Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Аллоҳнинг уйига пок ҳолда кирилади | Ҳадис дарслари (253-дарс)

19:00 / 25.10.2023 1189 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا تَقْرَأُ الْحَائِضُ وَلَا الْجُنُبُ شَيْئًا مِنَ الْقُرْآنِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳайзли аёл ва жунуб Қуръондан ҳеч нарса ўқимайди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ҳайзли ҳолат ҳам, жунубли ҳолат ҳам поклик ҳолати эмас. Ундай ҳолатда Аллоҳнинг каломини қироат қилиб бўлмайди.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وَجِّهُوا هَذِهِ الْبُيُوتَ عَنِ الْمَسْجِدِ، فَإِنِّي لَا أُحِلُّ الْمَسْجِدَ لِحَائِضٍ وَلَا جُنُبٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мана бу уйларни масжиддан бошқа томонга юзлантиринглар. Мен масжидни ҳайзли аёлга ва жунубга ҳалол қилмайман», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ўша вақтда баъзи кишилар уйларини масжидга қаратиб қуриб олган эдилар. Уйларига масжид орқали кириб-чиқар эдилар. Бундай ҳолатда, албатта, ҳайзли аёл ҳам, жунуб ҳам масжиддан ўтиши, унда қолиши мумкин бўларди. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларни масжиддан бошқа томонга қаратиб қуришга амр қилдилар. Токи ҳайзли аёллар ва жунублар масжидга кирмасинлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳайзли аёл масжидга кириши мумкин эмаслиги.

2. Жунуб шахснинг масжидга кириши мумкин эмаслиги.

Албатта, масжид Аллоҳнинг уйи бўлганидан кейин у ерга фақат пок ҳолда кириш лозим.

Булар ҳайз ва нифос ҳукмини баён қилувчи баъзи ҳадиси шарифлардир. Фойдани мукаммал қилиш учун ҳайз ва нифосга тегишли ҳукмларни қисқача баён этиб ўтамиз:

1. Ҳайз ва нифос тамом бўлганидан кейин ғусл қилиш вожиб бўлади.

Бу ҳайз ҳақидаги оят ва Имом Бухорий Фотима бинти Абу Ҳубайш розияллоҳу анҳодан ривоят қилган:

«Ҳайз кўрган кунларинг миқдорида намозни қўй. Сўнг ғусл қилгин-да, намозни ўқийвергин», деган ҳадисга биноан бўлади.

2. Ҳайз кўриш билан қиз бола балоғатга етади ва шариат таклифларини амалга ошириши лозим бўлади.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳайз кўрувчининг намозини Аллоҳ химорсиз (авратни тўсадиган кийимсиз) қабул қилмайди», деганлар.

Бундан қиз бола ҳайз кўра бошлаши билан ўзини тўсиши лозим бўлишини  билиб оламиз.

3. Идда ўтириш ҳам ҳайзга қараб бўлади.

4. Ҳайзли ва нифосли аёлга намоз ўқиш ҳаромдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима бинти Абу Ҳубайш розияллоҳу анҳога:

«Қачон ҳайз келса, намозни қўй», деганлар.

Шунингдек, бу масала юқорида ўрганган ҳадисларимизда ҳам ўтди.

Улардан ҳайз пайтида ўқилмай қолган намозлар қазо қилиб ўқилмаслигини ҳам билдик.

5. Ҳайзли ва нифосли аёлга рўза тутиш ҳаромдир.

Буни ҳам ўтган ҳадислардан билиб олдик.

Шунингдек, улардан ҳайз пайтида тутилмай қолган рўзани қазо қилиб тутиш лозимлигини ҳам биламиз.

6. Ҳайзли ва нифосли аёлга Байтуллоҳни тавоф қилиш ҳаромдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга:

«Қачон ҳайз кўрсанг, ҳожи нимани қиладиган бўлса, қилгин-у, аммо то пок бўлмагунингча, Байтни тавоф қилмагин», деганлар.

7. Қуръон қироат қилиш ва мусҳафни ушлаш ҳам бу фаслдаги ҳадисга биноан, ҳайзли ва нифосли аёллар учун ҳаром.

8. Ҳайзли ва нифосли аёлларга масжидга кириш, туриш ва у ерда эътикоф ўтириш ҳаром. Буни ҳам шу фаслдаги ҳадисдан ўргандик.

9. Ҳайзли ва нифосли аёлларга жинсий яқинлик қилиш ва уларнинг киндиклари билан тиззалари орасидан лаззатланиш ҳаром. Бу ҳақдаги ҳадисларни ҳам ўрганиб чиқдик.

10. Ҳайзли аёлни, яъни ҳайз кўриб турган аёлни талоқ қилиш ҳаромдир.

Буни Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳайзли хотинларини талоқ қилганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганлар.

Ушбу ҳукмларни барча, айниқса мўмина-муслима аёллар яхшилаб билиб олишлари ва уларга амал қилишлари лозим. Чунки ҳайз ва нифосни ўз эгасидан бошқалар билмайди, билиш имкони ҳам йўқ. Қолаверса, бу масалаларни омма ичида муолажа қилишга одатланилмаган. Шунинг учун аёллар ўзлари илмий мажлислар қилиб, билганлардан дарс олиб, яхшилаб ўрганиб қўйишлари ўта муҳимдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Илм учтадир. Улардан бошқаси зиёда фазилатдир муҳкам давоми...

4132 20:00 / 03.11.2021
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам.Жинларнинг кўзи билан одам боласининг аврати ўртасидаги тўсиқ давоми...

2818 19:00 / 25.01.2023
. . . Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир одам таҳорат қилиб, оёғининг тирноқча жойига сув етказмади. Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

1650 19:00 / 27.04.2023
Суннат Қуръони карим билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис Суннат тарихи ҳам Қуръони карим ва Ислом тарихи билан бирдир. Биз эса Суннатни илм сифатида шаклланиш давоми...

8235 14:41 / 12.10.2018