Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намознинг фазилати | Ҳадис дарслари (267-дарс)

19:00 / 31 январь 866 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: إِنِّي افتَرَضْتُ عَلَى أُمَّتِكَ خَمْسَ صَلَوَاتٍ، وَعَهِدْتُ عِنْدِي عَهْدًا أَنَّهُ مَنْ جَاءَ يُحَافِظُ عَلَيْهِنَّ لِوَقْتِهِنَّ أَدْخَلْتُهُ الْجَنَّةَ، وَمَنْ لَمْ يُحَافِظْ عَلَيْهِنَّ فَلَا عَهْدَ لَهُ عِنْدِي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен Ўзимга Ўзим: «Ким уларни муҳофаза қилиб, ўз вақтида ўқиб келса, албатта жаннатга киритаман», деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир», деди», деб айтдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси қудсий бўлиб, уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилмоқдалар.

Ушбу ҳадиси қудсийдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига беш вақт намозни фарз қилганлиги.

2. Ким беш вақт намозини ўз вақтида яхшилаб ўқиса, Аллоҳ таоло уни албатта жаннатга киритиши.

3. Ким беш вақт намозни ўз вақтида яхшилаб ўқимаса, унга Аллоҳ томонидан яхши ваъда бўлмаслиги.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَرَأَيْتُمْ لَوْ أَنَّ نَهَرًا بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ مِنْهُ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسَ مَرَّاتٍ هَلْ يَبْقَى مِنْ دَرَنِهِ شَيْءٌ؟ قَالُوا: لَا يَبْقَى مِنْ دَرَنِهِ شَيْءٌ، قَالَ: فَذَلِكَ مَثَلُ الصَّلَوَاتِ الْخَمْسِ يَمْحُو اللهُ بِهِنَّ الْخَطَايَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Айтинглар-чи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» дедилар.

«Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди», дейишди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ҳадиси шарифдан намознинг фазилати ва гуноҳларнинг ювилиши бобида унинг тутган ўрни яққол аён бўлмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу маънони яхшироқ тушунтириш учун мисол келтирмоқдалар.

Бировнинг эшиги олдидан анҳор оқиб турса-ю, у одам ўша анҳорда ҳар куни беш маҳал ювиниб турса, унда кир қолмайди. Худди шунингдек, ҳар куни беш маҳал намоз ўқиган одамнинг ҳам гуноҳлари ювила-ювила, гуноҳдан асар ҳам қолмайди.

Ким бир маҳал намозни ўқимаса, унинг гуноҳларидан бир қисми тўкилмай қолиши аниқ. Икки маҳални ўқимаса, яна ҳам кўпроқ қолади ва ҳоказо. Бир кунги намозларини ўқимаса, анчагина кир тўпланади. Бир ҳафта ўқимаса, бир ой ўқимаса, бир йил ўқимаса, нима бўлиши маълум. Бир умр ўқимаганлар эса бир умр ювинмаган одамдан кўра бир неча миллион марта жирканч ҳолга келади. Чунки баданнинг кири – моддий кир, намоз ўқимаганнинг кири эса маънавий, руҳий кирдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шаръий масалаларни тушунтириш учун мисоллар келтириш яхшилиги.

2. Намознинг ўта фазилатли эканлиги.

3. Намоз туфайли банданинг гуноҳлари ювилиши.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин давоми...

4356 18:30 / 02.06.2021
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган ҳолда қўлларидаги чўп билан чизар эдилар. Бас, у зот бошларини давоми...

3749 13:09 / 24.06.2020
. . . Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.У киши ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1693 00:00 / 02.12.2022
Аллоҳ таолога сажда қилишнинг фазли 5тавсия Маъдон ибн Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари озод давоми...

5369 05:00 / 11.03.2017