Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Беш вақт намознинг вақтларини билиш лозимлиги | Ҳадис дарслари (277-дарс)

19:00 / 11 апрель 557 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ وَقْتِ الصَّلَوَاتِ، فَقَالَ: وَقْتُ صَلَاةِ الْفَجْرِ مَا لَمْ يَطْلُعْ قَرْنُ الشَّمْسِ الْأَوَّلُ، وَوَقْتُ صَلَاةِ الظُّهْرِ إِذَا زَالَتِ الشَّمْسُ عَنْ بَطْنِ السَّمَاءِ مَا لَمْ يَحْضُرِ الْعَصْرُ، وَوَقْتُ صَلَاةِ الْعَصْرِ مَا لَمْ تَصْفَرَّ الشَّمْسُ وَيَسْقُطْ قَرْنُهَا الْأَوَّلُ، وَوَقْتُ صَلَاةِ الْمَغْرِبِ إِذَا غَابَتِ الشَّمْسُ مَا لَمْ يَسْقُطِ الشَّفَقُ، وَوَقْتُ صَلَاةِ الْعِشَاءِ إِلَى نِصْفِ اللَّيْلِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. Бас, у зот:

«Бомдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча, Пешин намозининг вақти қуёш осмон қорнидан заволга кетганидан Асрнинг вақти киргунича, Аср намозининг вақти қуёш сарғайиб, аввалги шохи ботгунича, Шом намозининг вақти қуёш ғойиб бўлганидан шафақ тушгунича, Хуфтон намозининг вақти кечанинг ярмигача», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асосан, ҳар бир намознинг охирги вақтини баён қилмоқдалар. Эҳтимол, савол намозларнинг охирги вақти ҳақида бўлгандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни баён қилиб, шомнинг охирги вақти шафақ ғойиб бўлгунича бўлса ҳам, олдинги вақтида ўқиш яхшилигини таъкидлаган бўлишлари мумкин. Хуфтоннинг охирги вақти ушбу ҳадис айтилган пайтда кечанинг ярмигача бўлган бўлса ҳам, кейинчалик тонг отгунича, деб ҳисобланган.

وَسُئِلَ جَابِرٌ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنْ صَلَاةِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: كَانَ يُصَلِّي الظُّهْرَ بِالْهَاجِرَةِ، وَالْعَصْرَ وَالشَّمْسُ حَيَّةٌ، وَالْمَغْرِبَ إِذَا وَجَبَتْ، وَالْعِشَاءَ إِذَا كَثُرَ النَّاسُ عَجَّلَ وَإِذَا قَلُّوا أَخَّرَ، وَالصُّبْحَ بِغَلَسٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари (вақти) ҳақида сўралди.

«Бас, у киши:

«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни қуёш қиздирган пайтда, Асрни қуёш тирик турганида, Шомни қуёш ботганида, Хуфтонни одамлар кўп бўлса, эртароқ, оз бўлса, кечроқ, Бомдодни тонг қоронғисида ўқир эдилар», деди».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ўзлари кўрган ҳолатни баён қилмоқдалар. У кишининг айтишларича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда Пешин намозини заволдан кейин, қуёш қиздирган пайтда ўқир эканлар.

Арабларда бу вақт «ҳожира» дейилади. Бунда ҳижрат маъноси бўлиб, ҳаво исиб кетганлиги учун ҳамма ишини ташлаб, уйига қараб ҳижрат қиладиган — қочадиган вақти бўлади.

«Асрни қуёш тирик турганида» ўқир эканлар.

Бу – қуёшнинг ранги ҳам, иссиқлиги ҳам ўзгармай турганида, яъни ботишига яқинлашмай туриб, деганидир. Кўриниб турибдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аср намозини ҳам худди Пешин каби олдинги вақтида ўқиган эканлар.

«Шомни қуёш ботганида» ўқир эканлар.

Бу ҳам бошқа намозлар каби дастлабки вақтида ўқишдир.

«Хуфтонни одамлар кўп бўлса, эртароқ, оз бўлса кечроқ» ўқир эканлар.

Хуфтонда вақт бемалол бўлгани ва иш ёки дам олишга шошилинмагани учун у жамоат етарли бўлса, эртароқ, бўлмаса, одам кўпайишини кутиб, кечроқ ўқилар экан.

«Бомдодни тонг қоронғисида ўқир эдилар».

Тонг отганидан кейинги қоронғилик даври ҳам Бомдод намозининг олдинги вақти ҳисобланади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Беш вақт намознинг вақтларини билиш лозимлиги.

2. Намозни вақти кириши билан ўқишга шошилиш кераклиги.

Бошқа ривоятларда Пешинни бир оз ҳаво совиганда, Бомдодни ёруғлик яхши тарқаганда ўқиш ҳам зикр этилган.

3. Жамоатни кўпайтиришни кутиб туриш жоизлиги.

4. Олим кишилардан савол сўраб туриш кераклиги.

5. Сўралган нарсанинг ўзига жавоб бериш жоизлиги.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2. .Алҳамдулиллаҳи, тарозини тўлдирур. Мўминмусулмон одам .Алҳамдулиллаҳи, Аллоҳга мақтовлар бўлсин деган жумлани ихлос билан айтиши жуда ҳам савобли саналади. давоми...

2055 19:00 / 27.07.2022
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Абу Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Яздабиҳ алБухорий ҳижратнинг 194 йили Шаввол ойининг 13си, жума кунида Бухорода таваллуд давоми...

6947 21:10 / 03.04.2019
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. давоми...

2788 16:30 / 24.03.2021
Илм талабининг фазилати 3тавсия Қабиса ибн Мухориқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. У зот .Эй давоми...

4337 05:00 / 28.02.2017