Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (2-дарс). Ваҳий

10:40 / 08.10.2018 11292 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ВАҲИЙ

«Ваҳий» сўзининг луғавий маъноси 

«Ваҳий» сўзи асл луғатда тезкор ва махфий хабар йўллаш маъносини билдирадиАраб тилида бу сўз яна бир неча маъноларда ҳам ишлатилади:

1. Инсондаги табиий илҳом. 

Аллоҳ таоло Қасос сурасида марҳамат қилади:

 

ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ


«Ва Мусонинг онасига «Уни эмизавер. Бас, қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, маҳзун бўлма, албатта, Биз уни сенга қайтарувчимиз ва уни расуллардан қилувчимиз», деб ваҳий қилдик» (7-оят).

Уламоларимиз ушбу оятдаги «ваҳий»нинг илҳом маъносида келганини таъкидлаганлар. Чунки Мусо алайҳиссаломнинг оналари пайғамбар бўлмаган, демак, у кишига ваҳий келмаслиги ҳам аниқ. Зотан, араб тилида, жумладан, Қуръони Каримда ҳам «ваҳий» сўзи пайғамбарларга келган махсус хабардан бошқа маъноларда ҳам ишлатилиши маълум ва машҳур. 

2. Ҳайвонлардаги ғаризий илҳом – инстинкт.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида шундай дейди:

 

ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ

«Роббинг асаларига ваҳий юборди: «Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган ишкомлардан уй тутгин. Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббингнинг осон қилиб қўйган йўлларидан юргин» (68-69-оятлар).

Аллоҳ таолонинг ҳайвонотларга, жумладан, асаларига «ваҳий қилиши» унга илҳом бериши ҳисобланади. Аллоҳ таоло асаларини яратганда, унга бир ҳис-туйғу ҳамда илҳомни қўшиб бергани учун, у кўпгина ақлли инсонлар қила олмайдиган аниқлик билан ўзига топширилган ишни бажаради. Жумладан, тоғлардан, дарахтлардан ва одамлар кўтариб қўйган ишком каби нарсалардан ўзига уй тутади. Ана шу илҳом – инстинкт араб тилида «ваҳий» деб юритилиши ҳам мумкин.

3. Рамз ва имо йўли билан тезкор ишора.

Аллоҳ таоло Марям сурасида марҳамат қилади:

ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ

«Бас, меҳробдан ўз қавми ҳузурига чиқди ва уларга: «Эртаю кеч тасбеҳ айтинглар», деб ишора қилди» (11-оят).

Соғлом ҳолида тилдан қолган Закариё алайҳиссалом меҳробда ибодат, тасбеҳ ва Таврот тиловати билан машғул бўлганлар. Меҳробдан чиқиб, қавмларига: «Эртаю кеч Аллоҳга тасбеҳ айтинглар», деб ишора қилганлар. Ўша ишора қилишлари ушбу оятда «ваҳий қилди» деган ибора билан ифодаланган.

4. Шайтоннинг васвасаси ва ёмонликни чиройли кўрсатиши.

Қуръони Карим шайтоннинг васвасаларини ва инсонларга ёмонликни чиройли кўрсатишини ҳам «ваҳий» сўзи билан ифода қилган.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида шундай деб марҳамат қилади:

 

ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ

«Ана шундай қилиб, ҳар бир набийга инсу жин шайтонларни душман қилиб қўйдик. Баъзилари баъзиларига алдаш учун жимжимадор гапларни «ваҳий» қилурлар» (112-оят).

Ушбу оятда шайтонларнинг васваса қилишлари «жимжимадор гапларни «ваҳий» қилиш» деб айтилмоқда.

Яна Анъом сурасининг 121-оятида Аллоҳ таоло бундай дейди:

 

ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ

 

«Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар».

Шайтонларнинг васвасалари тезкорлик ва махфийлик билан бажарилгани учун ҳам ушбу оятда бу ишга «ваҳий» сўзи ишлатилган. Биз уни «васваса» деб таржима қилдик.

5. Аллоҳ таолонинг фаришталарга буйруғи.

Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:

 

ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ

 

«Ўшанда Роббингиз фаришталарга: «Мен, албатта, сиз биланман, бас, сиз иймон келтирганларни собит қилинг, тезда куфр келтирганларнинг қалбларига қўрқинч соламан. Бас, бўйинлар устидан зарба беринглар ва ҳамма бармоқларига зарба беринглар», деб ваҳий қилган эди» (12-оят).

Аллоҳ таоло фаришталарга ушбу оятда келган амрларини тез ва махфий хабар орқали Ўзи билдирган эди. Шу боис бу амр «ваҳий» деб айтилган.

Ваҳийнинг истилоҳий маъноси.

Уламолар ваҳийни қуйидагича таърифлайдилар:

«Ваҳий – Аллоҳ таолонинг бандалари ичидан Ўзи танлаб олган шахсга Ўзи ирода қилган ҳидоятни тез ва махфий равишда билдиришидир».

Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз анбиёларидан бирига диний кўрсатмаларини юбориши ваҳийдир. Бу юбориш тезлик билан, бошқалардан махфий равишда бўлгани боис, унга «ваҳий» сўзи танланган.

Аллоҳ таолонинг мазкур ваҳийни, яъни диний кўрсатмаларини набийларига тезлик билан ва бошқалардан махфий равишда юбориши ҳам бир неча услуб билан бўлган. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда баён қилган. 

Аллоҳ таоло Шууро сурасида бундай деб марҳамат қилади:

 

ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ

 

«Аллоҳнинг башар билан гаплашмоғи бўлмаган, фақат ваҳий билан, ёки парда ортидан, ёхуд элчи юборади ва ул У Зотнинг изни ила хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур. Албатта, У Олийдир, ўта ҳикматлидир» (51-оят). 

Инсон зоти учун Аллоҳ таоло билан юзма-юз гаплашиш муяссар бўлмаган. Чунки ожиз инсон бу мақомга чидай олмайди. Аллоҳ таоло инсон билан ушбу уч услубнинг бири билангина сўзлашади:

1. «…ваҳий орқали…» 

Ваҳий, аввал таъкидлаб ўтилганидек, Аллоҳ томонидан бандага бирор хабарнинг махфий ва тез етказилишидир. Аллоҳ таоло пайғамбар алайҳиссаломнинг қалбига бирор хабарни етказади, пайғамбар эса унинг Аллоҳ таолодан эканини дарҳол билади. 

2. «...ёки парда ортидан…» 

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Ўзи кўринмай туриб гапиргани каби. 

3. «...ёхуд элчи юборади ва ул У Зотнинг изни ила хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур». 

Бунда Аллоҳ таоло Ўзи билан пайғамбари орасида воситачи – элчи қилиб, фариштани юборади. Фаришта келиб, Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани пайғамбарга етказади. 

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ билан инсон орасидаги суҳбат бевосита ёки билвосита бўлади. Бевосита бўлганида, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг қалбига Ўзи ирода қилган маънони ваҳий қилади. Бу ё уйқудаги солиҳ туш, ё уйғоқликда пайғамбарнинг қалбига тушган илҳом, ёки оятда айтилганидек, «парда ортидан» хитоб бўлади, яъни пайғамбар каломни эшитади, аммо калом эгасини кўрмайди. Пайғамбарларнинг тушлари ҳам ваҳий бўлади. Билвосита бўлганида, Аллоҳ таоло билан пайғамбари ўртасида фаришта воситачилик қилади. Воситанинг бир тарафида Аллоҳ таоло турса, иккинчи тарафида инсонлар орасидан танлаб олинган пайғамбар туради. Яъни ўша воситали гаплашиш ҳам ҳар кимга муяссар бўлмайди.

Қуръони Карим фақат уйғоқликда, фаришта воситасида нозил бўлган.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Вақт ўтиши билан .Араб тилини билмайдиган мусулмонлар Қуръони Карим маъноларини қандай ўрганадилар, деган савол пайдо бўлди. Гап таржимага бориб тақалди. Лекин давоми...

2872 17:00 / 13.07.2021
.Фи риҳабиттафсир, ndash Абдулҳамид КишкШайх Абдулҳамид Кишк бу тафсирни ёзишни 1981 йилда бошлаган. Ёзиб битирилган жузларни нашрга бериб, қолганларини ёзишда давом давоми...

1809 17:00 / 29.06.2021
Доктор Манноъ Қаттон ўзининг .Қуръон илмлари ҳақида тадқиқотлар, китобида жумладан шундай деган .Қуръонни мусҳафда маълум бўлган Усмоний расмга мувофиқ ёзиш давоми...

2186 13:00 / 19.11.2021
Бундан ташқари, ҳарфларнинг алмашиши, тушиб қолиши ёки қўшилиши, бир қоидани бир жойда бошқача, иккинчи жойда бошқача ифодаланиши, қироат тўғри бўлиши учун шарт давоми...

2869 17:00 / 05.12.2021
Аудиолар

118790 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40741 14:35 / 11.08.2021