Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарси (63-дарс). Ислом шариати икки дунё­ бахт-саодатидир

15:05 / 11.12.2019 4168 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﮂ ﮃ ﮄ ﮅﮆ.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ва сизга Исломни дийн деб рози бўлдим» («Моида» сураси, 3-оят).

Бу жумла Моида сурасидаги оятдан бир бўлакдир. Айни ушбу жумланинг «Диннинг фазилатлари»ни англаб етишимиз учун уни мазкур оятдаги яна бошқа баъзи жумлалар билан бирга ўрганишимизга тўғри келади.

Мазкур оятда Аллоҳ таоло айтади:

«Бугунги кунда Мен сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб, рози бўлдим».

Бу ояти карима Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажларида тушган. У нозил бўлганида ҳамма саҳобалар «Динимиз мукаммал бўлди, Аллоҳ бизга неъматини батамом қилиб берди, Исломни дин деб рози бўлди», деб чексиз қувондилар.

Диннинг мукаммал қилингани, неъматнинг батамом этиб берилгани ва Исломни дин деб рози бўлингани тўғрисидаги хабар нафақат ўша замон мусулмонлари ёки Ислом уммати, балки бутун инсоният учун катта хурсандчилик ва башорат эди.

Бу улкан шодлик хабари инсоният ўзининг узоқ тарихи давомида саодат излаб қилган ҳаракат ва уринишларига тож кийдириб, гўзал натижа берган эди. Инсониятнинг яратган холиқи Аллоҳ таоло уни аста-секин тарбия қилиб келди. Ҳамма авлодларга Исломни дин қилиб берган бўлса ҳам, ҳар замон ва маконга ўзига хос шариат берди.

Биринчи Пайғамбар Одам Атога берилган шариат ўша даврдаги содда ҳаётга мос ва ўша вақт воқеълигини ҳисобга олган содда шариат эди. Ке­йинги даврларда ҳам Аллоҳ таоло худди шу қоида асосида ҳар замоннинг, маконнинг ва жамиятнинг ўзига хос ҳолатларини эътиборга олиб, шариатлар юбориб турди. Табиийки, кейин келган шариат ўзидан аввалгисидан кўра мукаммалроқ бўлар эди. Аввалги Пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Уларнинг Пайғамбарликлари, шариатлари маълум муддатга, маълум маконга ва маълум жамият ёки қавмга хос эди. Шу тариқа кўплаб Пайғамбарлар, шариатлар юборилди.

Ниҳоят, инсоният ўз камолига етган пайтда, Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга самовий китобларининг сўнггиси – Қуръони Каримни нозил қилди ва у орқали жами инсоният учун, ҳар замон ва ҳар маконга салоҳияти бор Ислом шариатини жорий этди. Бу эса инсониятга улуғ шараф эди. Ана шу охирги шариатнинг мукаммал таълими ва татбиқи йигирма уч йил давом этди.

Динимизнинг бошланиши Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бўлган бўлса, давоми Мадинаи Мунаввара ва атрофларида, мукаммал бўлиши видолашув ҳажида – ушбу биз ўрганаётган оятнинг нозил қилиниши биландир. Ва ниҳоят, Оламларнинг Робби Ўзининг мўмин-мусулмон бандаларига:

«Бугунги кунда Мен сизга дийнингизни мукаммал қилиб бердим», деб хитоб қилди.

Кимки Ислом шариатини ҳаётига дастур қилиб олса, илоҳий дастурни олади, баркамол дастурни олади. Унинг ақийдаси баркамол бўлади. Маънавий ҳаёти баркамол бўлади. Таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, иқтисоди, ижтимоий ҳаёти, турли алоқалари, тузумлари баркамол бўлади. Икки дунё­даги бахт-саодати баркамол бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким .Лаа илааҳа иллаллоҳу, десаю, қалбида арпа дони давоми...

4796 14:05 / 12.02.2020
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Пайғамбарлик васфлари ила содир бўлган, мусулмонлар амал қилишлари лозиму лобуд бўлган, шаръий аҳкомларга давоми...

3730 16:52 / 08.04.2016
. . Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ мен орқали юборган ҳидоят давоми...

2960 17:00 / 12.01.2022
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, .Менга шундай бир амални айтингки, уни қилсам, давоми...

7063 16:11 / 15.04.2017