Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Сўраганда охират саодатини сўраш кераклиги | Ҳадис дарслари (272-дарс)

19:00 / 06 март 1169 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ رَبِيعَةَ بْنِ كَعْبٍ الْأَسْلَمِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ أَبِيتُ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَتَيْتُهُ بِوَضُوئِهِ وَحَاجَتِهِ، فَقَالَ لِي: سَلْ، فَقُلْتُ: أَسْأَلُكَ مُرَافَقَتَكَ فِي الْجَنَّةِ، قَالَ: أَوْ غَيْرَ ذَلِكَ؟ قُلْتُ: هُوَ ذَاكَ، قَالَ: فَأَعِنِّي عَلَى نَفْسِكَ بِكَثْرَةِ السُّجُودِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Робийъа ибн Каъб ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунаган эдим. У зотга таҳорат сувлари ва бошқа ҳожатлари тушадиган нарсаларини келтирдим. У зот:

«Сўра», дедилар.

«Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман», дедим.

«Бундан бошқани эмасми?» дедилар.

«Шунинг ўзини», дедим.

У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ундай бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Робийъа ибн Каъб ал-Асламий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда кечаси бирга қолган эдилар. Ўшанда у зотнинг хизматларини ихлос билан қилиб, таҳорат суви, мисвок ёки жойнамозга ўхшаш ҳожат тушадиган нарсаларни келтирганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан рози бўлиб, «Хоҳлаган нарсангни сўра», дебдилар. Ана ўшанда Робийъа ибн Каъб ал-Асламий:

«Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман», деди.

У киши жуда катта нарсани, умуман, ҳаётнинг асосий муддаосини сўраган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ниятлари жиддийлигини билиш учун:

«Бундан бошқани эмасми?» дедилар».

Лекин Робийъа жиддий оҳангда:

«Шунинг ўзини», дедилар.

«Ундай бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Бу Пайғамбаримизнинг «Мен сенинг жаннатда рафиқим бўлишинг учун қўлимдан келган ҳаракатни қиламан, аммо ўзинг ҳам бу ишда менга ёрдам бер. Менга ёрдам беришинг саждани кўп қилиш билан бўлсин», деганларидир.

Бундан жаннатга киришнинг энг асосий омиллари намоз ва ундаги саждалар эканлиги билинади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Аҳли фазл кишиларнинг хизматида бўлиш фазилатли иш эканлиги.

2. Улуғ кишиларга таҳорат суви ва шунга ўхшаш ҳожатлари тушиб турадиган нарсаларни муҳайё қилиб туриш кичикларнинг вазифаси эканлиги.

3. Аҳли фазл кишилар ўзларини рози қилган атбоъларига мурувват этиб туришлари.

4. Сўраганда охират саодатини сўраш кераклиги.

5. Бир нарсани сўраган кишидан: «Бундан бошқани эмасми?» деб сўраш жоизлиги.

6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам амал қилмаган одамнинг жаннатга киришига бевосита сабаб бўлмасликлари.

7. Намознинг фазилати катта бўлиб, унинг жаннатга кириш учун зарур амал эканлиги.

8. Робийъа ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг фазилатлари.

Демак, иложи борича кўп намоз ўқиб, саждани кўпайтиришимиз лозим. Ана шунда жаннатдан ва ундаги олий мартабалардан умидвор бўлсак ярашади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳиро ғорида Қуръони каримнинг биринчи ояти нозил қилиниб, у зот пайғамбар бўлганларидан сўнг кишиларга ўзларига Аллоҳ давоми...

5881 14:10 / 09.01.2019
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Мадинанинг йўлларидан давоми...

1378 19:00 / 31.08.2023
.Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир одам келиб.Эй Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи давоми...

5150 14:08 / 26.02.2020
. . Абдуллоҳ ибн асСанобиҳий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Абу Муҳаммад .Витр намози вожиб,, деб даъво қилди. Бас, Убода давоми...

1506 19:00 / 24 январь