқати ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалишини яна бир бор таъкидлаш билан кифояланамиз.

2. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

Милодий 572 санада Маккада туғилганлар. Милодий 635 санада Мадинада вафот этганлар.

У киши узунга яқин ўрта бўйли, таналари оқ, озғиндан келган, сочларига оқ оралаган, сийрак соқолли, кўзлари бир оз чуқур, юзлари нурли, озғин бўлишларига қарамай, қувватли, азму қарорли ва шижоатли киши эдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бўлиб иймон келтирган кишидирлар. У киши Исломда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг афзал шахс эканликларида шубҳа йўқ.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Одамлар ичида мен учун суҳбатида ва молида энг ишончлиси Абу Бакрдир. Агар мен ўзим учун Роббимдан бошқани халил тутадиган бўлсам, албатта Абу Бакрни тутар эдим. Чунки у Ислом би-родарлиги ва муҳаббатидир. Масжидда ҳеч бир эшик қолмасдан, ҳаммаси беркитилсин. Илло, Абу Бакрнинг эшиги бундан мустасно».

Бошқа бир ривоятда:

«Агар умматимдан халил тутадиган бўлсам, албатта Абу Бакрни тутар эдим. Лекин у биродарим ва соҳибимдир. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизнинг соҳибингизни халил тутгандир», дейилган.

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифдан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом умматининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг афзал шахси эканликлари яққол кўриниб турибди.

Шу билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу саҳобаи киромлар орасида ҳам энг илмлиси ва энг зеҳни ўткири бўлганликлари кўплаб ҳадисларда ривоят қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки марта:

«Аллоҳ мени сизларга юборганда, сизлар менга «Ёлғон айтдинг», дедингиз. Абу Бакр «Рост айтдингиз», деди. Ўзи сизлар менга соҳибимни тарк қиласизларми, йўқми?!» дедилар. Шундан сўнг унга ҳеч озор берилмади».

Бухорий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди. Сўнг у зот унга:

«Сен Аллоҳнинг дўзахдан атийқисан (озод қилганисан)», дедилар. Ўша кундан бошлаб у «атийқ» деб атала бошлади».

Термизий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ичида Абу Бакр бўлган қавмга ундан бошқа имом бўлиши мумкин эмас», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди ва қўлимдан етаклаб бориб, менга жаннатнинг умматим кирадиган эшигини кўрсатди», дедилар.

Шунда Абу Бакр:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳам сиз билан бўлиб, уни кўришни жуда ҳам истадим», – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Бакр, умматим ичидан жаннатга биринчи кирувчи албатта сен бўласан», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ибн Исҳоқ Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Ҳусайн Тамимийдан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Кимни Исломга даъват қилсам, албатта тўхташи ва иккиланиши бўлди. Фақатгина Абу Бакр кутиб турмади ва иккиланмади».

Бу – Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазлларига фазл қўшадиган улкан гувоҳликдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бизга хайр қилган ҳар бир қўлнинг мукофотини бермай қўймадик. Фақат Абу Бакр бундан мустасно. Унинг бизга қилган хайрлари бор. Унинг мукофотини қиёмат куни Аллоҳнинг Ўзи беради. Ҳеч кимнинг моли менга Абу Бакрнинг моли манфаат берганидек манфаат берган эмас», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга:

«Сен менинг ҳавздаги соҳибимсан ва ғордаги соҳибимсан», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу саҳобаи киромлар ичида энг зоҳидларидан бири эдилар.

Имом Аҳмад «Зуҳд»да Муҳаммад ибн Сийриндан ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа одамнинг еган таомини ўзини мажбурлаб қусиб юборганини билмайман. Унга бир таом келтирилган эди, ундан еди. Кейин унга:

«Буни Нўъмон розияллоҳу анҳу олиб келган эди», дейилди.

«Менга Ибн Нўъмоннинг коҳинликдан топганини егиздингизми?!» деди-да, ўзини мажбурлаб қусиб юборди».

Абу Нуъайм «Ҳуля»да Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бир қули бўлиб, у ишлаб, бир нарсалар топиб келар эди. Бир кеча у таом олиб келди. У киши ундан бир луқма тановул қилди. Қул унга:

«Сенга нима бўлди? Ҳар кеча мендан сўрар эдинг. Бу кеча сўрамадинг?» деди.

«Бунга мени очлик мажбур қилди. Буни қаердан топдинг?» деди у.

«Жоҳилият пайтида бир қавм олдидан ўтиб, уларга дам солган эдим. Ўшанда улар менга бирор нарса беришни ваъда қилишган эди. Бугун уларнинг олдиларидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан, ўша ваъда қилган нарсаларини беришди», деди қул. Абу Бакр:

«Мени ҳалок қилай дебсан-ку!» деди ва қўлини ҳалқумига тиқиб, қусишга урина бошлади. У нарса чиқмай туриб олди. Унга:

«Бу нарса фақат сув билан чиқади», дейишди. У бир жомда сув опкелтирди-да, ундан ичиб, қусишга уринди. Охири у нарсани чиқариб ташлади. Шунда унга:

«Аллоҳ раҳм қилсин, бир луқмани деб шунчалик қиласанми?!» дейишди. У эса:

«Агар бу луқма жоним билан қўшилиб чиқадиган бўлганида ҳам, албатта чиқарар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳаромдан ўсган ҳар бир жасадга олов ҳақлидир», деганларини эшитганман. Ушбу луқмадан жасадимда бирор ўсиш бўлиб қолмасин, деб қўрқдим», деди».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Нақшбандия тариқатининг асоси бўлмиш зикри хафийни, яъни овоз чиқармай, махфий зикр қилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғорда бирга турганларида олганлар. Ўша ондан бошлаб бир лаҳза ҳам ғофил бўлмай, Аллоҳ таолонинг зикрида бардавом бўлганлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу силсила омонатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар.

(давоми бор)

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
131. Саодатнинг тўрт қоидаси1. Сенинг ҳаққингда ҳар қанча хато қилса ҳам, ҳеч кимни ёмон кўрма2. Шаънинг ҳар қанча юксак бўлса ҳам, оддий яша3. Бало ҳар қанча кўпайса давоми...

4163 14:49 / 11.04.2017
Мурид бозорга кираётиб, қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқийди. . ,. . , . ,. .Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий давоми...

2224 12:30 / 29.12.2018
Ўзини юқори олган одам кибр аҳлидан бўлади. Камолот сифатларининг соҳиби бўлган одам ўзини бошқалардан юқори олмайди. Камолот сифатлари эса диний ва дунёвий давоми...

3483 20:00 / 26.02.2022
МАЪРИФАТ БОБИМаърифат Аллоҳ таоло бандаларига буюрган биринчи фарздир. Бунга ушбу ояти карима далилдир Жин ва инс оламини фақат Ўзимгагина ибодат қилиши учун давоми...

3412 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

118802 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40752 14:35 / 11.08.2021