Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (83-дарс). Қадарга иймон келтириш

13:00 / 29.04.2020 4069 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

чинчи мақола)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда Ўз ҳузуридаги Арш устидаги Китобга «Албатта, раҳматим ғазабимдан илгаридир», деб ёзди», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадисда Аллоҳ таоло азалда, махлуқотларни яратишдан аввал, уларнинг тақдирларини белгилаш пайтидаёқ Ўз раҳматининг ғазабидан олдин бўлишини тақдир қилиб қўйганлиги хабар қилинмоқда. Бу ҳадиси шарифда қадар масаласининг бир қисми баён қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда» деганлари азалда – ҳамма нарсаларни келажакда қандай бўлишини билган пайтда, деганларидир. Демак, Аллоҳ таоло махлуқотларни яратишдан олдин келажакда уларнинг ҳоли қандай бўлишини билган. Чунки У Зотнинг илмининг чегараси йўқ. Ғайбнинг ишини У Зотнинг Ўзигина билади. Бу дунёда қиёматгача бўладиган барча ишни ҳам У Зотнинг Ўзигина билади.

«Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги Китобга» жумласидаги «Китоб»дан мурод «Лавҳул Маҳфуз»дир.

Демак, Аллоҳ таоло махлуқотларнинг тақдирини ёзган китобнинг номи Лавҳул Маҳфуздир. Бунга иймон келтириш ҳам лозим нарсалардан биридир.

«Арш» сўзи луғатда подшоҳ ўтирадиган тахтни англатади. Ақоид илми уламоларининг айтишларича, Арш оят ва ҳадисларда келган васфларга кўра оёқлари бор тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб туради. У худди олам устидаги қуббага ўхшайди. У барча махлуқотларнинг шифтидир. Аллоҳ таолонинг Аршга эҳтиёжи йўқ. Балки уни Ўзи билган ҳикмат учун яратгандир.

«Арш устидаги Китобга» деганда ҳиссий маъно кўзда тутилмаган, чунки Аршнинг устида бирор нарса йўқ. Бу ерда Аллоҳнинг ҳузуридаги олий маконлик кўзда тутилган. «Ёзди» деганда эса «Қаламга ёзишни буюрди», деган маъно кўзда тутилган.

Кўриб турибмизки, бу ҳадиси шарифда ақоид илмида «ғайбиёт» деб номланган нарсалардан бир нечаси зикр қилинмоқда. Ҳадиси шарифда ўша ғайбдан иймон келтириш лозим бўлган нарсалардан Аршни, Китобни ва уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мартабасини эслата туриб, Аллоҳнинг раҳмати У Зотнинг ғазабидан илгари эканлиги таъкидланмоқда. Бу эса биз бандаларнинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидвор бўлишимиз учундир.

Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир», деган.

Ушбу ҳадиси шарифдан қуйидагиларни истифода қиламиз:

1. Аллоҳ махлуқотлар қазои қадарини уларни яратишдан олдин қилгандир.

2. Аллоҳ махлуқотлар тақдирини «Лавҳул Маҳфуз» китобига ёзгандир.

3. «Лавҳул Маҳфуз» ҳақдир.

4. «Лавҳул Маҳфуз» Аллоҳнинг ҳузуридадир.

5. Арш ҳақдир.

6. Аллоҳнинг раҳмати ғазабидан илгаридир.

 «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . ..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Шайтон бирингизга келиб .Буни ким яратди Уни ким яратди, дейди. давоми...

4343 20:04 / 27.11.2019
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари бошқа пайғамбарларники каби ваъзнасиҳатдан иборатдир. Шундай бўлса ҳам, айнан .насиҳат, сўзи давоми...

6228 22:11 / 25.04.2017
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари давоми...

7324 14:40 / 08.07.2019
Имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ Хуросоний Насаий ҳижратнинг 215 йилида Хуросоннинг шаҳарларидан бири давоми...

4549 13:50 / 01.05.2019