Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (128-дарс). Қуръон ва Суннатга хилоф нарсалар бидъатдир

14:00 / 17.03.2021 2852 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَصْدَقَ الْحَدِيثِ كِتَابُ اللهِ، وَأَحْسَنَ الْهَدْيِ هَدْيُ مَحَمَّدٍ،    وَشَرُّ الْأُمُورِ مُحْدَثَاتُهَا، وَكُلُّ مَحْدَثَةٍ بِدْعَةٌ، وَكُلُّ بِدْعَةٍ ضَلَالَةٌ، وَكُلُّ ضَلَالَةٍ فِي النَّارِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ وَاللَّفْظُ لَهُ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган. Лафз Насаийники.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида бир неча ҳақиқатни баён қилмоқдалар:

1. «Энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир».

Шундай бўлганидан кейин Аллоҳнинг Китобини ўқиш-ўрганиш ва унга амал қилиш керак. Ким Қуръондан бошқани ундан устун қўйса, катта хато қилган бўлади. Ҳадисдаги бу жумла Китобни маҳкам тутиш зарурлигини кўрсатади.

2. «Энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир».

«Ҳидоят» сўзи луғатда бир нарсага лутф билан йўллаб қўйишни ифода этади. Дунёда одамларни ҳидоят қилишни даъво қиладиганлар кўп. Лекин энг яхши ҳидоят – охирги ва энг афзал Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари ўзларининг Суннатларида баён қилинган. Ким ҳақиқий ҳидоятни топаман, деса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларини маҳкам тутсин! Ким ҳақиқий тўғри йўлда юраман, деса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида юрсин!

3. «Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир».

Бу гап Ислом янгиликка қарши деган маънони билдирмайди. Бу ерда Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган нарсалар тўғрисида гап кетмоқда. Дарҳақиқат, Китоб ва Суннатга хилоф равишда янги пайдо бўлган ҳар бир иш энг ёмон ишдир. Ана шундай шароитда пайдо бўлган.

«Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир».

«Бидъат» сўзи луғатда янгидан ўйлаб чиқарилган нарсани англатади. Шариатда эса бидъат деб Қуръон ва Суннатда зикри келмаган нарсаларнинг янгидан пайдо бўлишига айтилади. Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган ҳар бир нарса бидъатдир.

«Ҳар бир бидъат залолатдир».

Қуръон ва Суннатга хилоф нарса залолат бўлмай, нима ҳам залолат бўлар эди.

«Барча залолат дўзахдадир».

Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган иш ҳам, унинг қилувчиси ҳам дўзахга тушади. Шунинг учун ҳам Қуръон ва Суннатни маҳкам тутиш лозим. Бунинг учун эса аввало уларни яхшилаб ўрганиш керак. Ҳақиқий исломий иш нима, ҳақиқий бидъат нима эканлигини яхши ажрата билиш керак. Ушбу ҳадиси шарифни суистеъмол қилиб, ҳамма нарсани бидъатга чиқариб, ҳаммани дўзахга маҳкум қилиб юбормаслик ҳам зурур. Бу маъно аввалги дарсимизнинг ҳадис шарҳида батафсил баён қилиб ўтилди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳнинг Китоби энг содиқ каломлиги.

2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари энг яхши ҳидоятлиги.

3. Қуръон ва Суннатга хилоф нарсалар бидъат эканлиги.

4. Ҳар бир бидъат ўз эгаси билан дўзахда эканлиги.

Биз мусулмонлар бугунги кунда ушбу ҳадисни ҳаётга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Аллоҳнинг каломини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари – Суннатларини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз керак. Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушламоғимиз, уларга хилоф бўлган барча бидъатлардан халос бўлмоғимиз муҳим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Яҳудийлардан бир одам у кишига.Эй мўминларнинг амири, Китобларингизда бир оят бор, давоми...

4251 16:02 / 19.02.2020
. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида хутба қилиб .Аллоҳга тақво давоми...

921 19:00 / 13 март
Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Билол ибн Ҳорисга .Билиб қўй, эй Билол, дедилар. .Нимани билишим керак, эй давоми...

9243 16:15 / 16.03.2017
ҲАДИС ЎРГАНУВЧИЛАР ОДОБЛАРИ...Ислом ҳидоятидан маҳрум бўлганлар, охирги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликдан маҳрум бўлганлар ана шу давоми...

5355 16:51 / 08.04.2016