Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Нажотга эришиш учун беш вақт намозни ўқиш керак | Ҳадис дарслари (266-дарс)

19:00 / 24 январь 1427 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الصَّنَابِحِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: زَعَمَ أَبُو مُحَمَّدٍ أَنَّ الْوِتْرَ وَاجِبٌ، فَقَالَ عُبَادَةُ بْنُ الصَّامِتِ: كَذَبَ أَبُو مُحَمَّدٍ، أَشْهَدُ أَنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: خَمْسُ صَلَوَاتٍ افْتَرَضَهُنَّ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ، مَنْ أَحْسَنَ وُضُوءَهُنَّ وَصَلَّاهُنَّ لِوَقْتِهِنَّ وَأَتَمَّ رُكُوعَهُنَّ وَخُشُوعَهُنَّ كَانَ لَهُ عَلَى اللهِ عَهْدٌ أَنْ يَغْفِرَ لَهُ، وَمَنْ لَمْ يَفْعَلْ فَلَيْسَ لَهُ عَلَى اللهِ عَهْدٌ، إِنْ شَاءَ غَفَرَ لَهُ وَإِنْ شَاءَ عَذَّبَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Муҳаммад «Витр намози вожиб», деб даъво қилди. Бас, Убода ибн Сомит:

«Абу Муҳаммад хато қилибди. Гувоҳлик бераманки, албатта мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ азза ва жалла беш вақт намозни фарз қилди. Кимда-ким улар учун таҳоратни чиройли қилса, беш вақт намозни  фарз вақтида, рукуъ-хушуъсини жойига келтириб ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида уни мағфират қилиш аҳди бўлур. Ким қилмаса, унга Аллоҳнинг зиммасида аҳд бўлмайди. Хоҳласа, мағфират қилади, хоҳласа, азоблайди», деганларини эшитганман», деди».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:

Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий улуғ тобеъинлардан эдилар.

Абу Умар айтадилар:

«Бу киши Абу Абдуллоҳ ас-Санобиҳий бўлиб, асл исмлари Абдурраҳмон ибн Усайладир. Бу зот Расулуллоҳ билан кўришмаганлар. Йўлда Пайғамбаримизнинг зиёратларига кетаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган эдилар».

Абдуллоҳ ибн ас-Санобиҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадислар ривоят қилдилар. Бу киши ривоят қилган ҳадислардан баъзиларини уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Ривоятдаги «Абу Муҳаммад «Витр намози вожиб», деб даъво қилди» деган жумладаги Абу Муҳаммад ансорий саҳобалардан биридирлар.

Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаб уламолари ушбу ривоятни далил қилиб, «Витр намози вожиб эмас», дейдилар.

Масалани тўғрироқ тушунишимиз учун Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда амаллар фақат фарз ва суннатга бўлинишини, Ҳанафий мазҳабида эса фарз, вожиб ва суннатга ажратилишини эслаб қўймоғимиз керак. Бошқа мазҳабларда фарз билан вожиб бир нарса бўлиб, бу икки истилоҳ бир-бирининг ўрнида ишлатилаверади. Ҳанафий мазҳабида эса фарз билан вожиб алоҳида нарсалар ҳисобланади. Вожиб суннатдан кучли, аммо фарз бўлишига далилининг қуввати етмай қолган ҳукмдир.

Ҳадисдаги сўзларга эътибор берадиган бўлсак, витрнинг вожиб ёхуд вожиб эмаслиги ҳақида сўз юрита туриб, унинг вожиб эмаслигига Аллоҳ таолонинг фақат беш вақт намозни фарз қилганлиги далил сифатида келтирилмоқда.

Демак, вожиб ва фарз калималари «фарз» маъносида ишлатилмоқда. Бу ерда ҳанафийларнинг витрни вожиб деганлари маъносида сўз йўқ.

Ҳанафий уламолар «Витр намози вожибдир», деган гапни ўз хаёлларидан чиқариб эмас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига суяниб айтганлар.

Саккизта саҳобийдан, шу жумладан, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ сизларга бир намозни зиёда қилди. У – витрдир», деганлар. Бу – беш вақт фарз намозлар устига яна бир намозни зиёда қилди, деганларидир.

Имом Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Витр ҳар бир мусулмонга ҳаққу вожибдир», деганлар.

Кўриниб турибдики, витр намозининг савияси суннат намозининг савиясидан юқоридир. Агар шундай бўлмаса, ушбу ҳадислар айтилмас эди. Шу билан бирга, бу ҳадисларнинг кучи фарз намозларига далил бўлган оят ва ҳадисларнинг далиллик кучи даражасида эмас. Шунинг учун Ҳанафий уламолар витр намозини вожиб деб, уни фарз намозидан кейинги, суннат намозидан олдинги ўринга қўйганлар.

Ҳадисни ўқибоқ, «Ҳанафийларнинг хатосини топдик, улар витр намозини вожиб деб нотўғри айтишган экан», дея жар солишга ошиқмайлик. Бунинг устига, Абу Муҳаммад розияллоҳу анҳу ҳам саҳобий, у кишининг витрни вожиб деб айтишлари ҳам бежиз эмас. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу эса «Абу Муҳаммад розияллоҳу анҳу витрни олтинчи фарз намоз, деган», деб ўйлаб раддия қилмоқдалар. Ҳолбуки, ҳеч ким олти вақт фарз намоз бор, демаган.

Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам витрни олтинчи фарз намоз деганлари йўқ. Улар Хуфтондан кейин ўқиладиган витр намозини вожиб намоз, деб таърифлаганлар, холос.

Уларнинг энг кучли далилларидан бири шуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу намозни ҳеч қачон тарк қилмаганлар. Бу эса ушбу намознинг суннат намози эмаслигини яққол кўрсатади. Буни бошқа мазҳаблар ҳам таъкидлайдилар. Энг муҳими, витрни вожиб деганлар ҳам, суннат деганлар ҳам бу намозни тарк қилмай, ўқиш зарурлигини таъкидлаб айтадилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таоло беш вақт намозни фарз қилганлиги.

2. Таҳоратни яхшилаб қилиб, намоз ўқиш муҳимлиги.

3. Намознинг рукуъ ва бошқа арконларини жойига қўйиб ўқиш лозимлиги.

4. Намозда хушуъ ва хузуънинг муҳимлиги.

5. Аллоҳ таоло намозни мукаммал ўқиган одамни мағфират қилишга ваъда берганлиги. Зотан, Аллоҳ таоло ваъдасига хилоф қилмайдиган Зотдир.

6. Намозни хушуъ ва хузуъ ила ўқимаган одамга Аллоҳ мағфират қилишни ваъда бермаганлиги.

Демак, нажотга эришиш учун беш вақт намозни канда қилмай ўқиш керак. Ўқиганда ҳам яхшилаб, арконларини жойига келтириб, хушуъ ва хузуъ билан ўқишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Ана шундагина бу ибодатни Аллоҳ таолонинг мағфират қилиш ҳақидаги ишончли аҳди даражасига етказган бўламиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Ибн Аббосдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани давоми...

4534 13:35 / 18.03.2020
. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Таҳорат учун Валҳон деб айтиладиган шайтон бор. Сув давоми...

2277 19:00 / 29.03.2023
Бу иш ҳам фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалардандир. Аллоҳ Ўзининг шомил илми ила барча жонзотнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини аниқ давоми...

4218 13:08 / 26.08.2020
.Қиёмат соати қачон бўлади, деган саволга бирданбир тўғри жавоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифда берган жавобларидир. Бу жавоб давоми...

4960 14:40 / 26.07.2019