Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (118-дарс). Кимнинг мазаҳи кўпайса, ҳайбати йўқолади

13:00 / 09.01.2021 2463 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бешинчи офат – мазаҳ

«Мазаҳ» арабча сўз бўлиб, аслида ҳазил-мутойибани англатади. Бинобарин, ҳазил-мутойиба учун рост гапларни гапириб, озроқ мазаҳ қилиш жоиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳақ гаплардан четламаган ҳолларида ҳазил қилар эдилар. Ул зотнинг бир кишига: «Эй икки қулоқли», бошқа бировга: «Сени туянинг боласига миндирамиз», деганлари ривоят қилинган.

Қари кампирга: «Кампирлар жаннатга кирмайдилар», деганлар ва сўнгра Воқиъа сурасидаги «Албатта, Биз у(ҳур)ларни дафъатан, махсус яратдик. Бас, уларни бокиралар қилиб қўйдик», оятларини ўқиганлар.

Бошқа бир кампирга: «Кўзида оқи бор эрингми?» деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазил-мутойибаларида уч нарса мужассам бўлган:

1. Ҳақ бўлган.

2. Аёллар, болалар ва заиф кишилар билан бўлган.

3. Нодир бўлган.

Бу ҳолатлар доимий равишда мазах қилиб юришга далил эмас. Нодир нарсанинг ҳукми доимий нарсанинг ҳукмига ўхшамайди. Мисол учун, бир одам ҳабашларнинг ўйинини кечаю кундуз томоша қилиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларни томоша қилганлар», дея ҳужжат келтириши нотўғри бўлади.

Ҳазил-мутойибада ҳаддан ошиш ва бардавом бўлиш ман қилинган. Чунки бу иш одамнинг виқорига футур етказади. Турли гина ва кўнгил қолиши ҳолатларини келтириб чиқаради.

عَنْ أَبِي لَيْلَى الْأَنْصَارِيِّ قَالَ: خَرَجَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي بَعْضِ غَزَوَاتِهِ، فَأَخَذَ بَعْضُ أَصْحَابِهِ كِنَانَةَ رَجُلٍ فَغَيَّبُوهَا لِيَمْزَحُوا مَعَهُ، فَطَلَبَهَا الرَّجُلُ فَفَقَدَهَا فَرَاعَهُ ذَلِكَ، فَجَعَلُوا يَضْحَكُونَ مِنْهُ، فَخَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: مَا أَضْحَكَكُمْ؟ قَالُوا: لَا وَاللهِ إلَّا أَنَّا أَخَذْنَا كِنَانَةَ فُلَانٍ لِنَمْزَحَ مَعَهُ فَرَاعَهُ ذَلِكَ، فَذَلِكَ الَّذِي أَضْحَكَنَا، فَقَالَ: لَا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يُرَوِّعَ مُسْلِمًا

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ғазотларига чиқдилар. Ул зотнинг саҳобаларидан бирлари бир кишининг ўқдонини олиб, ҳазил учун беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб тополмасдан хавфга тушди. Ундан кула бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб:

«Нимага куляпсизлар?» дедилар.

«Йўқ. Аллоҳга қасам. Фақат Фалончининг ўқдонини ҳазиллашиб беркитиб қўйган эдик, у қўрқиб кетди. Мана шунга куляпмиз», дейишди.

«Мусулмонга мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас», дедилар.

Умар ибн Абдулазиз: «Мазаҳдан сақланинг. У кек пайдо қилувчи аҳмоқликдир», деган.

Ҳакимлардан бири шундай дейди: «Мазаҳ сўкиш-у, аммо эгаси кулдиради, холос».

Иброҳим Нахаъий: «Мазаҳ тентаклик ва кибрдир», деган.

«Мунсурул ҳикам»да: «Мазаҳ худди олов ўтинни егандек, ҳайбатни ейди», дейилган.

Ҳакимлардан баъзиси: «Кимнинг мазаҳи кўпайса, ҳайбати йўқолади», деган.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсоний нафс махлуқотларнинг энг ажойибидир. У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мўъжизаларидан биридир. Агар у Мавлосига бўйин эгса, Холиқига ибодат қилса, Набий давоми...

3065 05:00 / 01.03.2017
Каъбул Ахбар р.а. Умар ибн Хаттоб р.а.га айтди Агар сен Аллоҳга етмишта пайғамбар амали билан йўлиқсанг ҳам, қиёмат кунининг қўрқинчидан нажот тополмайсан. Баъзи давоми...

3764 05:00 / 01.03.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар .Огоҳ бўлингким, албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир,. Ўша қўриқхонада подшоҳнинг ҳайвонларидан давоми...

494 19:00 / 27 январь
Аллоҳга ҳамдлар, Аллоҳнинг расулига, у зотнинг оли асҳобларига ҳамда у зотнинг йўлларидан юрганларга салоту саломлар бўлсин. Ва баъдҚалбларнинг тўғрилиги барча давоми...

3500 05:00 / 01.03.2017