Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كُنْتُ أَغْتَسِلُ أَنَا وَالنَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنْ إِنَاءٍ وَاحِدٍ كِلَانَا جُنُبٌ، وَكَانَ يَأْمُرُنِي فَأَتَّزِرُ فَيُبَاشِرُنِي وَأَنَا حَائِضٌ، وَكَانَ يُخْرِجُ رَأْسَهُ إِلَيَّ وَهُوَ مُعْتَكِفٌ فَأَغْسِلُهُ وَأَنَا حَائِضٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир идишдан икковимиз ҳам жунуб ҳолимизда ғусл қилар эдик. У зот менга амр этар эдилар, мен изор тутар эдим ва мени қучоқлар эдилар. Ўшанда мен ҳайз кўрган ҳолимда бўлар эдим. Эътикоф ўтирганларида бошларини чиқарар эдилар, мен ҳайзли ҳолимда уни ювиб қўяр эдим».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Бу ҳадиси шарифдан қуйидаги фойдаларни оламиз:
1. Жунуб бўлган эр-хотиннинг бир идишдан ғусл қилишлари жоизлиги.
2. Ҳайз кўрган аёлнинг эри уни изор устидан қучоқлаши мумкинлиги.
3. Масжидда эътикоф ўтирган одам бошини масжиддан чиқариб турса, ҳайз кўрган хотини уни ювиб қўйиши жоизлиги.
Кўриниб турибдики, ҳайз кўрган аёлдан жирканиш, уни четлатиш маънолари Исломда йўқ.
عَنْ مَيْمُونَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُبَاشِرُ نِسَاءَهُ فَوْقَ الْإِزَارِ وَهُنَّ حُيَّضٌ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.
Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларини ҳайзли пайтларида изор устидан қучоқлар эдилар».
Учалалари ривоят қилганлар.
Ҳайз кўрган аёлни қучоқлаш учун у аёл изор тутган бўлиши шартлиги аввалги ҳадисда ҳам айтилган эди, бу ҳадисда ҳам айтилмоқда.
وَعَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَضْطَجِعُ مَعِيَ وَأَنَا حَائِضٌ وَبَيْنِي وَبَيْنَهُ ثَوْبٌ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан бирга ётар эдилар. Мен ҳайзли бўлсам, орамизда кийим бўлар эди».
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар.
Бу ҳадисда ҳам олдинги ҳадисларда зикр қилинган маъно таъкидланмоқда. Ҳайз кўрган аёлни кийим устидан қучоқлашни шарт қилишнинг ҳикмати ҳаром қилинган нарсанинг олдини олиш, ҳайзли аёлга жинсий яқинлик қилишдан тийилишдир.
وقَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: كُنْتُ أَنَا وَرَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَبِيتُ فِي الشِّعَارِ الْوَاحِدِ وَأَنَا حَائِضٌ طَامِثٌ فَإِنْ أَصَابَهُ مِنِّي شَيْءٌ غَسَلَ مَكَانَهُ لَمْ يَعْدُهُ ثُمَّ صَلَّى فِيهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
«Мен ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккимиз бир (ички) кийимда тунар эдик. Ҳолбуки, мен ҳайзли бўлиб, қон оқиб турган бўлар эди. Агар мендан у зотга бирор нарса тегса, ўша жойни ювар эдилар. Бошқа жойга ўтмас эдилар. Сўнгра ўша кийим ила намоз ўқир эдилар.»
Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилганлар.
Бу ҳадисдан оладиган фойдалар очиқ кўриниб турибди:
1. Ҳайз кўрган аёл билан кечаси бирга ётиш мумкинлиги.
2. Ҳайз кўрган аёл билан бир ички кийимда ётиш мумкинлиги.
3. Ҳайз қони теккан кийимнинг қон теккан жойини ювиб ташлаб, унда намоз ўқиш мумкинлиги.
وَعَنْهَا قَالَتْ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَاوِلِينِي الْخُمْرَةَ مِنَ الْمَسْجِدِ، فَقُلْتُ: إِنِّي حَائِضٌ، فَقَالَ: إِنَّ حَيْضَتَكِ لَيْسَتْ فِي يَدِكِ فَنَاوَلْتُهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Масжиддан «хумра»ни олиб юбор», дедилар.
«Ҳайзлиман», дедим. У зот:
«Ҳайзинг қўлингда эмас», дедилар.
Бас, олиб бердим».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
«Хумра» – бу хурмонинг баргидан қилинган кичик жойнамоз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан масжиддаги кичик жойнамозни олиб беришни сўраганлар. Оиша онамиз ҳайзли эканликларини эслатиб, узр айтганлар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Ҳайзинг қўлингда эмас», деганлар.
Яъни бу, олиб берсанг бўлаверади, деганлари эди. Шундан сўнг Оиша онамиз жойнамозни олиб бердилар.
Кўриниб турибдики, Оиша онамиз масжидга кирмаганлар. Фақат масжидга қўлларини узатиб, жойнамозни олиб берганлар. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олиб юбор, дейишларидан ҳам тушунсак бўлади. Айниқса, «ҳайзинг қўлингда эмас» деганлари мазкур маънога очиқ-ойдин далолат қилиб турибди. Бу, сенинг ўзинг ҳайзлисан ва масжидга кира олмайсан, аммо қўлинг ҳайзли эмас, уни масжидга киргизсанг бўлаверади, деганларидир. Маълумки, Оиша онамизнинг ҳужралари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига ёпишган эди. Шундан остона ёки туйнукка яқин турган жойнамозни қўлни узатиб олиш мумкин бўлган.
Бу ҳадисдан ҳайзли аёл қўлини масжид ичига узатиб, бирор нарсани олиши мумкинлигини билиб оламиз.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.