Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (66-дарс). Қуръон оятларининг тартиби

14:45 / 31.12.2019 5648 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръоннинг жамланишида оятларнинг тартиби Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишораларига мувофиқ ва Аллоҳ таолонинг тавқифи – белгилаб беришига асосан бўлган. «Тавқиф» сўзи бизнинг тилимизда «юқоридан тасдиқланган» деган маънони англатади. Яъни Қуръони Карим оятларининг тартиби Аллоҳ таолонинг Ўзи тарафидан белгилаб, тайин қилиб берилган. Бу ишда бандаларнинг ҳеч қандай дахли йўқдир.

Ҳар бир сурадаги оятларнинг ўрни ва басмалаларни сураларнинг бошига қўйиш тартиби шаксиз ва хилофсиз, тавқифийдир. Шунинг учун унга хилоф қилиш жоиз эмас.

Қуръони Карим оятлари тартиби тавқифий эканининг далили қуйидаги ривоятда келган.

Ибн Абу Мулайкадан ривоят қилинади:

«Ибн Зубайр деди: «Усмонга: «Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг…»ни бошқа оят насх қилган. Нимага уни ёзасан ёки тарк қиласан?» дедим. «Эй биродаримнинг ўғли, ундан ҳеч нарсани ўз ўрнидан ўзгартирмайман», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, Усмон розияллоҳу анҳу оятларнинг ўрнини ўзгартиришга журъат қилмаганлар. Гарчи оятнинг насх қилингани собит бўлиб турса ҳам, уни олиб ташламаганлар. Чунки у киши ўзларида ҳам, бошқаларда ҳам Қуръон оятларининг тартибига аралашиш ҳуқуқи йўқлигини яхши билар эдилар. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оятларнинг тартибини Аллоҳнинг амрига мувофиқ айтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврларида ваҳий котибларига ушбу тавқифий илмни етказганлар.

Имом Аҳмад Усмон ибн Абул Оссдан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдим. Тўсатдан у зот кўзларини юқорига қаратиб, сўнгра тўғриладилар-да, кейин бундай дедилар:

«Менга Жаброил келиб, мана бу оятни сурадаги мана бу ўринга қўйишимни буюрди: «Албатта, Аллоҳ адолатга, яхшилик қилишга, яқин қариндошга (ҳақини) беришга амр этур ва фаҳшдан, мункардан ҳамда тажовузкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эслатма олсангиз».

Ҳадис китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларига Қуръонни имло қилиб, сўнгра уларга оятлар тартибини кўрсатиб берганларини тасвирлайдиган кўплаб ҳадислар мавжуддир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча сураларни оятлари тартиби билан намозда ёки жума хутбаларида кўпчилик саҳобалар гувоҳлигида ўқиганлар. Мана шу ҳолат оятларнинг тартиби тавқифий эканига очиқ-ойдин далилдир.

Саҳобалардан бирор киши оятларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам белгилаб берган тартибига хилоф қилмаган. Ҳатто бу масала мутавотир даражасига етган.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
9. Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши, то у давоми...

9176 05:00 / 23.01.2017
Иордания давлатида қозилар раиси бўлиб ишлаган шайх Иброҳим Қаттон раҳматуллоҳи алайҳи .ТайсирутТафсир, деб номланган бир китоб ёзган. Китобнинг номи бизнинг давоми...

2033 17:00 / 22.06.2021
Имом Ибн Касир қироати1 Ундан Муҳаммад ибн Қунбул қилган ривоят ҳақида бизга Абу Муслим Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Алий алБағдодий хабар берган. У айтганки.Бизга Ибн давоми...

4297 13:30 / 26.01.2021
Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса осмонда.Роббининг изни ила ҳар давоми...

4408 19:14 / 12.03.2018