Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (77-дарс). Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун ҳаракат қилиш зарур

13:30 / 17.03.2020 4558 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамлар оятларнинг бошига қўйиладиган, бир-биридан ажратиб турувчи рамзларни бошқаларидан олдин ва тезроқ қабул қилдилар. Чунки уларда оятлар тақсимини билишга эҳтиёж бор эди. Хусусан, оятлар тартибининг тавқифий – ваҳий асосида эканига ижмоъ қилишгач, бу иш тезлашди. Улар рамз қўйишнинг турли йўлларини баён қилдилар. Баъзида ҳар бир оятнинг бошига унинг сурадаги тартиб рақамини қўйишар, баъзида эса буни беэътибор қолдирар эдилар. Аҳёнда сурадаги ҳар ўнинчи оятнинг ниҳоясига «عشر» калимасини ёки унинг бош ҳарфи «ع» ни ёки сурадаги ҳар бешинчи оят охирига «خمس» калимасини ёхуд унинг бош ҳарфи «خ» ни қўйишарди. Ва ушбу ишларда ҳеч қандай зарар йўқ, деб билишарди.

Сураларнинг бошига қўйиладиган сарлавҳаларга келсак, бу ерда уларнинг маккий ёки маданий эканлиги ҳамда оятларининг сони ёзиб қўйилар эди. Бу иш муҳофиз доираларнинг (Қуръонни ўзгаришлардан ҳимоя қилувчиларнинг) қаттиқ қаршилигига дуч келди. Кўпчилик уламолардан тортиб, ҳатто авом халқ ҳам бу ишнинг тавқифий эмаслиги, балки бу хусусда саҳобаларнинг кўплаб ижтиҳодлари борлигини билишар эди.

«Сураларнинг тартиби ижтиҳодий эмас, балки оятлар тартиби каби тавқифий, десак-да, сураларнинг исмлари ҳам тавқифий эканига бизда кучли далил йўқ. Баъзи сураларнинг маккий ва бошқаларининг маданий эканига ижмоъни даъво қилолмаймиз. Зеро, битта суранинг ўзида иттифоқ қилинган гапнинг ўзи йўқ» каби эътирозлар юзага чиқди. Шу каби ихтилофлар сабабли сураларнинг бошланишига сарлавҳалар ёзишга қаттиқ эътирозлар қўзғалди. Лекин вақт ўтиши билан ушбу эътирозлар ҳам енгиллашди, ҳатто одамлар ушбу сарлавҳаларнинг ўзи билан қаноат қилмай, ҳатто уларни зийнатлаш ва тилла билан безашда ҳадларидан ошиб кетишди. Ҳатто баъзи жоҳиллар ушбу сарлавҳалар ҳам қуръоний ваҳийдан ажрамайдиган бир бўлак, дейишгача боришди.

Одамлар оятлар орасини ажратиб турувчи рамзларни мубоҳ деб билишгач, сўнгра суралар бошига сарлавҳалар ёзишга журъат қилишгач, мусҳафларни сайқаллашдаги ҳаракатларни тўхтатишнинг имкони бўлмай қолди. Дарҳақиқат, дастлаб мусҳафларни сайқаллаш уларни жузларга ва ҳизбларга ажратишдан бошланди. Кишилар бу ишларини қўллаб-қувватлаш учун нақл қилинган ривоятлардан далиллар излай бошладилар.

Заркаший шундай дейди:

«Ҳизблар ва жузларга бўлиш масаласига келсак, мадрасаларда жузларнинг ўттизталиги ва рубуълар машҳур эди.

Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида Абу Довуд ва Ибн Можа Авс ибн Ҳузайфадан ривоят қиладилар:

«У ҳаётлик даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан: «Қуръонни ҳизбларга қандай ажратасизлар?» деб сўради. Улар: «Уч, беш, етти, тўққиз, ўн бир, ўн уч. «Муфассал»нинг ҳизби «Қоф»дан охиригача», дейишди».

Мусҳафларни сайқаллаш ва ёзувини гўзал қилишда хаттотларнинг ҳам улушлари беқиёсдир. Манбаларда айтилишича, халифа Валид мусҳафлар ёзиш учун Холид ибн Абул-Ҳайёжни ихтиёр қилган эди. У хатининг гўзаллиги билан машҳур бўлиб, Мадинадаги Масжиди Набавийнинг меҳробига ёзган хаттот ана шу кишидир. Ҳижрий тўртинчи асрнинг охирларига қадар хаттотлар мусҳафларни куфий хат билан ёзиб келдилар. Сўнгра бешинчи асрнинг бошларида унинг ўрнини гўзал насх хати эгаллади. Ушбу хатда барча ҳаракат ва нуқталар мавжуд бўлиб, бугунги кунимизгача шу хатдан фойдаланиб келмоқдамиз.

Кейинчалик, замон ўтиши билан, вазият тақозо қилганда, бошқа аломатлар ҳам худди шундай эҳтиёткорлик ва аниқлик билан қўйиб чиқилди. Ислом уммати ўзига Аллоҳ таоло томонидан берилган илоҳий дастур – Қуръони Каримни ана шу тарзда кўз қорачиғидек, балки ундан ҳам авайлаброқ сақлаб келди.

Замон ўзгариб, техник тараққиёт даври келганда, Қуръони Каримни техник жиҳозлар воситасида чоп этиш масаласи кўндаланг бўлди.

Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила Ўзининг Китоби матбаа воситаси билан ҳам атрофга тарқала бошлади. Бу иш ҳам, Қуръонни қўлда ёзиш жараёнидаги каби, сайқалланиш ва чиройли қилиш босқичларини босиб ўтди.

– Қуръони Каримнинг илк нусхаси милодий 1530 йилнинг бошларида Бундуқияда (Венецияда) пайдо бўлди. Лекин у каниса ҳукмдорларининг амри билан йўқ қилинди.

– 1694 йили Олмониянинг Гамбург шаҳрида Ҳенкельман (Hinckelmann) Қуръонни чоп этди.

– Қуръони Каримнинг яна бир нусхасини Луис Маррацци (Louis, Ludovico Maracci, 1612-1700) 1696 йили Падуя шаҳрида чоп қилди. Ушбу матбаада чоп қилинган Қуръоннинг уч нусхасининг бирортаси ҳам исломий юртларда машҳур бўлмади.

– Қуръони Каримни холис мусулмонлар томонидан дастлабки чоп этиш 1887 йили Русиянинг Санкт-Петербург шаҳрида амалга оширилди. Бу босмани Мавлоё Усмон чоп қилдирган эди.

– Худди шу каби босма Қозонда ҳам чиқди.

– Эронда бирданига иккита тошбосма Қуръон тақдим қилинди. Улардан бири ҳижрий 1234 (милодий 1828) йили Теҳронда босилган бўлса, кейингиси ҳижрий 1238 (милодий 1833) санада Табризда чоп этилди.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
11. Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатса эди, ажаллари битган бўлур эди. Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни давоми...

3258 05:00 / 23.01.2017
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ таоло .Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан нарсаларни сўрашдан тўсган давоми...

4819 20:49 / 02.03.2018
учинчи мақола.Мен Умарга .Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган нарсани қиласан, дедим,.Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳар бир нарсани Расулуллоҳ давоми...

2925 16:05 / 08.10.2019
Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчилар бор. Уни Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар. Албатта, Аллоҳ бир қавмдаги нарсани, токи улар ўзларидаги давоми...

3497 21:36 / 10.04.2018