1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
00:00
Махмуд Халил Хусорий - Зуҳо
Махмуд Халил Хусорий - Зуҳо
00:00
/
00:00

Зуҳо сураси

Маккада нозил бўлган. 11 оятдан иборат.

Ушбу сураи каримага ҳам ўзининг биринчи сўзи ном бўлиб қолган. «Зуҳо» – «чошгоҳ пайти» деган маънони англатади. Аллоҳ таоло бу сурани зуҳо ила қасам ичиб бошлаб, Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ғазаб ҳам қилмаганини ва у зотни тарк ҳам этмаганини таъкидлайди.

Ушбу сураи кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятларда келишича, Пайғамбаримиздан бир муддат ваҳий узилиб қолган. Яъни Жаброил алайҳиссалом Қуръон оятларини олиб келмай қолганлар. Бундан Набий алайҳиссалом ташвишга тушиб, маҳзун бўлганлар. Душманлар эса дарров «Муҳаммаднинг Робби унга ғазаб қилди, уни тарк этди», деб гап тарқатишган. Шунда Аллоҳ таоло бу сураи каримани Муҳаммад алайҳиссаламнинг ўзларига хос қилиб нозил этган. Бу сурада аввалидан охиригача Набий алайҳиссаломга хитобни, у зотга Аллоҳ таоло қилган марҳаматларнинг саноғини, у зотнинг шарафланишини ва улуғланишини кўрамиз.

Аллоҳ таоло Зуҳо сурасини чошгоҳ ва туннинг сукунатга чўмиши ила қасам ичиб бошлайди ва Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қийматлари улуғлигини алоҳида таъкидлайди.

Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга охиратда бериладиган нарсаларнинг башорати берилади.

Кейин эса у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кичикликларида етим ва фақир бўлганлари, Аллоҳ таоло Ўз риояти ва инояти ила у зотни бу ҳоллардан олиб чиққани эслатилади.

Суранинг ниҳоясида эса у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мазкур уч нарса муқобилига уч нарса: етимга меҳрибонлик қилиш, соилга қўпол муомала қилмаслик ва Ўз Робби неъмати ҳақида сўзлаш тавсия этилади.

ﭑ ﭒ ﭓ
Роҳман ва Роҳийм Аллоҳнинг номи ила (бошлайман).
ﭲ ﭳ
1. Чошгоҳ билан қасам.
ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ
2. Сукунатга чўмган тун билан қасам.
ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ
3. Роббинг сени тарк қилгани йўқ, ғазаб ҳам қилгани йўқ.
ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ
4. Ва албатта, охират сен учун бу дунёдан яхшидир.
ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ
5. Ва тезда Роббинг сенга ато қилур ва рози бўлурсан.
ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ
6. У сени етим топиб, жойлаб қўймадими?
ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ
7. Ва У сени ҳайрон ҳолда топиб, ҳидоятга бошламадими?
ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ
8. Ва У сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими?
ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ
9. Аммо етимга қаҳр қилмагин.
ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ
10. Ва аммо «соил»га зажр қилмагин.
ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ
11. Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзлагин.