Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (37-дарс). «Сабаби нузул» илмининг фойдалари (давоми)

14:30 / 15.06.2019 5287 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг шиорларидандир. Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, унга икковлари ўртасида саъй қилиши гуноҳ эмас» (158-оят).

Ушбу ояти кариманинг сиртқи маъносига қараладиган бўлса, кимдир ҳаж ёки умра қилганда Сафо ва Марва орасида саъй қилса, гуноҳ бўлмайди, саъй қилмаса ҳам бўлаверади, деган маъно чиқади. Жумладан, Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳам худди шундай тушунган. Аммо сабаби нузулни билганидан кейин ҳақиқатни англаб етган.

Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Оишага:

«Менимча, бир киши Сафо билан Марва орасида саъй қилмаса, зарар бўлмайди», дедим.

«Нима учун?» деди.

«Чунки Аллоҳ таоло: «Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг шиорларидандир. Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, унга икковлари ўртасида саъй қилиши гуноҳ эмас», деган», дедим.

«Сафо ва Марва орасида саъй қилмаган одамнинг ҳажини ҳам, умрасини ҳам Аллоҳ тугал қилмайди. Агар сен айтгандек бўлганида, «Икковлари ўртасида саъй қилмаса, гуноҳ эмас», дейиларди. Нима учун ундай бўлганини биласанми? Ансорлар жоҳилиятда денгиз бўйидаги икки санамга ният қилиб, талбия айтар эдилар. Улар Исоф ва Ноила деб аталар эди. Сўнгра келиб, Сафо ва Марва орасида саъй қилар эдилар. Кейин соч олдирар эдилар. Ислом келганда иккиси орасида худди жоҳилиятдаги каби тавоф қилишни ёқтирмадилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг шиорларидандир»(ояти)ни нозил қилди. Бас, улар саъй қилдилар», деди».

Бошқа бир ривоятда:

«Эй опамнинг ўғли, қандай ҳам ёмон гап айтдинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саъй қилганлар ва мусулмонлар ҳам саъй қилдилар. Бас, суннат бўлиб қолди», дейилган. 

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Ушбу ривоятда Қуръони карим оятларидан бирини, яъни Сафо ва Марва орасида саъй қилишга оид оятни нотўғри англаш оқибати ва уни тузатиш лозимлиги ҳақида Оиша онамиз томонларидан батафсил тушунтириш берилмоқда. Ривоят қаҳрамонларидан Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Оиша онамизнинг опалари Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг кичик ўғилларидир. У киши «Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, унга икковлари ўртасида саъй қилиши гуноҳ эмас» оятининг нозил бўлиш сабабини билмаганлари учун уни нотўғри тушунганлар. У киши ҳаж ёки умра қилувчилар Сафо ва Марва ўртасида саъй қилмаса, зарари йўқ, деган фикрга борганлар ва буни холалари – Оиша онамизга айтганлар. Оиша онамиз ҳамма тафсилотларни билганлари учун, жиянларининг хатосини тўғрилаганлар.

Бухорийнинг лафзида:

«Албатта, бу ансорийлар тўғрисида нозил бўлган. Улар Исломдан олдин Манот Тоғияга ният қилиб, талбия айтар эдилар. Улар унга Мушаллал олдида ибодат қилар эдилар. Ким унга атаб эҳром боғласа, Сафо ва Марва орасида саъй қилишни ўзига эп кўрмас эди. Улар Исломга кирган чоғларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўрадилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди. 

Абу Бакр айтдики: «Мен ушбу оятнинг икки гуруҳ ҳақида нозил бўлганини эшитдим. Иккиси ҳам жоҳилият вақтида Сафо ва Марва орасида тавоф қилишни ўзига эп кўрмаганлар ҳақида ва жоҳилиятда иккиси орасида тавоф қилиб юриб, Исломда уни ўзига эп кўрмаганлар ҳақида», дейилган.

Ушбу ривоятда исми зикр қилинган Манот Тоғия жоҳилият аҳлининг энг катта бутларидан бири бўлган. Мазкур бутни Амр ибн Луҳаф исмли киши Қадид деган жойга яқин бўлган Мушаллал номли кириш жойига қўйган бўлиб, ансорийлар Исломдан олдин ўша бутнинг олдида эҳром боғлаб, ҳаж ва умрани бошлар эканлар. Мазкур бутнинг олдида эҳром боғлаганлар Сафо ва Марва орасида саъй қилишдан хижолат бўлиб қолар эканлар. Демак, жоҳилият вақтида Сафо ва Марва орасида саъй қилишни ўзига эп кўрмаганлар ансорийлар экан.

Исломдан олдинги даврда Сафо тепалигига Исоф исмли, Марва тепалигига Ноила исмли бутлар қўйилганлигини, қурайшликлар саъй қилиб бориб, ўша ерга етганларида уларни улуғлашларини юқорида баён қилдик. Исломга кирганларидан кейин улар бу икки тепалик орасида саъй қилишни ўзларига эп кўрмай қолдилар. Демак, жоҳилиятда иккиси орасида саъй қилиб юриб, Исломда уни ўзига эп кўрмаганлар муҳожирлар экан.

Аллоҳ таоло «Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг шиорларидандир. Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, унга икковлари ўртасида саъй қилиши гуноҳ эмас» деган ояти каримани нозил қилиб, уларнинг нотўғри мулоҳазаларини тузатиб, ҳаж ва умрани ният қилган киши учун Сафо ва Марва орасида саъй қилиш Ислом шариатида собит қолишини баён этди.

Учинчи фойда: Оят нима ҳақида нозил бўлганини аниқ билиш. Бу эса ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйишга, бошқаси билан аралаштириб юбормасликка ёрдам беради.

Тўртинчи фойда: Ҳар бир оятни эшитган одам учун унинг нозил бўлиш сабабини билиш ёдлашни, тушунишни ва илоҳий каломни қалбга жо қилишни осонлаштиради.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй иймон келтирганлар Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун давоми...

6212 05:00 / 23.01.2017
Халаф уламолар мазҳабига кўраиккинчи мақола 2. Аллоҳнинг юзи ndash зоти.Юз жонзотлардаги маълум аъзо бўлиб, у оғиз, бурун ва икки кўзни ўз ичига олгандир. Албатта, давоми...

3595 13:04 / 03.11.2020
Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса осмонда.Роббининг изни ила ҳар давоми...

4408 19:14 / 12.03.2018
42. Улар жонжаҳдлари билан, агар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятли бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар. Қачонки давоми...

3708 05:00 / 23.01.2017