1446 йил 6 жумадул аввал | 2024 йил 08 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Асрларга татигулик хизмат

16:09 / 24 июль 1286 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳақларида чиққан мақола ва хотира китобларини ўқир эканман, мен ҳам шундай буюк зот билан бир асрда яшаб ва шахсан таниш бўлганимдан фахр туйғуларига тўлиб кетаман. Камина ходимингизнинг хотиралари асосан у зотнинг Жанубий Корея давлатидаги диндошларимизнинг маърифатларини ошириш, ибодатларини мукаммал адо этиш йўлидаги муҳим хизматлари билан боғлиқ бўлгани учун ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.

2006–2007 йиллари Жанубий Корея давлатида меҳнат муҳожирлари сафида ишлаб юрган кезларимизда биз ишлаётган Samsung кемасозлик заводида Ҳиндистон, Покистон, Малайзия ва бошқа мусулмон ўлкалардан муҳандис ва бошқа мутахассислар келиб, турли лавозимларда ишлашарди. Ана шу ажнабий мусулмонлар бир куни бизнинг беш-олти юз кишига мўлжалланган ётоқхонамизга келишди. Бу ерда жуда кўп ўзбек мигрантлари борлигини кўриб, «Ўзбеклар ҳам мусулмон бўлишади, шунинг учун сизлардан сўрамоқчимиз: бу шаҳарда масжид борми, жума намози ўқиладими?» каби саволлар билан мурожаат килишди. Биз шаҳарда масжид йўқлигини, фақат ҳайит намозларини бошқа шаҳарларга бориб, жамоат бўлиб ўқиб келишимизни айтдик.

Танишув ва қизғин суҳбат асносида улар бизнинг юртдан имом Бухорий каби жуда кўп буюк алломалар чиққанини айтиб, ҳозирда яшаб турган яна бир катта олим шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақларида ҳам гапириб қолишди. Гапнинг рости, бу киши ҳақларида кўп нарса билмасдим. Кейинроқ интернетдаги islom.uz сайти орқали берилаётган мақолалар, савол-жавоблар, онлайн китоблар орқали Шайх ҳазратларининг илмий фаолиятларидан воқиф бўлдик. Ўзбекистонга меҳнат таътилига келганимизда Наманганда Ҳазрат ўзлари очтирган дўконларидан китобларини харид қилиб, Кореяга олиб кетдик ва шу китоблар ёрдамида исломий билимларимизни ошириб бордик. Дин ҳақидаги тушунчаларимиз тубдан ўзгара борди.

2012 йили хориждаги иш фаолиятимни тугатиб, юртга кайтиб келдим. Бир дўстим суҳбат асносида олдиндан танийдиган акамиз Хайруллоҳ ҳожи ҳозирда Ҳазрат билан «Ҳилол-нашр»да ишлаётганини айтиб қолди. «Агар хоҳласанг, бирга бориб у киши орқали Ҳазратни зиёрат килиб келамиз», деди. Тошкентга бориб, ҳожи акага қўнғироқ қилдик. У киши «Ҳилол-нашр» биносида бизни кутиб олдилар. Тўққиз қаватли бинода нашриёт, босмахона, ўқув маркази ва islom.uz портали жамоаси жойлашган экан. Ҳожи аканинг хоналарига кириб, суҳбат пайтида Кореяда ўзбеклар учун масжид очилганини, масжид кутубхонасини Ҳазратнинг китоблари билан қўлдан келганча тўлдиришга ҳаракат қилганимизни, Ҳазратга бир-икки таклифларим борлигини айтдим. У киши кулимсираб, «Ҳа, яхши ишлар қилибсизлар, бугун Ҳазратнинг уйларида тўй: кенжа қизларини чиқаряптилар, тўйга олиб бораман», деб қолдилар. Биз эса бу таклифдан хижолатга тушиб, «Бемаврид келибмиз-да, олдин сизга қўнғироқ қилиб, кейин йўлга чиқсак бўларкан», дедик. Мен «Айтилмаган тўйга бормаслик ҳақидаги ҳадисни Ҳазратнинг китобларида ўқиганман, кейинроқ бошқа келамиз, шунда зиёрат қилдирасиз», десам, ҳожи ака «Мен сизларни таклиф қиляпман-ку», деб қўярда-қўймай тўйга олиб бордилар.

