Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (91-дарс). Қуръони Каримда муҳкам ва муташобиҳ

13:00 / 23.06.2020 3292 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу мавзу Улуми Қуръондаги энг нозик мавзулардан бири ҳисобланиб, уламоларимиз унга катта аҳамият берганлар. Бу мавзуга киришдан олдин ушбу икки нарса – муҳкам ва муташобиҳнинг луғатдаги маъноларини яхшилаб ўрганиб олишимиз лозим бўлади.

«Муҳкам» сўзи бир нарсани яхшилаб қилиш ва унинг бузилишини ман қилиш маъносини билдирувчи «аҳкама» сўзидан ясалган бўлиб, «яхшилаб қилинган, маҳкам қилинган», «бузилмас» деган маънони англатади. Мисол учун, «аҳкама ал-амра» деган жумла «ишни яхшилаб қилди ва уни бузилишдан сақлади» деган маънони ифода қилади. Араблар отнинг юганидаги унинг оғзига солиб қўйиладиган темирдан бўлган «сувлиқ»ни ҳам «ҳакаматун» дейишади. Чунки у отни яхшилаб бошқаришга ва у ёқ-бу ёққа бурилиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.

Қуръони Каримнинг сифатларидан бири «Ҳаким» эканининг сабаби – унда ҳаққа ҳидоят қилувчи ва ботил ҳамда фасоддан ман қилувчи ҳикмат борлигидир. Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг назми ва услуби олий даражададир, балоғати мўъжизадир, мақсадлари олийдир, маънолари тўғри ва содиқдир. Бунинг устига, унда қарама-қаршилик йўқ, тафовут йўқ. Даража ва ожиз қолдирувчиликда унга ҳеч бир калом бас кела олмайди.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

«Алиф лаам ро. (Бу) оятлари мустаҳкам қилинган, сўнгра ўта ҳикматли, ўта хабардор Зот томонидан муфассал қилинган Китобдир» (1-оят)

Яъни «муҳкам» сўзининг «тузилиши пухта», «далолат қилиши дақиқ», «ҳар бир сўзи чуқур маъноли», «ҳамма тарафи бир-бирига муносиб», «ҳеч камчилиги йўқ» деган маънолари бор.

«...сўнгра ўта ҳикматли, ўта хабардор Зот томонидан муфассал қилинган Китобдир».

Батафсил баён қилиш керак бўлган ҳар бир жиҳати, жумладан, ғоялари, мақсадлари, мавзулари батафсил баён қилингандир.

«Қуръони Каримнинг муҳкам ояти» деганда равшан маъно билан келган ва эшитувчиси маъносини таъвил ва баёнсиз англаб оладиган деган маъно тушунилади.

«Муташобиҳ» сўзи «бир-бирига ўхшаш» деган маънони билдирувчи «ташабуҳ» сўзидан ясалган бўлиб, луғатдаги маъноси бизнинг тилимизда «ўхшаш» ва «аралаш» сўзлари атрофидаги маъноларда айланади. Арабларда икки нарса бир-бирига ўхшашлиги туфайли аралашиб кетганда ва уларни бир-биридан ажратиб олиш қийинлашиб қолганда ушбу сўз ишлатилади.

Ушбу луғавий маълумотлардан кейин мулоҳаза қиладиган бўлсак, «муҳкам» сўзида равшанлик ва маънони мустақил равишда баён қилиш борлигини кўрамиз. «Муташобиҳ» сўзида эса маънони ифода этишда ягона мустақиллик йўқлигини ва равшанлик етишмасдан, бир нарса иккинчисига ўхшаб қолишини англаймиз.

«Ташабуҳ» калимасидан ясалган сўзлар Қуръони Каримнинг баъзи оятларидагина келган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«(У) уларга ўхшаш қилиб берилгандир» (25-оят).

Яъни жаннатийларга бу дунёда баҳраманд бўлган меваларига ўхшаш мевалар берилади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«...қалблари ўхшаш бўлди…» (118-оят)

Яъни ҳақни кўрмасликда ва залолатда кофирларнинг қалблари бир-бирига ўхшашдир.

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш... китоб этиб туширди» (23-оят).

Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда, ҳукмда ва бошқа хусусиятларда бир-бирига ўхшашдир.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
36. Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга .Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг,, деб Пайғамбар юборганмиз. Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига давоми...

2947 05:00 / 23.01.2017
Қуръони Каримнинг асосий эъжози, яъни ожиз қолдириши унинг баёни ndash жумла ва сўз тизимидир. Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти, ҳар бир сураси ҳам лафз давоми...

4429 14:00 / 24.07.2019
103. Сен .Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми104. Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъиҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб давоми...

11879 05:00 / 23.01.2017
Маълумки, Қуръонсиз Ислом ҳам йўқ, иймон ҳам йўқ. Ҳамма нарса Қуръонга боғлиқ. Нималарга ва қандоқ қилиб иймон келтириш ҳам, нималарга ва қандоқ қилиб амал қилиш давоми...

3419 05:00 / 19.01.2017