Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Мўмин-мусулмон одам нажас бўлмайди | Ҳадис дарслари (245-дарс)

19:00 / 31.08.2023 1304 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَقِيَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّةً فِي طَرِيقٍ مِنْ طُرُقِ الْمَدِينَةِ وَأَنَا جُنُبٌ فَاخْتَنَسْتُ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَانْسَلَلْتُ فَذَهَبْتُ فَاغْتَسَلْتُ ثُمَّ جِئْتُ، فَقَالَ: أَيْنَ كُنْتَ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ؟ قُلْتُ: إِنِّي كُنْتُ جُنُبًا فَكَرِهْتُ أَنْ أُجَالِسَكَ عَلَى غَيْرِ طَهَارَةٍ، قَالَ: سُبْحَانَ اللهِ! إِنَّ الْمُسْلِمَ لَا يَنْجُسُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Мадинанинг йўлларидан бирида йўлиқиб қолдилар. Мен жунуб эдим, ўзимни четга олдим».

Бошқа ривоятда:

«(Билдирмай четландим). Бориб, ғусл қилиб келдим. У зот:

«Эй Абу Ҳурайра, қаерда эдинг?» дедилар. Мен:

«Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолимда ўтиришни ёқтирмадим», дедим. У зот:

«Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас», дедилар», дейилган.

Ҳадисда жунубликнинг ҳукмини тўлиқ билмайдиган одамнинг холи баён қилинмоқда. Жунублик ҳақидаги дастлабки маълумотларни эшитган одамда кўпгина ғалати фикрлар тўпланиб қолади. Жумладан, баъзилар жунуб одамни кўрган одам ҳам жунуб бўлиб қолар экан, фалон бўлар экан, пистон бўлар экан, деган эътиқодларни қилиб, ноўрин гапларни айтиб юрадилар. Аслида ундай эмаслигини ушбу ҳадисдан билмоқдамиз.

Мадинаи Мунавваранинг йўлларидан бирида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқиб қолган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам шунга ўхшаш хаёлга борганлар. Яъни, жунуб ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўриниб, у киши билан ўтириб бўлмайди, деган фикрга бориб, бекиниб олган эдилар. У киши бориб, ғусл қилиб келганларидан кейин бўлиб ўтган ишнинг мулоҳазасини қилиб турган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Ҳурайра, қаерда эдинг?» деб сўрадилар.

Бу юксак одоб намунасидир. Нима учун мени кўриб, бекиниб олдинг? Ёки ҳа, фалон ҳолатда эдингми, демай, «Қаерда эдинг?» дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса тўғрисини айтдилар:

 «Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолимда ўтиришни ёқтирмадим», дедилар.

Бу у кишининг ҳаққи эди. Ўз ҳолатини хоҳласа, айтсин, хоҳласа, беркитсин эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўз ҳолатларини ва фикрларини очиқчасига айтишни раво кўрдилар ва айтдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг фикрлари нотўғри эканлигини баён қилиб:

«Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас», дедилар».

«Субҳаналлоҳ»нинг луғавий маъноси «Аллоҳни поклаб, ёд этаман» бўлиб, гоҳида ажабланиш маъносидаги гап ўрнида ҳам ишлатилади. Мусулмон одам нажас бўлмас, у жунуб бўлади. Жунублик эса уни намоз ўқиш, Қуръон ушлаш каби баъзи нарсалардан четда туришини тақозо қиладиган ҳолатдир. Жунублик инсонни нажасга айлантириб қўймайди. Биров билан гаплашиш, сўрашиш ёки бирга ўтиришини ман қилмайди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ғусл вожиб бўлгандан кейин кўчага чиқиб юриш жоизлиги.

2. Гарчи ғусл вожиб бўлиши билан уни қилиб олиш яхши бўлса ҳам, бир оз ортга суриш мумкинлиги. Лекин ортга суриш намоз вақтидан чиқиб кетиш даражасида бўлмаслиги керак.

3. Раҳбар, олим одам ўзига тобеъ кишиларда нотўғри иш содир бўлганини мулоҳаза қилса, ундан сўраб, тўғри йўлни кўрсатиб қўйиши лозимлиги.

4. Мўмин-мусулмон одам нажас бўлмаслиги.

5. Жунуб одам бошқалар билан кўришиши, бирга ўтириши мумкинлиги.

Шунингдек, оғзи ва бурнини яхшилаб чайиб олиб, ичимлик ва таом тановул қилиши ҳам мумкин.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан жорий садақадан, давоми...

2658 19:30 / 18.05.2022
Аввало .Суннат, ўзи нима эканлигини билиб олиш лозим. Суннат ва Ҳадис бирбирининг ўрнида ишлатиб келинган истилоҳлардир. Уларга яхшилаб диққат қилинса, Ҳадис давоми...

16196 15:31 / 16.08.2018
Ислом арконлари 12тавсия Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Бир куни давоми...

11158 17:00 / 08.04.2016
Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон ибн Шофеъ ибн Соиб ибн Абдулязид ибн Ҳошим ибн Мутталиб ибн Абдуманоф кунялари Абу Абдуллоҳ алҚурайший ҳижратнинг 150 йили давоми...

3796 17:00 / 12.06.2019