Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (23-дарс). Ваҳийни тушуниб етмаслик (давоми)

21:00 / 04.03.2019 5006 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

7. Қуръони Каримни сеҳр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эса сеҳргар деб қилинган даъво.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади:

ﯛﯜﯝﯞﯟﯠﯡﯢﯣﯤﯥﯦﯧﯨﯩﯪﯫ

«Агар сенга қоғозда китоб нозил қилсак, уни қўллари билан ушлаб кўришса ҳам, куфр келтирганлар: «Бу аниқ сеҳрдан ўзга нарса эмас», дерлар» (7-оят).

«Хотиржам бўл, кўрмаган нарсасига ишона олмайдиган ақлларга нафақат кўринадиган, балки қўл билан ушлаб, пайпаслаб сезса ҳам бўладиган, моддий қоғозга битилган тайёр китобни кўз ўнгларида осмондан тушириб берсак ҳам иймон келтиришмайди. Ўшанда ҳам баҳона истаб, иймондан қочиш учун нимадир гапни ўйлаб топишади. Чунки аслида уларда ҳақиқатни англаш истаги йўқ. Улар нима қилиб бўлса ҳам инкор қилишнинг йўлини ахтаришаверади».

Аллоҳ таоло Сод сурасида марҳамат қилади:

ﭩﭪﭫﭬﭭﭮﭯﭰﭱﭲﭳﭴ

«Ичларига ўзларидан огоҳлантирувчи келганидан ажабланди-лар ва кофирлар: «Бу сеҳргар ва каззобдир», дедилар» (4-оят).

Макка мушриклари ўзларининг ичида юрган бир одамнинг огоҳлантирувчи бўлиб келганидан ажабланишди. Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар эканликларини инкор қилиш билан чекланишмади. Балки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши турли уйдирма, иғво ва бўҳтонлар ҳам тарқатишди. «Муҳаммад пайғамбар эмас, ўзимизга ўхшаган оддий бир одам, пайғамбар бўлиши мумкин ҳам эмас. Пайғамбарлик даъвосида тиловат қилаётган сўзлари одамларга таъсир қилаётган бўлса, бу унинг сеҳргарлигидандир. У сеҳргардир. Унинг «Пайғамбарман», деган гапи ёлғондир, у каззобдир», дейишди. Улар кибру ҳавога берилганликлари оқибатида шундай фикрга боришди. Чунки уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган Каломга иймон келтиришдан унинг сеҳр экани эмас, уни қабул қилиш нафсу ҳаволарига тўғри келмаслиги тўсар эди. Зотан, улар сеҳр ва сеҳргарлардан ҳазир бўладиган одамлар эмасди.

Гоҳида Қуръони карим душманлари жамланиб олиб, бу илоҳий Китоб ҳақида нима туҳмат қилиш тўғрисида маслаҳат-машварат ҳам қилганлар. Бу ҳақда ишончли ривоятлар кўп. Биз улардан иккитасини эътиборингизга тақдим қиламиз.

«Валид ибн Муғийра Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва бойларидан бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломга озор беришда, Қуръони каримга қарши ҳужум уюштиришда етакчилардан бўлган. «Ҳа мим. Танзилул-китаби...» ояти нозил бўлганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу оятни масжидда ўқиётганларида, Валид ибн Муғийра қалби эриб, ўз қавми – Бану Махзум қабиласининг олдига борди ва: «Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у инсоннинг каломи эмас. У жиннинг каломи ҳам эмас. Бу каломда бир ҳаловат бор, унда бир лаззат бор. Унинг усти серҳосил, ости сербарака. Албатта, у олий бўлади, ундан ҳеч нарса олий бўлолмайди», деб айтди. Сўнгра уйига қараб кетди. Қурайш қабиласи аъзолари: «Аллоҳга қасамки, Валид диндан чиқибди. Энди Қурайшнинг ҳаммаси диндан чиқади», дейишди. Шунда Абу Жаҳл ўрнидан туриб: «Уни менга қўйиб қўйинглар, ўзим эплайман», деди. Валиднинг олдига бориб, хафа ҳолда ўтирди. Валид уни кўриб: «Нега хафа кўринасан?» деди. «Мен хафа бўлмай, ким хафа бўлсин, – деди Абу Жаҳл муғомбирлик билан. – Қурайш қабиласи сенга ёрдамга нафақа йиғяпти. Уларнинг фикрича, сен Муҳаммаднинг каломига тан берибсан ва Муҳаммад ҳамда Абу Бакрдан ортиб қолган таомларини сўрамоқчи бўлаётган экансан». Валиднинг аччиғи чиқди ва: «Менинг молим ва фарзандим ҳамманикидан кўп эканини билмайсанми? Нима, Муҳаммад ва унинг шерикларининг қорни тўйиб қолибдимики, улардан овқат ортиб қолса», деди. Сўнг ўрнидан туриб, Абу Жаҳл билан бирга қабиласининг аъзолари ўтирган жойга келди-да: «Муҳаммадни жинни деяпсизлар, унинг жиннилик қилганини ҳеч кўрганмисиз?» деди. «Худо ҳаққи, кўрмаганмиз», дейишди қабила аъзолари. «Уни шоир демоқчисизлар, бирор марта шеър айтганини биласизларми ўзи?» деди. «Худо ҳаққи, билмаймиз», дейишди. «Уни ёлғончи демоқчисизлар, бирор марта ёлғон гапирганини биласизларми?» деди. «Худо ҳаққи, билмаймиз», дейишди. Қурайш қабиласи аъзолари Валид ибн Муғийрага: «Нима дейлик бўлмаса?» дейишди. Валид ўйланиб қолди, ўзича ўлчаб-бичди-да: «Қуръон таъсирчан сеҳрдан ўзга нарса эмас», деди».

