Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (8-дарс). Суннатнинг санад жиҳатидан тақсими

15:05 / 19.11.2018 5409 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Суннат, ҳадислар санади бўйича, яъни ривоят қилган кишилар эътиборидан Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида учга бўлинади:

1. «Мутавотир» – бу истилоҳ луғавий жиҳатдан «кўплик» маъносини англатади. Уламолар истилоҳида эса бундай ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган биринчи, иккинчи ва учинчи ҳалқа одамлари ёлғон келишувга имкон бермайдиган даражада кўп бўлиши керак. Мисол учун, бир ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз киши ривоят қилган. Худди шу ҳадисни мазкур ўттиз саҳобийдан шу қадар ёки ундан ҳам кўп ададдаги тобеъинлар, улардан эса худди шунча табаъ тобеъинлар ривоят қилганлар. Ана ўша ҳадис мутавотир ҳадис дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, рўза тутиб, ҳаж қилишлари, жумада хутба ўқишлари, азон, иқомат каби амаллари кўп марта ва кўпчилик ҳузурида бўлганлиги учун ҳаддан ташқари кўп одамлар ривоят қилганлар. Мана шу масалаларга тегишли ҳадислар мутавотир ҳисобланади. Шунингдек, Пайғамбаримизнинг «Ким менинг номимдан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин», деган ҳадислари мазмунига ўхшаш кўпгина ҳадислар мутавотир ҳисобланади. Мутавотир ҳадис ила собит бўлган ҳукмни инкор қилган киши кофир, бундай ҳукмни эътироф этган, лекин унга амал қилмаган одам эса гуноҳкори азим бўлади.

2. «Машҳур» – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражасига етмайдиган саҳобий ёки саҳобалар ривоят қилиб, улардан ҳам кўпчилик ривоят этиб, шуҳрат топган ҳадис «машҳур» дейилади. «Машҳур» ҳадиснинг «мутавотир»дан фарқи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилувчи саҳобаларнинг сони озлигида, холос. «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир», «Ислом беш нарсага бино қилингандир» каби ҳадислар «машҳур» ҳадислардир. Ким машҳур ҳадис орқали собит бўлган ҳукмни инкор қилса, фосиқ бўлади. Унга амал қилмаса, гуноҳкор бўлади. «Мутавотир» ҳадис ҳам, «машҳур» ҳадис ҳам Қурцони каримнинг умумий ҳукмини хос, мутлақ ҳукм этиб, қайд қилади.

3. «Оҳод» – Бу сўз луғатда «озчилик кишилар» маъносини билдиради. Уламолар истилоҳида эса биринчи уч асрда ровийларининг сони мутавотир даражасига етмаган ҳадисга айтилади. Оҳод ҳадис билан собит бўлган ҳукмга амал қилиш вожибдир. Унга амал қилмаган одам тарки вожиб ила гуноҳкор бўлади.

Шу билан бирга уламолар оҳод ҳадисда келган ҳукмга амал қилиш учун баъзи шартлар ҳам қўйганлар. Жумладан, Ҳанафий мазҳаби уламолари оҳод ҳадисга амал қилиш учун учта шарт қўйганлар.

1) Ўша оҳод ҳадисни ривоят қилган шахс унга хилоф иш қилмаслиги керак. Агар ровий бир ҳадисни ривоят қилса-ю, унга амал қилмаса, унинг ривоятига эмас, амалига эргашилади. Зеро ровий ўз ривоятига унинг мансух бўлганини (амалдан қолганини) билгани учунгина амал қилмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳанафийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган «Ит ялаган идишни етти марта ювиш» ҳақидаги ҳадисга амал қилишмаган, чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ўзлари бундай идишни уч марта ювганлар. Уламолар ана шунга амал қилишни танлаганлар.

2) Оҳод ҳадисда келган нарса кўп такрорланмайдиган, кўпчилик кўз ўнгида содир бўлмайдиган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам ҳанафийлар намозда Рукуъга кетишдан олдин икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадисга амал қилмаганлар. Бу иш аслида кўп такрорланадиган, кўпчиликдан яширин қолиши мумкин бўлмаган нарса. Чунки намоз кўп ўқилган, намознинг ҳамма амаллари мутавотир ҳадислар билан собит бўлган. Рукуъга кетишдан олдин икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадис оҳод бўлиб қолишининг ўзи шубҳа туғдиради. Агар бу амал бошқа амаллар даражасида бўлганида, мутавотир ҳадис билан собит бўлар эди.

3) Оҳод ҳадисда келган нарса шариатнинг асосига хилоф бўлмаслиги керак. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган, бировнинг серсут қўйини соғиб ичиб турган одам сут эвазига бир соъ миқдорда хурмо беради, деган ҳадис мисол бўлади. Ваҳоланки, шариат қоидаси бўйича, бир нарсанинг эвазига унинг ўзига ўхшаш нарса қайтарилади.

Қолаверса, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бу ҳадис насх қилинган бўлиши ҳам мумкин.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Менга мендан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди менга бир ойлик масофадаги давоми...

5175 15:05 / 01.04.2020
Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Аллоҳни Робб, Исломни дийн, Муҳаммадни Расул деб рози бўлса, давоми...

4795 14:05 / 09.10.2019
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг давоми...

4346 14:05 / 23.10.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали .Лаа давоми...

3880 15:05 / 11.09.2019