1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
20:55 / 05.12.2022 5038 Кўриш режими

Шайх Али Солиҳ ҳазратлари билан бўлган суҳбат


Бизга ҳаётни ато қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиш шарафини берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳ таоло Жавомеъ ул калим сифатини берган, тилига ҳикмат булоқларини жорий қилиб қўйган, Аллоҳ таоло Меърож кечасида жаннат ва ундаги неъматлардан бохабар қилган, дунё хазиналарини таклиф қилинганда қабул қилмаган, қавми озор берганда «Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қилгин! Улар нима қилаётганларини билмаяптилар», дея марҳамат қилган, Қуръони Каримда у киши ҳақида «Ва албатта, сен буюк хулқдасан» (Қалам сураси, 4-оят) дея васф қилинган зотга салавот ва саломлар бўлсин!

Аллоҳ таоло осмонда буржлар яратгани каби солиҳ дўстларининг қалб самоларида ҳам ўзига хос буржлар яратган. Осмондаги буржлар саноқли бўлса, авлиёларнинг қалбларидаги буржлари шоҳид бўлинган буржлардир. Осмондаги қуёш нур сочиб кун охирида ботади, қалбдаги қуёш эса ҳеч қачон ботмай доим нур сочиб туради. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган саҳобалар, тобеъинлар ва Қиёматгача уларга яхшилик ила тобеъ бўлганлардан рози бўлсин!

Бошловчи: «Устоз, хуш келибсиз!»

Устоз: «Аллоҳ сизларни икром қилсин!».

Бошловчи: «Эшитишимиз бўйича, устоз, сиз 60 000 дан ортиқ китоб мутолаа қилган экансиз.

Устоз: «Ҳа».

Бошловчи: «Бу муваффақиятнинг сири нимада?»

Устоз: Аллоҳ таоло болалигимиздаёқ кўп китоблар ўқишимизни ирода қилди. Бунинг сабаби, онамдир. Онажоним илмни жуда яхши кўрардилар, менга бошларида китоблар олиб келардилар. Мен мутолаа қилишим учун китобларни сотиб олиб келардилар. Натижада, уйимизда каттагина кутубхона пайдо бўлди. Ундаги китобларнинг миқдори 60 000 га етди. Биз матн китобларни ёдлар эдик. Болалигимизда тажвид илмига оид «Туҳфат-ул атфол», «Жазарий», мерос илмига оид «Роҳобийя», мантиқ илмида эса «Ас-суллам» ва бошқа кўплаб фанларга оид китобларни ёдлаганмиз.

Бошловчи: Устоз, бир кунда неча соат китоб мутолаа қиласиз?

Устоз: Биз бир кунда 15 соатдан ошиқ вақтни китоб мутолаасига бағишлаймиз. Бунинг сабаби эса биз бекорчиликни ёқтирмаймиз, шунинг учун шогирдларимиз билан китоблар ўқиймиз. Гоҳида, бир кунда бир китобни тўлиқ ўқиб тугатамиз. Шу тарзда, Аллоҳнинг иродаси билан Имом Қуртубийнинг «Тафсир»ларини 70 мартадан ортиқ ўқиб чиқдик. Қолаверса, Имом Насафийнинг «Тафсир»ларини, Имом Байзовийнинг «Тафсир»ларини, Имом Ҳозимнинг «Тафсир»ларини, Имом Ибн Касирнинг «Тафсир»ларини, Фахриддин ар-Розийнинг «Мафатиҳ-ул ғойб» тафсирларини ўқидик. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг бизга ато қилган фазлидир.

Бошловчи: Аллоҳ сизга барака ато қилсин, устоз! Аллоҳ сизнинг илмингизни ва умрингизни зиёда қилсин!
Устоз: Омин!

Бошловчи: Устоз, китобларни қандай ўқийсиз? Яъни, Аллоҳга ҳамд бўлсинки, қалбингизнинг басийрат кўзи очилган, китобни ўзингиз ўқийсизми ёки биров сизга ўқиб берадими? 

Устоз: Бошида ўзимиз ўқир эдик, кўз хиралашгач, китоб ўқишда биродарларимиздан ёрдам сўрайдиган бўлдик. Бугун эса, ўзингизга маълум бўлганидек ва кўпчилик таъкидлаганидек, ичувчи тингловчимиз, биродарларимиз эса сут улашувчи ўқувчидирлар. Шундай қилиб, дўстларимиздан кўп-кўп истеъфода қиламиз. 

Бошловчи: Китобни ўқиш имкониятингиз қачондан бошлаб тўхтаб қолди?

