Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга икки марта байъат қилган саҳоба | Ҳадис дарслари (279-дарс)

19:00 / 24 апрель 463 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ قَدْرُ صَلَاةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي الصَّيْفِ ثَلَاثَةَ أَقْدَامٍ إِلَى خَمْسَةِ أَقْدَامٍ، وَفِي الشِّتَاءِ خَمْسَةَ أَقْدَامٍ إِلَى سَبْعَةِ أَقْدَامٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг миқдори ёзда уч қадамдан беш қадамгача, қишда беш қадамдан етти қадамгача бўлар эди».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам Пешин намозининг бошланиш вақти ҳақида сўз бормоқда. Пешин намозини ёзда соя уч ёки беш қадам миқдорича, қишда беш ёки етти қадам миқдорича бўлганда ўқиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экан.

Албатта, бу Мадинаи Мунавварага тегишли гап. Чунки минтақанинг экватор чизиғига нисбатан яқин ёки узоқлигига қараб, соялар ҳар хил бўлади. Бу ҳадисни яхшилаб ўрганган уламоларнинг айтишларича, унда зикр қилинган миқдорлардан ёзда Пешин намози унга ажратилган вақтнинг ярмида, қишда аввалида ўқилгани келиб чиқади.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا نُصَلِّي الْعَصْرَ ثُمَّ يَذْهَبُ الذَّاهِبُ مِنَّا إِلَى قُبَاءٍ فَيَأْتِيهِمْ وَالشَّمْسُ مُرْتَفِعَةٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Биздан бир киши Асрни ўқиганимиздан кейин Қубога юриб борса, у ерга қуёш кўтарилиб турганда етиб борар эди».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Қубо Мадинаи Мунавварадан тўрт мил узоқликдаги машҳур жой.

Бу ривоятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида Аср намозининг олдинги вақтида ўқилиши одат эканлиги келиб чиқади.

عَنْ سَلَمَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا نُصَلِّي مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَغْرِبَ إِذَا تَوَارَتْ بِالْحِجَابِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ. ولِلثَّلَاثَةِ: كُنَّا نُصَلِّي مَعَ النَّبِيِّ r الْمَغْرِبَ فَيَنْصَرِفُ أَحَدُنَا وَإِنَّهُ لَيُبْصِرُ مَوَاقِعَ نَبْلِهِ.

Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Шом намозини (қуёш) парда ортига бекинганида ўқир эдик».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Учовлари қилган ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шом намозини ўқиб қайтган биримиз ўз камонининг ўқи тушадиган жойни кўрадиган бўлар эди», дейилган.

 

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Салама розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:

Салама ибн Амр ибн Сино ал-Акваъ ал-Асламий, кунялари Абу Муслим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки марта байъат қилган саҳобалардан.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан еттита ғазотда иштирок этганлар. «Зувҳард» ғазотида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни душманлар зарбасидан сақлаб қолганлар.

Усмон ибн Аффоннинг халифалик даврларида Африка ғазотларида иштирок этган, шижоатли камончи ҳамда чиройли хулқли, олийжаноб саҳобалардан эдилар.

Ҳаммаси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 77та ҳадис ривоят қилганлар.

Бу кишидан Мадина аҳлидан кўп жамоатлар, ўғиллари Иёс, қуллари Язийд ибн Аби Убайд ва бошқалар ривоят қилганлар.

Бу киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кучлиларимиз ичида энг яхшиси Салама ибн Акваъдир», деб марҳамат қилганлар.

Ўғиллари Иёс «Отам ҳеч ёлғон гапирмас эдилар», деб айтадилар.

Бу зот Мадинада истиқомат қилдилар. Кейин Мадинадан уч мил узоқликда жойлашган Рабза номли қишлоққа кўчиб ўтдилар. Ҳижратнинг 74-санасида 80 ёшларида ана шу ерда вафот этдилар.

Бу икки ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар Шом намозини олдинги вақтида ўқишлари ҳақида сўз бормоқда.

«(Қуёш) парда ортига бекинганда ўқир эдик» деган жумла Шом намози қуёш ботиши билан ўқилишини англатади.

Намозни жамоат билан ўқиб чиққан киши ўз камонидан отган ўқнинг қаерга тушганини кўра оладиган бўлиши ҳам шомнинг қуёш ботиши биланоқ ўқилишига далолат қилмоқда.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳофизулкабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий адДоримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга давоми...

4552 13:40 / 29.05.2019
. . Абу Ҳорун алАбдийдан ривоят қилинади .Абу Саъийднинг ҳузурига борсак .Марҳабо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари. давоми...

4091 18:00 / 06.04.2022
Фуқаҳоларимиз Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳара, ижмоъ ва қиёс каби масдарлардан фойдаланиб, шаръий ҳукмлар чиқариш учун .Усулулфиқҳ, номли қонунқоидалар мажмуи давоми...

5846 16:02 / 10.11.2018
. . Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат қиладиган жойга келдиларда, менга учта тош олиб давоми...

1903 19:00 / 21.12.2022