Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (207-дарс) Набий алайҳиссаломнинг болажонликлари

00:00 / 02.12.2022 1729 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أُمِّ قَيْسٍ بِنْتِ مِحْصَنٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّهَا أَتَتْ بِابْنٍ لَهَا صَغيرٍ لَمْ يَأْكُلِ الطَّعَامَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَجْلَسَهُ فِي حِجْرِهِ فَبَالَ عَلَى ثَوْبِهِ فَدَعَا بِمَاءٍ فَنَضَحَهُ وَلَمْ يَغْسِلْهُ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَلَمْ يَزِدْ عَلَى أَنْ نَضَحَ بِالْمَاءِ. رَوَى هَذِهِ الْأَرْبَعَةَ الْخَمْسَةُ.

Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«У киши ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйниларига ўтирғиздилар. Бола у зотнинг кийимларига бавл қилиб юборди. Бас, у зот сув чақирдилар ва унинг устига сепдилар, ювмадилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Сув сепишдан зиёда иш қилмадилар», дейилган.

Бешовлари ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифни ўрганар эканмиз, кичкина ўғил бола кийимга бавл қилиб қўйса, нима қилиш кераклиги билан бирга, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мутавозелик, меҳрибонлик, одамохунлик каби юксак инсоний фазилатларга эга эканликларига гувоҳ ҳам бўламиз.

Мадиналик мусулмонлар ўзларининг гўдак болаларини доимо Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб келар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларни қўлларига олар, ўпиб-эркалар, танглайларини кўтарар ва ҳақларига дуо қилар эдилар.

Кунлардан бир куни Умму Қайс бинти Миҳсон розияллоҳу анҳо «ўзининг ҳали таом емаган жажжи ўғлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди».

Яъни, гўдак онасини эмар эдию, ўзи таом ейдиган ёшга етмаган эди. Бу васфни зикр қилишдан мақсад ҳукмнинг қандай бўлишига таъсир қилади. Чунки фақат сут эмаётган ўғил бола билан таом ейдиган ўғил бола орасида фарқ бор. Уларга боғлиқ ҳукм икки хил бўлади.

«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қўйниларига ўтқаздилар».

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги болани қучоқларига олиб ўтирдилар.

«Бола у зотнинг кийимларига бавл қилиб юборди».

Ҳамма болаларнинг одати каби, Умму Қайснинг ўғилчаси ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларини ҳўл қилиб қўйди.

«Бас, у зот сув чақирдилар ва унинг устига сепдилар, ювмадилар». 

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сув олиб келишларини сўрадилар ва сувни олиб, бола бавл қилган жойга сепдилар. У жойни ювиб, сўнгра сиқиб ташламадилар.

Бошқа бир ривоятда «Сув сепишдан зиёда иш қилмадилар», дейилган.

Яъни, боланинг пешоби теккан жойга сув қуйиб қўйганлар, холос.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Эмизикли ўғил боланинг бавл қилган жойига сув қуйиш мумкинлиги.
2. Эмизикли бўлмаган боланинг пешоби нажаслиги (баъзи уламолар «нажас эмас», деганлар).
3. Кичик болаларга шафқатли ва меҳрибон бўлиш кераклиги. (Бу ишда мўмин-мусулмонларга сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнакдирлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш гўдакларни қучоқларига олар, лутф кўрсатар, ўпиб-эркалатар, ҳатто гўдаклардан баъзилари кийимларига бавл қилиб юборса ҳам аччиқланмас эдилар).
4. Ёш гўдакларни тақводор, аҳли фазл ва солиҳ кишиларга олиб бориб, дуоларини олиш яхши эканлиги.


«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Аллоҳ таоло айтади.Ва сизга Исломни дийн деб рози бўлдим, .Моида, сураси, 3оят.Бу жумла Моида сурасидаги оятдан бир бўлакдир. Айни ушбу жумланинг .Диннинг давоми...

4212 15:05 / 11.12.2019
.Агар хоҳласа, ҳаммангизни ҳидоятга солар эди,. Аллоҳ, шубҳасиз, бунга қодир. Мисол учун, фаришталарни шундай қилиб яратди. Улар доимо итоаткор, исёнсиз табиат давоми...

3937 14:01 / 05.08.2020
... . .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Уч нарса иймоннинг аслидандир .Лаа илааҳа иллаллоҳ, деган кимсага давоми...

3710 13:14 / 30.09.2020
. . Яъло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ жойда изорсиз ғусл қилаётган одамни кўриб қолдилар. давоми...

2229 19:00 / 03.08.2023