Устоз: Ўзимизда ўқиш имконияти ҳали болалик пайтимиздаёқ тўхтаб қолган. Тахминан, 10 ёшимдан бошлаб, бошқаларнинг китоб ўқиб беришига эҳтиёж сеза бошладим. Дўстларимиз орасида китоб ўқишни севадиганлар талайгина, улар билан кўплаб китобларни мутолаа қилдик.

Бошловчи: Тушунарли. Уламолар айтишадики, илм олишнинг ўз йўли, қонун-қоидаси бор экан. Шу ҳақида гапириб берсангиз.

Устоз: Илм ўрганмоқчи бўлганларга шу зарурки, хоссатан, иш бошилар, толиби илмларнинг ота-оналари-ю устозларига тегишли жойи шуки, улар фарзандларини, шогирдларини ёшлик чоғларидаёқ Аллоҳнинг каломини ёд олишга йўналтирмоқлари лозим.

Чунки, Қуръон толиби илм ва барчага энг яхши озуқадир. У сизга энг гўзал ҳулқларини ўргатади, у сизни энг гўзал сифатларга бошлайди. Мана шу ишни қиладиган китоб Қуръондир. Қуръон сизга тўғри гапиришни ўргатади. Ким Қуръонни ўқиб ёд олса, тажвидни ўрганса, гапиришда моҳир бўлади, хато қилмай тойилмай гапиради.

Бошловчи: Қуръонни ёд олгандан кейин илм олишнинг қонун-қоидаси қандай бўлади?

Устоз: Толиби илм Қуръонни ёдлагандан сўнг илмнинг асосларини ўрганиши лозим. Тажвидни, тиловат ҳукмларини ўрганиши керак. Чунки, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай амр қилган: «Ёки у (ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил» (Музаммил сураси 4-оят). 

Қолаверса, толиби илм сарф-наҳв қоидаларини, балоғат илмини ўрганиши, арабча шеър ёдлаши керак. Чунки шеър ёдлаш хотира учун ўзига хос тажриба майдони бўлиб хизмат қилади.

Бошловчи: Руслар Мовароуннаҳр диёрини босиб олиши туфайли илм ва уламоларнинг бой меросидан узилиб қолдик. Ўзингизга маълумки, Мовароуннаҳр диёри илм ва уламоларга бой диёр эди. Бу диёр «Дорул фунун» илм ўлкаси деб аталар эди.

Айниқса, Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари. Олдинги ҳолимизга қандай қайтамиз?

Устоз: Шуни айтишни истардимки, Мовароуннаҳр — буюк диёр. Аллоҳ таолодан бу диёрни, унда яшовчиларни ва раҳбарларни паноҳида асрашини ва уларни доим яхшилик сари муваффақ этишини сўраймиз. Бу диёр кўплаб уламоларни етиштириб берган. Биз шу диёр уламоларининг ёзганларига, асарларига суянамиз. Бу диёр имом Бухорийни етиштириб берди. У кишининг Саҳиҳул Бухорий асарлари Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги энг ишончли китобдир. Бу китобни бизнинг ҳаётимизда жуда катта ўрни бор. Бу юртдан кўплаб уламолар етишиб чиқган. Шулардан бири Баҳовуддин Нақшбандий раҳматуллоҳи алайҳдир. У киши солиҳ имом эдилар. Улуғ имомларимиздан яна бирлари муфассир имом Насафийдир. Шу каби бу юрт кўплаб уламоларга бешик бўлди.

Бизнинг устимизда бу юртнинг фазилати ҳақ-ҳурмати бор. Имом Замахшарий ҳам шу она юрт фарзанди. Мен у кишининг «Ал-Кашшоф» номли тафсирларини ўқиганман. Ушбу китоб тафсир китоблари орасида энг улуғларидандир. Бу китобда Қуръони Каримдаги балоғат жиҳатларига кўпроқ урғу берилган. Баён, истиъора, ташбеҳ, илми-маоний, фасл ва васл, илми бадиъ жиҳатларига ҳам кўпроқ эътибор қаратилган. Бу илмда сўзни чиройли равишда етказиш қоидаларини ўргатади. Бу улуғ юртга ва унда истиқомат қилувчиларга иншааллоҳ аввалгидан ҳам зиёдароқ пешқадамлик қайтади. 

Бошловчи: Аллоҳ таоло нафақат бу юртга балки мусулмонлар истиқомат қиладиган барча ўлкаларга шу саодатни насиб этсин.

Устоз: Омин. 

Бошловчи: Ўқилган нарсани хотирада сақлашнинг энг осон услуби қандай? Биз бир китобни ўқиймиз, бироз ўтиб мутолаа қилганларимизни унутиб қўямиз. 

