Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (141-дарс). Набий алайҳиссаломнинг амаллари доимий эди

18:39 / 16.06.2021 2381 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

- وَسُئِلَتْ عَائِشَةُ: هَلْ كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم يَخُصُّ شَيْئًا مِنَ الْأَيَّامِ؟ قَالَتْ: لَا، كَانَ عَمَلُهُ دِيمَةً وَأَيُّكُمْ يَسْتَطِيعُ مَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَسْتَطِيعُ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари бор эдими?» деб сўралди.

«Йўқ! У зотнинг амаллари доимий эди. Сизлардан қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қодир бўлган нарсага қодир бўла олар эди», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиздан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари ҳақидаги баён келмоқда.

Саҳобаи киромлар доимий равишда Оиша онамиздан турли нарсаларни сўраб туришар эди. У киши жуда кўп нарсаларни билар эдилар. Пайғамбаримиз билан доимо бирга бўлиш, етук ақл соҳибаси бўлиш Оиша онамизга кўп нарсаларни билиб олиш имконини берган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам кўп нарсаларда, катта саҳобалар еча олмай қолган масалаларда ҳам Оиша онамизга мурожаат қилинар эди. Ана шундай пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари ҳақида ҳам сўрар эдилар. Шундай саволларнинг бирида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари бор эдими?» деб сўралди.

Яъни, маълум бир куни, маълум бир ибодатни хос қилиб қўйишни одат қилган эдиларми, деб сўралди. Оиша онамиз:

«Йўқ», деб жавоб бердилар.

Демак, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай одатлари бўлмаган. Унда қандай бўлган? Бу саволга жавоб Оиша онамизнинг жавоблари давомида келади:

«У зотнинг амаллари доимий эди».

Яъни, бир кун амал қилиб, бошқа куни ташлаб қўймас эдилар. Оз бўлса ҳам бардавом амал қилар эдилар.

«Сизлардан қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қодир бўлган нарсага қодир бўла олар эди», дедилар.

Яъни, қайси бирингиз ана шундай доимий равишда амал қила олар эдингиз.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Олима аёллардан илм сўраса мумкинлиги.

2. Оиша онамизнинг фазллари.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларни хос қилиб, бирор нафл ибодат учун ажратмаганликлари.

4. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишни қилсалар, доимий равишда қилганликлари.

5. Бошқа кишилар ҳар қанча уринсалар ҳам, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даражасига ета олмаслиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Билол ибн Ҳорисга .Билиб қўй, эй Билол, дедилар. .Нимани билишим керак, эй давоми...

9243 16:15 / 16.03.2017
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Биздан бир нарсани эшитиб, уни худди эшитганидек қилиб етказган одамни Аллоҳ давоми...

2615 16:00 / 02.02.2022
. . . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳўлни кўрган, лекин эҳтиломни эслай олмаган одам давоми...

1630 19:00 / 14.06.2023
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсаси каби, давоми...

2737 19:00 / 01.12.2021