Ҳазратнинг уйлари коттежсифат қурилган икки қаватли уйлар қаторида, ихчамгина ҳовли экан. Дарвозахонада Ҳазратнинг ўзлари божалари Одилхон ака (оғайнимнинг дадалари) билан ўтиришган экан. Хайруллоҳ ҳожи ака меҳмонлигимизни ва Кореядан яхши янгилик билан келганимизни қисқача айтиб таништирдилар. Ҳазрат бизга бир қараб қўйдилар, сўрашиб бўлгандан кейин «Меҳмонларни ичкарига бошлаб киринг», деб ҳожи акага юзландилар. Бир чеккага бориб ўтирдик. Кейин билсак, тўйдан бир кун олдинги Хоразмдан келган эркак қудаларни меҳмон қилиш маросимида эканмиз, аср намозидан кейин қудаларнинг келиши кутилаётган экан.

Орадан чамаси бир ойча вақт ўтди. Хайруллоҳ ҳожи ака тўсатдан қўнғироқ қилиб қолдилар. Ҳазрат: «Кореядан келган боланинг Тошкентга йўли тушса, бизга учрасин», деб қолибдилар. Мен хурсанд бўлиб, албатта боришимни айтдим. Хайруллоҳ ҳожи, мен ва бир дўстим бирга Ҳазратникига йўл олдик. Дўстим зиёратга дадаси ва устозини ҳам бирга бошлаб олди. Ҳазратнинг қабул қилишларини кутиб турарканмиз, хаёлимда «Фикр-мулоҳазаларимни жамлаб, тўғри етказа олармиканман, ҳаяжондан ўзимни йўқотиб қўймасмиканман» деган ўй ўтди… Хонага Ҳазрат кириб келдилар, қўлларида тасбеҳ. Саломлашиш пайтида дўстимнинг дадалари Устознинг қўлларидан ўпиб кўришдилар. Бундай ҳолатни биринчи марта кўриб туришимиз эди (кейинчалик мен ҳам қўлларини ўпиб олмаганимдан афсусланиб юрдим). Ўтиришга таклиф қилдилар, салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашилди. Ҳазрат «Хайруллоҳ ҳожи Кореядан янгилик бор деганди», дедилар. Мен тушундимки, Ҳазратнинг вақтлари ҳисобли, тезроқ мақсадга ўтиш керак. Кореядаги ҳолат ҳақида қисқача маълумотлар бера бошладим: ўзбеклар жуда кўплигини, айниқса, мусофирчиликда динга эҳтиёжимиз катта бўлаётганини, биз турган Коже-до оролчасида масжид йўқлиги сабабли бошқа шаҳарларга бориб ҳайит намозларини ўқиб юрганимизни, ҳар гал борганимизда масжиддагилар бизнинг бир автобус бўлиб борганимизни кўриб, «Шаҳрингизга масжид керак экан» деб, масжид учун ижарага бино олишимизда, керакли маблағни тўплашимизда ва давлат идораларидан рўйхатдан ўтишимизда ёрдам беришганини, ўша масжид очилиб, айнан ўзбеклар учун хизмат килиб турганини ва қўлимиздан келганча Ҳазратнинг китобларидан бир кутубхонача ташкил этганимизни батафсил ҳикоя қилиб бердим.

Ҳазрат суҳбатда худди эски қадрдонлардек гаплашардилар. Мен ҳам ҳаяжонимни унутиб, таклифларимни айтдим: Устозга ўша янги очилган масжидга Ўзбекистондан ҳанафий мазҳабида намоз ўқиб берадиган имом жўнатсак яхши бўларди, чунки жамоат орасида диний илми бор ўзбеклар камлиги, борлари ҳам қанақадир қўрқув билан масжидга қатнаётгани, дунёда бўлаётган алғов-далғов сиёсий жараёнлар, бунинг натижасида Ислом шаънига доғ тушираётганлар, ўша масжидда бошқа давлат ва миллат вакиллари имомликка ўтаётгани, улар корейс ёки инглиз тилида маъруза қилиб, бизникилар тилни, айниқса, диний истилоҳларни яхши тушунмай, диний дунёқарашларига салбий таъсир қилиши мумкинлигини билдирдим. Қолаверса, бошқа мазҳаб вакилларининг намоздаги ва ўзларини тутишдаги ҳолатларни кўрган миллатдошларимизда турли саволлар кўпаяётганини ҳам айтдим. Ҳазратнинг китобларини Кореяга етказиш, олди-сотдисини йўлга қўйиш ҳақида ҳам фикр билдирдим. Чунки барча масжидларнинг кутубхоналарида ўзбек тилидаги ҳар хил йўналишдаги китобларга кўзим тушганди, шуларни Ҳазратнинг китобларига алмаштириш таклифини киритдим. Учинчи таклифим Устоз вақт топсалар, Кореяга ўзларининг боришлари ҳақида эди, у ердаги ўзбекларга руҳий ва маънавий куч улашиб келишни иш режаларига киритишларини илтимос қилдим.