Устоз: Китобни онгли равишда ўқиш тадаббурга боғлиқдир. Тадаббур билан ўқишнинг ҳаётимизда таъсири катта. Ҳар бир китоб ўқиётган киши чиройли ибораларни танлаши, уларни такрорлаши керак. Ана шунда улар хотирасида қолиши осон кечади. Фанларни севиш ҳам бу борада ёрдам беради. Жумладан, тафсирни, тилни, сарф ва наҳуни севиш. Шу каби ишлар илмларни фаҳмлашда салмоқли таъсирга эга бўлиб, булар сабабидан инсон ўқиганларини ёдидан чиқармайди. 

Бошловчи: Ташаккур устоз. Сиз таъсирланган устозлар ким?

Устоз: Аллоҳ таоло бизга 300 дан ортиқ шайхнинг қўлида таҳсил олишимизни насиб этди. 

Бошловчи: Машааллоҳ.

Устоз: Аввало, Саҳиҳул Бухорийни, шайх Муҳаммад Али Аҳмадийнинг қўлида ўқидик. У киши усулуд-дин факультетида устоз эдилар. Саҳиҳу Муслим китобини Муҳаммад Нажиб Мутиъийнинг қўлида ўқидик. Бу устознинг лақаблари «Кичик Нававий» эди. Сунани Абу Довудни Маҳмуд Амин Хаттоб Субкийнинг қўлида ўқидик. Бу киши катта имом эдилар. Бу устознинг оталари Сунани Абу Довудни шарҳ қилган эдилар. Тафсирни ҳам кўп устозларнинг қўлида ўқидик. Абу Саъуд тафсири, Тафсиру Байзовий, Тафсиру Жалолайнни тўртта шайхнинг қўлида ўқидик. Ўқиганда ҳам ниҳоясига етказдик. Булар Саъид Аҳмад, Саъид Аҳмад ал Мусайяр, шайх Абдураҳмон Усмон, шайх Али Ҳалилдир. Аҳволи шахсийя, Фароиз илмларидан Муҳаммад Абу Заҳро раҳимаҳуллоҳдан илм олдик.

Шайх Сайид ал Ҳаким, шайх Сайид Нададан Улумул ҳадисдан таҳсил олдик. «Тадрибу ровий» асарини ҳам ўқидик. Ушбу китоб имом Суютийнинг асарларидандир. Агар мен ҳамма устозларим ҳақида гапирадиган бўлсам, тонг отгунча сўзлашимга тўғри келади. Аллоҳ таолодан мазкур уламоларамиз сабабли бизга кўп фойдалар ато қилишини сўраймиз. Албатта, У хоҳлаган нарсага қодир Зотдир. Адабиёт назм ва наср бўйича устозимиз Саъид ал Кархий дарсларни топширар эдим. 45 йил давомида радиоэшиттириш орқали Адабул араб дарсларини ўқиб бердим. 

Бошловчи: Ҳанафий фиқҳини кимда ўқигансиз?

Устоз: Ҳанафий фиқҳини кўп шайхлардан ўргандим. «Ихтиёр» китобини 
шайх Али Абдурроҳимда ўқидим. Кейинчалик китобнинг қолган қисмини Абдурроҳман ас Саъидийда ўқидим. У катта шайхлардан эди. Шу ерлик олим имом Марғинонийнинг «Ҳидоя» асарларини шайх Аҳмад Харидийда ўқидим. У Миср ўлкаси муфтийси эди. Мен у кишига «Ҳидоя» асарини тўлиқ ўқиб бердим. Биз Ҳанафий мазҳаби бўйича кўп китоб ўқидик. Шайх Саъид Абдулғаффорнинг қаламига мансуб «Саъидият» китобини Ҳасан Абдурроҳманнинг қўлида ўқидик. Бу киши парҳезкор, тавозеъли эдилар, ўзлари ушбу китобни муаллиф Саъид Абдулғаффорнинг ўзига ўқиб берганлар. «Шифо» китобини шайх Ҳасанайн Махлуфга ўқиб берганмиз. Бу киши ҳам Миср муфтийси эдилар. Аллоҳ таоло ҳаммаларини раҳматига олсин. 

Бошловчи: Сиз бошқа суҳбатларингиздан бирида Муҳаммад Муҳйиддин Абдулҳамидга ҳам шогирд бўлганингизни айтган эдингиз. У киши ҳақларида ҳам сўзлаб берсангиз?