Ибн Исҳоқ қуйидагиларни ривоят қилади:

«Валид ибн Муғийра Қурайшнинг ёши улуғларидан эди. Ҳаж мавсуми яқинлашиб қолганида, Валид: «Эй Қурайш жамоаси, мавсум ҳам келиб қолди. Яқин орада ҳузурингизга арабларнинг вакиллари келади. Уларнинг ҳаммаси анави оғайнингиз ҳақида эшитган. Энди сиз у ҳақида гапни бир қилиб олинг. Яна гапингиз ҳар хил бўлиб, бир-бирингизни ёлғончи қилиб юрманг. Гапингиз хилма-хил бўлмасин», деди. Тўпланганлар: «Эй Абу Абдушшамс, сен ўзинг бизга бир фикрни айт, биз ўшани тутамиз», дейишди. У: «Йўқ! Аввал сизлар айтинг, мен эшитай», деди. Улар: «Коҳин, деймиз», дейишди. У: «Йўқ! Аллоҳга қасамки, у коҳин эмас. Коҳинларни кўп кўрдик. Унинг гапи коҳиннинг ғинғиллашига ҳам, сўзларни тартибга солишига ҳам ўхшамайди», деди. Улар: «Мажнун, деймиз», дейишди. У: «Муҳаммад мажнун эмас. Жинниликни кўп кўрганмиз. Унинг нима эканини яхши биламиз. Унинг гапи жиннининг бўғилишига ҳам, довдирашига ҳам, васвасасига ҳам ўхшамайди», деди. Улар: «Шоир, деймиз», дейишди. Валид: «У шоир ҳам эмас. Биз шеърнинг ҳамма турларини – ражазини ҳам, ҳажазини ҳам, қарийзини ҳам, мақбузини ҳам, мабсутини ҳам биламиз. Бу шеър эмас», деди. Улар: «Жодугар, деймиз», дейишди. У: «У жодугар ҳам эмас. Жодугарларни ҳам, жодуларни ҳам кўрганмиз. Унинг гапи уларнинг дам солишига ҳам, тугун тугишига ҳам ўхшамайди», деди. Улар: «Унда нима деймиз, эй Абу Абдушшамс?» деб сўрашди. Шунда Валид: «Аллоҳга қасамки, у айтаётган каломда бир ҳаловат бор. Ости сербарака, усти серҳосил. Сиз у ҳақда нима десангиз ҳам, ботиллиги дарҳол билинади. Аммо унинг ҳақида айтиш мумкин бўлган энг ишончли гап «сеҳргар», дейишингиздир. У бир сеҳр гапни келтирди. Ўша гап билан болани отасидан, акани укасидан, эрни хотинидан, одамни қабиласидан ажратмоқда», деди. Шу тўхтамга келишиб, тарқалишди. Кейин ҳаж мавсуми бошланганида, йўлларга ўтириб олиб, олдиларидан ўтганларни у зотдан эҳтиёт бўлишга чақириб, ишларини зикр қилишди».

Қадимги мушриклар каби, ҳозирги Қуръони каримга қаршилар ҳам турли «илмий» анжуманлар, йиғинларга жамланиб, ҳар хил «илмий» асарлар ёзиб, бу илоҳий Китоб ҳақида турли бўҳтонлар уюштиришдан чарчамадилар. Аммо ҳамма уринишлари чиппакка чиқди, чиқмоқда ва бундан кейин ҳам чиқаверади, иншааллоҳ. 

(давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу қисмда муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади ва мазкур қисм иккига ndash жоиз ва жоиз эмасга бўлинади.Жоиз бўлган раъй билан тафсир қилишда муфассир давоми...

1935 20:00 / 06.04.2021
18. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар .Анавилар Роббилари шаънига ёлғон давоми...

2969 05:00 / 23.01.2017
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади .Ёки худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшар. Унинг устидан мавж қоплагандир, умавжнинг давоми...

4233 15:00 / 07.08.2019
Абрамов луғатиВнушение ndash вдохновление, веяние, совет, рекомендация, предложение, наущение, вдохновение, побуждение ndash ишонтириш сингдириш, илҳомлантириш, давоми...

4431 14:10 / 18.03.2019