 Ҳазрат мени жуда диққат билан тинглаб, саволлар ҳам бердилар. Жавобларимизни эшитгач, «Жуда катта ва яхши иш қилибсизлар, мен ҳукумат одамлари билан таклифингиз юзасидан гаплашаман», дедилар. Устоз билан суратга тушишга рухсат олдик, мақсадим Кореяда юрган биродарларни озгина бўлса ҳам хотиржам қилиш эди. Ҳазрат қўлларини очиб, килинган ишлар ва келажакдаги режалар, ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тааллуқли жуда гўзал дуо қилдилар.

 2012 йилнинг охирларида «Ҳазрат сизни сўраяптилар, ўз иши билан Тошкентга келса, учрашсин деяптилар», деб чақиришди (ўрни келганда айтиб ўтай: бирор марта «келсин, гап бор» демасдилар). Мен дарров йўлга тушдим. Ҳазрат юзларида табассум билан кутиб олдилар, эски қадрдонлардек «Сизнинг таклифингиз юзасидан ҳукумат одамлари билан гаплашдим, уларга таклиф жуда маъқул келди, «Нега шу вақтгача муҳожиротда ишлаб юрган юртдошларимизга имом жўнатиш фикри хаёлимизга келмаган экан, деб айтишди», дедилар. Кейин қандай қилиб имом жўнатиш, виза масалалари ҳақида савол-жавоб қилдилар. Китобларни жўнатишда қанақа муаммолар борлиги билан қизиқдилар.

 Ҳазрат айтганларидай, ҳукумат вакиллари бундай таклифларни қўллашларини билдиришди, бу ишларни амалга ошириш учун нималар қилиш зарурлигини биргаликда режалаштирдик. Юртимиз дунёга янги юз тутаётган давлат бўлгани ва бундай ишлар олдин амалда кузатилмагани боис, бошқа давлатлардан Кореяга борган имомлар қандай қилиб имомия визасини олиши тартиб-коидаларини, қилинадиган ишларни ўрганиб чиқиб, таклифлар ўртага қўйилди. Ташқи ишлар вазирлигидан Корея республикаси ҳукуматига имом жўнатиш масаласида хат юборилди.

 Орадан анча вақт ўтди, мен «Ишлар тезда юришиб кетаркан» деб ўзимча хомхаёл қилган эканман. Сабаби, шунча вақт ўтса-да, амалда бир қадам ҳам олдига силжимагандай эдик. Ҳазратнинг шогирдлари билан телефонда гаплашсам, islom.uz портали йиғилишларида Ҳазрат Корея масаласини кўп гапирадилар, деб тасалли беришарди. Кун ўтгани сари умуман юришмайдиган ишни бошлаб, Ҳазрат ва бошқаларнинг вақтини беҳуда олаяпман шекилли деб, ҳаммасидан воз кечишга қарор қилдим. Аммо мендан фарқли ўлароқ Ҳазрат бир ишга бел боғладиларми, сира ташлаб қўймас эканлар. Шогирдлари қўнғироқ қилиб, «Устоз Корея масаласида нега бу бола жим бўлиб кетди, деб сўраяптилар», дейишарди.

 Кореядан хушхабар келди: масжиддаги йигитлар Бусан шаҳридаги масжид имомининг олдига бориб, муаммони айтишибди. Корейс миллатига мансуб имом: «Мен сизларга ёрдам бераман, фақат имомингиз уч ойлик виза билан кела олади», дебди. Йигитларни Ҳазрат билан алоқага чиқариб қўйдим. Ҳазрат яна ҳузурларига чақирдилар. Машҳур имомлардан Нуруллоҳ қори ака билан суҳбат қилиб кўришим, агар маъқул келса, шу кишини имомликка жўнатишни таклиф қилаётганларини айтдилар. Мендай бир ожиз банда ўзимни шундай катта уламоларнинг оёғи тагида ўралашиб юргандай ҳис этиб, «Сиз таклиф қилган одамдан мен айб топаманми?» деган истиҳолада эдим. Ҳазратга «хўп» деб, қори аканинг уйларига бордим, танишиб, суҳбат қурдик. Нуруллоҳ қори ака Ҳазрат «Ислом манфаати йўлида сизга бир хизмат бор» деганларини, қариган чоғларида бу ишларни қўлларидан келганча бажаришларини айтдилар. Устоз суҳбатларимиздан биридаги «Борадиган имом ҳеч бўлмаса инглиз ёки корейс тилини билса яхши бўларди» деган гапимни ҳам инобатга олибдилар. «Нуруллоҳ қори аканинг араб тилини яхши билишлари у ердаги имомлар билан тил топа олишда ёрдам беради, маҳаллий муаммоларни эса корейс тилини яхши биладиган ўзбеклар ёрдамида ҳал этасизлар, ҳаммаси яхши бўлади, иншааллоҳ», деб йўл кўрсатдилар.