Устоз: Биз бу устозга «Ажрумийя» матнининг шарҳини ўқиб берганмиз. Наҳв илмига оид «Туҳфа» китобини ҳам ўқиб берганмиз. Яна у кишига Холид Азҳарийнинг «Азҳарийя» китобининг шарҳини ўқиб берганмиз, «Қотрун нада», «Шузур аз-заҳаб» китобларини, Ибн Моликнинг «Алфия»сини ўқиб берганмиз. Аммо бу китобни у кишида охирига етказа олмай бошқа шайхларда тугатганмиз. Бу китобни Ибн Ақил шарҳ қилган эди. «Авдохул масалик» китобини ҳам ўқиганмиз. Бу китобни муаллифи Абдулфаттоҳ ад-Дажвий эди.

Бошловчи: «Адабул бахс вал мунозара» китобини ҳам ўқиганмисизлар?

Устоз: Ушбу китобни Муҳаммад Муҳйиддинда ўқиганмиз. Устоз бу китобни менга кўп бора ўқиб берганлар. Аллоҳ таолодан бу имомни ҳам раҳматига олишни сўраймиз. 

Бошловчи: Бизга айтишларича, сиз Қуръони Карим қироатида Хафснинг Осимдан қилган ривояти бўйича энг олий ижоза соҳиби экансиз. 

Устоз: Акромакумуллоҳ — Аллоҳ сизни икром қилсин.

Бошловчи: Ижоза олиш бўйича кимга ўқиб бергансиз?

Устоз: Имом Хафснинг Осимдан қилган ривояти бўйича ижоза олиш борасида иккита шайхга ўқиб берганман. Биринчиси, Омир Саййид Усмон. Бу киши Миср қориларининг шайхидир. Абдулазиз аз Зайёдга мусҳафни тўлиқ ўқиб берганман. Бу киши тажвид ва қироат илмида имом эдилар. Мен ҳам бошқа қорилар ҳам ижоза олиш учун шу устозларга ўқиб берганмиз. 

Бошловчи: Толиби илмлар илм олаётганда ва устозлар ҳузурида қандай вазифалари бор?

Устоз: Толиби илм илмни ва гўзалликни яхши кўрувчи бўлиши керак. Агар гўзаллик истасанг, илм ўрган. Илм — пойдевори йўқ уйларни ҳам юқорига кўтаради. Жоҳиллик эса иззат ва шараф уйларини ҳам вайрон қилади.

Муҳаббатнинг аҳамияти катта, агар бир нафсда муҳаббат бўлмаса, у кўп нарсанинг маъносини англаймайди. Мен муҳаббат сабабидан ўзимни нафсимни англаб етдим ва муҳаббат туфайли Аллоҳни танидим. Шунингдек, толиби илм камтар бўлиши керак. Илмни ўрганишдан Аллоҳнинг розилигини мақсад қилиш керак. 

Бошловчи: Устозларни толиби илмлар олдидаги вазифалари қандай?

Устоз: Аллоҳ таоло бизга ихлосда имом бўлган зотларни устоз  қилиб берди. Биз улардан ихлослари, Аллоҳга бўлган муҳаббатлари сабабидан кўп илмлар ўргандик. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ шундай деган эдилар: «Биз илмни аввал бошида Аллоҳдан бошқа учун ўрганган эдик. Илм эса фақат Аллоҳ учун ўрганиладиган нарса эканини бизга билдирди». Толиби илм устозини яхши кўриши ва унга итоат қилиши, унинг буйруқларига бўйсиниши керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Толиби илмлигимда хўрландим ва илм олгач азиз бўлдим», дедилар.

Аллоҳни фазли билан илм талабида машаққатларга бардош берар эдим. Олим бўлганимда одамлар мен томонга кела бошлашди. Илм ўрганиш мақсадида эшигимни тақиллатадилар. 

Бошловчи: Биз устозларни толиби илмлар олдидаги вазифалари ҳақида суҳбатлашаётган эдик. 

Устоз: Устоз шогирдларини ўз фарзандидек яхши кўриши керак. Шогирдлар фарзандлар мақомида бўлади.

Фарзандларни севгандек шогирдларни ҳам севиш керак. Бу жуда муҳим жиҳат. Устоз шогирдларига ўзидаги илмни бериши, бу борада бахиллик қилмаслиги керак. Ким илм ўрганиб уни беркитса Қиёмат куни ўтдан бўлган юган билан юганланади. Шогирдларига нисбатан ихлосли бўлиши керак, улар ҳақида доим хабардор бўлиши, шогирдлари бирор бир сўзнинг маъносини тушуна олмай қолса, луғат китоблардан қараб топиб бериш керак.

