Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (123-дарс). Ҳайзнинг тўрт ҳукми

13:00 / 11.02.2021 2398 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жунуб ва нифосли шахс каби, ҳайзли шахс ҳам, кичик бетаҳоратга хилоф ўлароқ, қироат қилмайди. 

Яъни, жунуб, нифосли ва ҳайзли шахслар Қуръон қироат қилишлари мумкин эмас. 

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَلَا تَقْرَأُ الْحَائِضُ وَلَا الْجُنُبُ شَيْئًا مِنْ الْقُرْآنِرَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.

 Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳайзли аёл ҳам, жунуб ҳам Қуръондан ҳеч нарсани қироат қилмайди», дедилар».

Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Аммо ҳайзли аёл таълим учун ҳарф-ҳарф қилиб ўқиши жоизлигига уламолар фатво беришган.

Таҳоратсиз киши Мусҳафни ушламай қироат қилса бўлади. 

Уларнинг барчаси Мусҳафни ушламайди. 

Яъни, жунуб, нифосли, ҳайзли ҳамда кичик бетаҳорат киши Мусҳафни ушламайди.

Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида:

 لَّا يَمَسُّهُ إِلَّا الْمُطَهَّرُونَ۝

«Уни фақат покланганларгина ушлайдир», деган (79-оят).

Зикр қилинганларнинг барчалари пок эмаслар.

Илло, ёпишмаган ғилоф ила ушлаш бундан мустасно. 

Имом Бухорий келтирган ривоятда Абу Воил ўзининг ҳайзли ходимасини Разийннинг олдига бориб Мусҳафни олиб келишга юборгани ва у ғилоф билан олиб келгани айтилган.

Мазкур шахслар тафсир, ҳадис ва фиқҳ китобларини ушлашлари макруҳдир. Чунки у китобларда ҳам ояти карималар ёзилган бўлади.

Кийимнинг енги билан ушлаш макруҳдир. 

Чунки кийим ушловчиники ва унинг бир бўлаги ҳисобланади. 

Сураси бор дирҳамни ҳам ҳамёнсиз ушламайдилар.

Авваллари баъзи дирҳамларга Ихлос сураси ёзилар эди. Демак, бетаҳорат кишилар сура ёзилган нарсаларни ҳам ушлашлари мумкин эмас.

Қуръони Каримнинг сувда оқиши, куйиши, нажосатга тушиши каби хавфлар бўлса, мазкур кишилар уни асраш учунгина ушлашлари мумкин.

Таҳоратсиз ҳолда Қуръонни варақлаб ҳам бўлмайди. Қаламга ўхшаш нарса билан варақлашга рухсат бор. Кичик болалар ушласа майли. 

Ҳайз ва нифоснинг кўпидан кейин қони тўхтаган аёлга ғуслдан олдин яқинлик қилиш ҳалолдир. 

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

فَاعْتَزِلُواْ النِّسَاء فِي الْمَحِيضِ وَلاَ تَقْرَبُوهُنَّ حَتَّىَ يَطْهُرْنَ

 

«Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Пок бўлмагунларича уларга яқинлашманглар», деган (222-оят).

Бу оятдаги пок бўлиш икки хил маънони: ҳайз тўхташи ва ҳайз тўхтаганидан кейин ғусл қилишни англатади. Аёл ўн кун ҳайзли бўлганидан кейин унинг эрига ён босиб, биринчи маъно олинади. Аммо ғусл қилгунича кутиб туриш мустаҳабдир.

Озидан кейин қони тўхтаганга эмас. Илло, қон тўхтаганидан кейин ғусл ва такбири таҳрима айтиш вақти ўтса, мустасно. 

Ўн кундан оз муддат ҳайз кўрган аёлнинг ҳайзи тўхташи билан унга яқинлик қилиш жоиз эмас. Балки ғусл қилгунича кутиб туриш лозим. Одат қони ўн кундан кам вақтда тўхтаганда яқинлик ҳалол бўлиши учун икки нарса шартдир. Шу иккиси топилмаса, яқинлик ҳалол бўлмайди. 

Ғусл қилиши.

Зиммасига намоз фарз бўлиши.

«Кўпчилик зиммага намознинг фарз бўлишини ғусл ва такбири таҳрима сиғадиган вақт ўтиши билан белгилайдилар. Аслида эса аёл кишининг қони бирор намознинг охирги вақтидан ғусл ва фақат такбири таҳрима сиғадиган (ўша вақтдаги намознинг тўлиқ сиғадиган вақти қолган бўлиши шарт эмас) вақт қолган бўлса, ўша вақтнинг намози унинг зиммасига вожиб бўлади. Гарчи ғусл қилиб келиб, такбири улани айтганидан кейиноқ намоз вақти чиқиб кетса-да, зиммасига қазоси лозим бўлаверади. Агар ҳайз намоз вақтининг охирида тўхтаса-ю, лекин намоз вақти чиқиб кетгунича ғусл қилиб, такбирга қулоқ қоқишга улгурадиган вақт қолмаган бўлса, ўша намоз унинг зиммасига вожиб бўлмайди ва қазосини ўқиш ҳам зарур бўлмайди. Масалан: пешин вақтидан ғусл ва такбири таҳрима сиғадиган вақт қолганда ҳайздан пок бўлса, пешин намози унинг зиммасига фарз бўлади ва қазосини ўқиши лозимдир. Яқинлик ҳам ҳалол бўлади. Агар ўшанчалик вақт қолмаганда қон тўхтаса, пешин зиммасига вожиб бўлмайди. Асрнинг аввалида пок бўлди. Ғусл қилса, ғусл қилиши билан яқинлик ҳалол бўлади. 

Агар ғусл қилмаса, аср вақти чиқиб, шом вақти кирмагунича яқинлик ҳалол бўлмайди. Агар яқинлик қилса, ҳайз ҳолатида яқинлик қилганликка ҳукм қилинади. Чунки намознинг зиммага вожиб бўлишида охирги вақт эътиборга олинади. Шунинг учун бир аёл пешин вақти кирганидан кейин намозни адо қилмай туриб, охирги вақтда қон кўриб қолса, пешиннинг қазоси зиммасига лозим бўлмайди.

Билингки, агар ғусл қони одат бўйича ўн кундан озида тўхтаса, ғусл қилмасдан, (сув топилмаганда эса) таяммум қилмасдан яқинлик қилиш ҳалол бўлмайди. Ғусл қилгач, пок бўлади. Ёки зиммасига бир намоз вожиб бўлганидан кейин пок бўлади. У ғусл қилиб, кийиниш ва такбир айтиш миқдорича бўлган вақтдир. Хоҳ қон намоз вақтининг аввалида тўхтаган бўлсин, хоҳ шунча миқдор қолганда бўлсин. Чунки намознинг охирги вақтидан шунча миқдор қолганда қон тўхтаса, зиммасига намоз вожиб бўлади. Масалан: Пешин вақти кирмасидан ёки пешиннинг авалги вақтида қон тўхтаса-ю, ғусл қилмаса, то аср вақти кирмагунича яқинлик ҳалол бўлмайди. Аср вақти киргач, пешиннинг қазоси зиммасига вожиб бўлиб, ғусл қилмаса-да, яқинлик ҳалол бўлаверади, чунки пешиннинг охирги вақтидан ғусл, кийиниш, такбир айтиш миқдорича вақт ўтганда намоз зиммасига вожиб бўлди. Намознинг зиммага вожиб бўлишида охирги вақт эътиборга олинади. Намоз зиммасига вожиб бўлиши билан у ҳукман покка айланади. Чунки ҳукман пок бўлгандан кейин намоз зиммасига вожиб бўлади». («Роддул Муҳтор»). 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳайзнинг тўрт ҳукми бор:

1. Ҳайз ва нифос тугаганда ғусл қилиш вожиб бўлади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

 وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْمَحِيضِ قُلْ هُوَ أَذًى فَاعْتَزِلُواْ النِّسَاء فِي الْمَحِيضِ وَلاَ تَقْرَبُوهُنَّ حَتَّىَ يَطْهُرْنَ فَإِذَا تَطَهَّرْنَ فَأْتُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ أَمَرَكُمُ اللّهُ

 

«Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Пок бўлмагунларича уларга яқинлашманглар. Қачонки пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг…» деб айт», деган (222-оят).

Ҳайз ва нифос кўрган аёлнинг пок бўлиши ғусл ила бўлади.

عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ فَاطِمَةَ بِنْتَ أَبِي حُبَيْشٍ كَانَتْ تُسْتَحَاضُ فَسَأَلَتِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَذَلِكِ عِرْقٌ وَلَيْسَتْ بِالْحَيْضَةِ، فَإِذَا أَقْبَلَتِ الْحَيْضَةُ فَدَعِي الصَّلَاةَ وَإِذَا أَدْبَرَتْ فَاغْتَسِلِي وَصَلِّيرَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Фотима бинти Абу Ҳубайш истеҳоза кўрар эди ва у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради. Бас, у зот: 

«У томирдан, ҳайз эмас. Лекин сен ҳайз келганда намозни қўй. Қачон у кетса, ғусл қилиб, намозни ўқийвер», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

2. Қиз бола ҳайз кўрса, балоғатга етган бўлади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَاأَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَلَا تُقْبَلُ صَلَاةُ حَائِضٍ إِلَّا بِخِمَارٍرَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ ҳайз кўрувчининг намозини рўмолсиз қабул қилмайди», дедилар». 

Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилишган.

Балоғатга етмаган қизга намоз фарз бўлмайди.

3. Идда ўтирган аёл ҳайз кўрса, ҳомиласи йўқлигига ҳукм қилинади.

4. Идда ўтириш ҳам ҳайз ила белгиланади. 

 

“Кифоя” китобидан 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тоғда эса ўзига муносиб юришдир. Тоғда юриш ўзига хос бўлади. Албатта, унда текисликда юргандан кўра бошқача юрилади. Яна тоғ билан тоғ ўртасида ҳам фарқ бор. давоми...

1044 19:00 / 14.09.2023
Аллоҳ таоло.Агар умаййитнинг боласи бўлса, у қолдирган нарсадан отаонасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмай, унга отаонаси меросхўр бўлса, давоми...

2822 15:00 / 11.04.2019
Қачон имом манбарга ўтирса, унинг олдида иккинчи азон айтилади. Одамлар унга юзланиб, қулоқ осадилар. Бу ҳукмнинг далили қуйидагича . . Абдуллоҳ давоми...

1037 19:00 / 09.11.2023
Силаи раҳмrdquo калимасини она тилимизга сўзмасўз ўгирадиган бўлсак, раҳмни боғлашrdquo деган маъно келиб чиқади. Раҳм эса қариндош дегани, она бачадонини ҳам давоми...

12853 05:00 / 17.02.2017