 Ҳазрат тезда Нуруллоҳ қори аканинг ҳужжатларини жўнатибдилар. Корейс имом қори акага ўз номидан виза жўнатиб, виза мазмунида у кишини имомликка таклиф қилибди. Эшитишимизча, қори аканинг чиқиш (стикер) визаларида муаммо бўлибди, Ҳазрат буни ҳам тезда ҳал қилиб, дуои хайрлар билан Нуруллоҳ қори акани 2015 йил февраль ойида Кореяга имомликка жўнатдилар.

Орадан бир неча ҳафта ўтиб, кеч соат ўнларда машъум бир хабар эшитдим: Ҳазрат вафот этибдилар. Бошимга осмон қулагандай, дунё ағдар-тўнтар бўлиб кетгандай туюлди. Бошлаган ишларимизнинг рўёбини кўрмай Устознинг кетиб қолганларидан қаттиқ изтиробда эдим. Ўксик дилимга бир нарса тасалли бўларди: Ҳазратим бошида турган ишларимиз у кишининг дуолари баракотидан анча олдинга силжиб қолган эди. Кореядан қўнғироқ қилишларича, Нуруллоҳ қори ака ишларни бошлаб олибдилар. Ҳазратнинг фоний дунёдан кетганлари ҳақидаги хабарни эшитиб, Кореяда очилган биринчи ўзбеклар масжидини бир овоздан «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» номларига қўйишди. Нуруллоҳ қори ака Кореянинг Кимхе шаҳрида яна бир масжидга асос солдилар. Аллоҳнинг қадари экан, 2018 йили Нуруллоҳ қори ака Тошкентда вафот этдилар.

2016 йилнинг бошларида яна бир яхши янгилик бўлди. Корея пойтахти Сеул шаҳридаги катта масжид ёнида Ҳазратнинг шинам ва чиройли китоб дўконлари очилишининг фотосуратларини олдим. Энг қизиғи, дўконнинг очилиш маросимига хориждаги юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистондан олти кишига виза бериладиган бўлди. Устозимизнинг ўғиллари Исмоилхон бошчилигидаги делегация китоб дўконининг очилиш маросимига борганини, Корея бўйлаб кўплаб масжидларда чиройли маърузалар қилиб, хорижда ишлаётган миллатдошларимизнинг диний ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келганларини islom.uz портали орқали бутун дунё кузатиб турди. Ана шунда Ҳазратимиз бошлаб берган хайрли ишлар рўёб чиққанидан, у зот сепиб кетган эзгулик уруғлари мева бера бошлаганидан қалбим қувончга тўлди.

Ҳозирги кунгача ҳар уч ойда Кореяга имомлар алмашиб бориб, миллатдошларимизнинг маънавий ва диний эҳтиёжларини қондириб келишмоқда. Ҳазратимиз орзу қилганларидай, ўша олис юртда ер сотиб олиниб, масжид қурилди, имомлар визасига йўл очилди. Бошда бу ҳақда орзу ҳам қила олмасдик. Бу ишларнинг бошида Ҳазратнинг ўзлари турганлари ҳам ана шу оламшумул воқеаларнинг рўёбга чиқишида муҳим аҳамиятга эга бўлгани ҳаммага беш қўлдай аён эди.

 

Сайфуллоҳ Ҳамидуллоҳ

«Ҳилол» журнали 7-сон

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳофиз, бир нечта китобларнинг муаллифи Абу Ҳомид Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳяд ибн Момо Асбаҳоний Момоий.Абдурраҳмон ибн Абу Шурайҳ, Абу Али Исмоил ибн Ҳожиб давоми...

1411 11:00 / 25.10.2020
У кишининг тўлиқ исмлари Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Абул Барокат Ҳофизиддин ан Насафийдир. У киши замонасининг етук олимларидан бўлиб, фиқҳ, усулул фиқҳ, давоми...

4919 22:20 / 27.04.2017
Мулла Ёқуб хўжа эшон 1890 йил Наманганнинг қадимий манзилгоҳларидан Хўжа Шўркент қишлоғида таваллуд топди. Отаси Исроил ва бобоси Исмоил додхоҳлар Қўқон хонлиги давоми...

2023 09:45 / 02 март
иккинчи мақола Ҳиндистонда саккиз йил мобайнида қатнаб, ҳар сафар тўрт ёки олти ойдан таълим олганлар. Қисқа муддатга борсалар ҳам ихлос ва жидду жаҳд билан давоми...

2543 09:39 / 07.09.2023
Аудиолар

133800 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7468 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54137 14:35 / 11.08.2021