Чунки уламоларимиз луғат бўйича улкан илмий мерос қолдириб кетганлар. Жумладан, «Ал муҳит», «Лисанул ароб», «Мухтор ас сиҳаҳ», «Ал мисбоҳ», «Ал мунир» ва ҳоказо китоблар луғатшунослик фанига тегишлидир. Араб тили луғатшунослигида ўн икки миллион атрофида сўз борлиги қайд этилган. Араблар миллион деган рақамни билишмас эди. Улар бу рақамни мингта-минг деб ифода қилишар эди. Бунча сўзни фақатгина Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қамраб олганлар холос. 

Бошловчи: Устоз Аллоҳ сизга баракот берсин. Суҳбатимиз якунида шу замондаги толиби илмларга қандай насиҳатларингиз бор. 

Устоз: Толиби илмларга айтадиган насиҳатим шуки, улар ўқишга эътиборни кўпроқ қаратсинлар. Аниқроғи тушуниб, тадаббур билан ўқишга аҳамият берсинлар. Шу билан бир қаторда китобни қўлдан қўймасинлар. Чунки китоб энг яхши дўстдир. Эслаб қолинг, китоб энг яхши дўстдир. Агар сиз китобни севсангиз, у ҳам сизни севади.

Илм молдан яхшидир. Чунки мол бир кун келиб тугайди. Илм эса қолади. Илм сизни ҳеч қачон тарк қилмайди, ҳатто қийин вазиятларда ҳам. Пулни бировга берсангиз камаяди, илм эса берсангиз ҳам камаймайди. Аллоҳ таолодан Ўзининг фазли ила бизга илм беришини, илм талаб қилишимиз орқали бизга ўз марҳаматини кўрсатишини сўраймиз, У хоҳлаган нарсасига қодир Зотдир. Аллоҳ таолодан шу жойнинг раҳбарлари, ходимларини хайрга муваффақ этишини, улар сабабли бандаларни ва юртни саодатли қилишини тилаб қоламиз.

Аллоҳдан шу юртни паноҳида асрашини, уни хайрият, тинч-омон ўлка қилишини сўраймиз. У барча нарсага қодир Зотдир. Аллоҳ таолодан бу юртнинг раҳбарларини, ҳокимларини паноҳида асрашини сўраймиз, У барча нарсага қодир Зотдир. У Зот бизнинг Валийимиздир. У бунча ҳам яхши ёрдамчидир.

Ва соллаллоҳу ала саййидина Муҳаммад ва аъла алиҳи ва сохбиҳи ажмаъийн.

Бошловчи: Ташаккур устоз, ушбу ташрифингиз билан бизни жуда хурсанд қилдингиз, бу кеча бахтиёр кеча бўлди. 
Устоз: Акрамакумуллоҳ — Аллоҳ сизларни икром қилсин. 

Бошловчи: Ушбу порталга асос солган инсон шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳдирлар. 
Устоз: Аллоҳ таолодан у кишини раҳматига олишини сўраймиз.

Бошловчи: У киши бешта мамлакатни ўз ичига олган Мовароуннаҳр муфтийси эдилар. Агар мумкин бўлса, ҳазратнинг ҳақларига фотиҳа ўқиб, портал ҳаққига қўл кўтариб дуо қилсак.

Устоз: Аллоҳ таоло бу портал раҳбарлари, ходимларига бахт-саодат берсин, уларга доимий яхшиликлар ато қилсин, бу портални паноҳида асрасин, шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни Ўзининг кенг раҳматига буркасин ва барча уламоларимизни ҳам раҳматига олсин, У ҳамма нарсага қодирдир. Бошида ҳам, сўнгида ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар айтамиз. Энди Фотиҳа ўқиймиз (Кейин устоз фотиҳа сурасини ўқийдилар). 

Ва соллаллоҳу ала саййидина Муҳаммад ва аъла алиҳи ва сохбиҳи ажмаъийн.

Сизларга бир ҳадям бор. Я Ҳайю, Я Қоййум, Я Бадиъас самавати вал ард, Я Зал жалали вал икром, Я илаҳана ва илаҳа кулли шайъ иқзи ҳаваижана ва ҳаваижал муслимийн. Бу ҳадяни маҳкам ушланглар, унда жуда кўп яхшиликлар бор. Ассалому алайкум ва рохматуллоҳи ва барокатуҳ.


Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Матнни Хуршид Маъруф тайёрлади
Матнни Ёрқин Ҳалил ва Қамариддин Бекмуҳаммад ўқиди

 

Муаллиф
islom.uz
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз