Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (90-дарс). Таҳоратнинг суннатлари

13:33 / 18.06.2020 2502 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Унинг суннатлари: тасмия айтмоқ ва икки қўлини русғларигача уч марта ювиш ила бошламоқ. Мисвок қилмоқ. Бурунни сув ила ювгани каби оғизни ҳам сув ила ювмоқ. Соқолни ва бармоқларни тахлил қилмоқ. Ювишни уч мартадан қилмоқ. Бошнинг ҳаммасига бир марта ва икки қулоғига у(бош)нинг суви ила масҳ тортмоқ. Ният қилмоқ. Тартибли қилмоқ. Кетма-кет қилмоқ.

Энди ушбу зикри келган суннатларнинг тафсилоти ва ҳужжату далиллари билан танишиб чиқайлик.

1. Тасмия айтмоқ.

«Бисмиллаҳ»ни айтиш «Тасмия» дейилади. Демак, таҳорат қилишни «Бисмиллаҳ»ни айтиб бошлаш суннатдир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай қилганлар. Қолаверса, у зот алайҳиссалом ўзларининг бир қанча ҳадисларида бу ишни қилишга тарғиб этганлар. Биз ўша ҳадислардан бирини мисол тариқасида келтирамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Таҳорати йўқнинг намози йўқ. «Бисмиллаҳ»ни зикр қилмаган одамнинг таҳорати йўқ», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Уламоларимиз: «Бу ҳадиси шарифдаги «Бисмиллаҳ»ни зикр қилмаган одамнинг таҳорати йўқ», дейилгани «Таҳоратининг камоли йўқ», деганидир», дейдилар. Бу араб тили қоидаларида, хусусан, ҳадиси шарифларда бор нарса. Шунга биноан, «Бисмиллаҳ»ни айтмай таҳорат қилган одамнинг таҳорати комил бўлмайди, яъни савоби тўлиқ бўлмайди.

Уламоларимиз: «Агар таҳоратнинг аввалида «Бисмиллаҳ»ни айтишни унутиб қўйса, эслаган вақтида айтади», дейдилар.

2. Икки қўлини русғларигача уч марта ювиш ила бошламоқ.

«Русғ» сўзи арабча бўлиб, билак билан кафт қўшиладиган бўғиндаги бир оз туртиб чиқиб турадиган суякка айтилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни ҳам доимий равишда қилганлар ва бир қанча ҳадисларда уни қилишни таъкидлаганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин, чунки бирортангиз ҳам қўли қаерда тунаганини билмайди ёки қўли қаерда айланганини билмайди», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисда уйқудан туриб, таҳорат қилмоқчи бўлган одам таҳорат қилишдан олдин сув бор идишни энгаштириб ёки бирорта кичик идиш билан сув олиб, уч марта қўлини ювиб ташлаши суннат экани баён қилинмоқда.

Шу билан бирга, бу ишнинг нима ҳикматга биноан жорий қилингани ҳам баён этиляпти. Одам уйқусида қўли қаерларга борганини, нималарни ушлаганини идрок эта олмайди. Эҳтимол, нопок нарсаларни ушлаган бўлиши мумкин. Бинобарин, биринчи бўлиб сувга уриладиган ва бошқа аъзоларни ювишда ҳам ишлатиладиган аъзо қўл бўлгани учун аввало уни ювиб олиш яхши бўлади.

Шу мулоҳазага биноан, нафақат уйқудан турган одам, балки ҳар бир таҳорат қилувчига аввал қўлини уч марта ювиб олиш тавсия қилинади.

Ҳанафий уламолари поклиги гумон бўлган нарсани уч марта ювиш зарурлигини мана шу ҳадисдан олишган.

3. Мисвок қилмоқ.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни доимо қилганлар ва бошқаларни ҳам мисвок қилишга тарғиб этганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда, уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим», дедилар».

Имом Молик ва Бухорий ривоят қилишган.

Бизда «мисвок қилиш» деб ишлатиладиган истилоҳ тишни ишқалаб ювиш маъносидадир. Ўша вақтларда маълум бир буталарнинг, аниқроғи эса арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тиш тозаланган.

Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этмаганларини таъкидлашларидан бу ишга қанчалик аҳамият берилганини билиб олсак бўлади.

4. Бурунни сув ила ювгани каби оғизни ҳам сув ила ювмоқ.

Оғизни ва бурунни ювишни бизда «чайиш» дейиш одат бўлиб қолган. Бу ишни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо қилганлар ва бир қанча ҳадисларида алоҳида таъкидлаганлар.

(Давоми бор)

«Кифоя» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажидаги давоми...

2083 18:03 / 18.08.2020
Ақийда бўйича аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг йирик намоёндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларининг ҳар бири ўзига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва қуйида давоми...

4051 05:00 / 17.01.2017
КиришИнсон ҳаётида қарз олдибердиси энг аҳамиятли масалалардан бири ҳисобланади. Ҳар қандай инсон ҳаётда яшар экан, қарз олдибердисини бошидан кечирмай иложи давоми...

4722 05:00 / 19.01.2017
Фарз намозлардан бомдоднинг икки ракатида ҳам, шом ва хуфтоннинг биринчи икки ракатида, жума ва икки ийд намозларида қироатни овоз чиқариб қилиш вожибдир. Пешин давоми...

2881 17:00 / 13.01.2022