1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Муфтийлар мураббийи

20:43 / 04.05.2018 8451 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халқаро мусулмонлар 

Кенгаши котибияти

2015 йилнинг 10 март куни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг юраги уришдан тўхтади. Бу киши ўз даврининг ҳақиқий Олими, атоқли Одами, советлардан кейинги ҳудуддаги мусулмон жамиятининг чин Виждони эди. Унинг номи умматнинг энг муносиб фарзандлари қатори тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан битилгусидир.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф устозларнинг устози, кўплаб муфтийлар ва МДҲнинг деярли барча мамлакатларидаги мусулмонлар етакчиларининг мураббийи эди. У советлар замони ва советлардан кейинги даврларни бир-бирига боғловчи занжир вазифасини ўтади. Айнан шу кишининг хизматлари туфайли Ўрта Осиё ҳамда Россияда исломий таълим ва илмий фаолиятнинг жонли анъаналари узилиб-тўхтаб қолгани йўқ. У большавойлар инқилобидан олдин яшаган устозларидан олган билимларини асраб-кўпайтириб, келгуси авлодларга тортиқ қила олди.

Шайх ҳазратлари советлардан кейинги ҳудуддаги дунё таниган ягона Ислом олими эди ва шундай бўлиб қолади. Президентлар, подшоҳлар, вазирлар, шунингдек, бутун ер юзидаги миллионлаб оддий кишилар унинг сўзларига қулоқ солишарди. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хосларнинг ҳам, мусулмон оммасининг ҳам чин шайхи эди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Мусулмон уламолари Бутунжаҳон уюшмаси котибияти, Бутунжаҳон Ислом лигаси таъсис кенгаши, Бутунжаҳон Тасаввуф уюшмаси ҳайъати, Бутунжаҳон халқ Ислом раҳбарияти Бош котибияти, Бутунжаҳон Ислом даъвати кенгаши ҳайъати ва бошқа кўпгина исломий ташкилотларнинг аъзоси эди. У Саудия Арабистони, Ўрдун (Иордания) ва Покистондаги бир қатор дорилфунунларнинг фахрий профессори этиб сайланган.

Бу инсон ҳақида биринчи марта ўтган асрнинг саксонинчи йилларидаёқ гапира бошлашган эди. СССРдаги қайта қуриш йилларида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасига раҳбарлик қилди ҳамда совет парламенти депутатлигига сайланди.

Гувоҳларнинг айтишларича, СССРда Исломга нисбатан давлатнинг даҳрийлик сиёсати бўшашуви, кейинчалик эса тўла бекор қилиниши айнан унинг хизматидир. 1989 йили Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўша пайтдаги президент Михаил Горбачёвга мусулмонларнинг ҳаёти ва аҳволи ҳақидаги муфассал маърузани тақдим қилган. Бу ҳужжат асос қилиб олишга ярайдиган амалий, шу билан бирга, диний ҳуқуқлар тикланиши ва ҳимоя қилиниши зарур, деган аниқ мақсадга йўналтирилган эди.

Шундан кейин давлатнинг мусулмонларга нисбатан муносабати яхши томонга ўзгарди. Масжидлар, исломий ўқув юртлари очила бошлади, диний адабиётлар нашр этиш йўлга қўйилди, аввалда тақиқланган айрим ишларга рухсат берилди.

Шайхнинг депутатлик сўровига биноан Михаил Горбачёв СССР мусулмонларининг оммавий равишда ҳаж қилиши ҳақидаги фармонга имзо чекди. Бу эса олдинги ёпиқ мамлакат учун чинакам маънавий инқилоб бўлди. Чунки етмиш йилдан зиёдроқ вақт ичида кўпчилик мусулмонлар Исломнинг беш рукнидан бирини адо этишдан маҳрум эдилар. Шундан кейин уч йил мобайнида СССРдан келган зиёратчилар Саудия Арабистони подшоҳи Фаҳд ибн Абдулазизнинг шахсий меҳмони бўлишди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шунингдек, тинчлик ўрнатиш, сулҳпарварлик соҳасида ҳам катта иш олиб борди. У СССР Олий Кенгаши ҳайъати таркибида кўпгина мамлакатларга сафар қилди, жумладан совет ҳарбий асирларини озод қилиш бўйича афғон дала командирлари билан музокаралар ўтказди.

Шайх милодий йигирманчи асрнинг охири, йигирма биринчи аср бошларидаги Ислом дунёсига хос бўлган кўпгина муаммоли ҳолатларни кўриш ва ичидан ўрганишга муваффақ бўлди. 1993 йили Ўзбекистон муфтийси вазифасидан кетганидан кейин у кўп йиллар турли мусулмон ўлкаларида яшаб, фаолият олиб борди.

Шайх юзлаб китоблар, чиқишлар, ваъз-иршодларнинг муаллифи эди. У ёзган Қуръони Каримнинг тафсири 22 жилддан, ҳадислар шарҳи эса 39 жуздан иборат эди (кейинчалик тафсир олти жилдли қилиб нашр этилди – тарж). Шайхнинг радио орқали ҳафталик ваъзлар билан чиқишлари кўплаб кишилар ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. У миллионлаб кишиларнинг уйига кириб борди, уларнинг фахрий меҳмони, ҳатто оила аъзосига айланди.

Ислом шиори остидаги ҳар қандай радикалчиликнинг қатъий ва изчил душмани бўлган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф принципиал масалаларда ҳамиша қатъият кўрсатди. Уни софдиллиги ва чуқур билими учун севишар, эҳтиром кўрсатишарди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳозирги замон ҳақиқий мусулмонининг асл намунаси эди. У шариат илмларини, ижтимоий фанларни чуқур билгани, бой ҳаёт тажрибасига эга бўлгани учун муаммолар туғилган пайтларда исломий меъёрларни қўллай биларди. Шайх бизнинг ҳозирги мураккаб, ҳамиша ўзгариб тураётган дунёимизда ҳам мусулмон бўлиб қолиш санъатини мукаммал эгаллаган бўлиб, бу нарса ҳар қандай шароитда, ҳар қандай кабинетларда, ҳар қандай қаршиликлар қаршисида ҳам Аллоҳнинг амр-фармонлари доирасида қолишни тақозо қиладиган санъат эди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақиқий олим эди. У билимларни эгаллабгина қолмай, балки унга қатъий амал ҳам қилар эди. У ўзи ишонгани ва таълим бергани каби яшар, яшагани каби ишонар ва таълим берар эди. Шунинг учун унинг сўзлари ҳар бир қалбга етиб борарди. Миллионлаб одамлар қалбидаги чироқларни самимият учқунигина ёқишга қодир бўлади. Агар у бўлмаса, ҳар қандай чиройли сўзлар ва доно фикрлар инсонлар қалбини забт эта олмайди.

Аллоҳ тақдир қилган экан, доимий ҳаракатдаги ташкилот сифатида Халқаро мусулмонлар Кенгашини таъсис этиш Шайхнинг охирги ташаббуси бўлди. У мазкур ғоя ҳақида қизғин қайғурди, ўз таклифларини киритди, бемисл обрў-мартабаси билан уни қўллаб-қувватлади. Шайх ўтган йилнинг охирида Москвада тамал тоши қўйилган ташаббуснинг ихтилофлар ва мафкуравий адашувлардан чарчаган бутун уммат учун яхшилик бўлишига қаттиқ ишонарди. У тўғри ва оқилона сўзнинг кучига ишонганидан Кенгаш ишида қатнашишни ўзининг шарафли бурчи деб ҳисобларди.

Биз Аллоҳдан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни жаннат боғларида тақводорлар ва солиҳлар билан бирга қилишини, уни Ўз раҳмати билан чулғаб олишини ҳамда Пайғамбар алайҳиссаломнинг шафоатларига ноил этишини сўраб, дуолар қиламиз. Чунки Шайх Аллоҳнинг Пайғамбарига чексиз муҳаббат билан яшади ва умр бўйи у зотнинг изларидан борди.

Унинг олийжанобликка тўла, ҳамиша равшан ва долзарб ваъз-иршодларини тинглаш энди бизларга насиб қилмайди. Аммо унинг китоблари, ғоялари ва мавъизалари биз билан қолди. Биз уларга суяниб одамларга эзгулик ва ҳақиқат сўзларини етказамиз.

Шайхнинг асосий орзуси умматнинг шунчаки уйғонишигина эмас, балки Аллоҳ таоло Қуръонда мусулмонларни зикр қилганидай, «одамларга рўбарў қилинган умматнинг энг яхшиси бўлиши» (Оли Имрон сураси, 110-оят) эди. У ҳаёти давомида мана шу орзу билан яшади ва фаолият олиб борди. У Ислом дунёсининг ривожланиш истиқболлари ҳақида саволлар билан ҳузурига келган ҳар бир кишига шуни таълим берди.

Яхшилик ва равнақни фақат ўзи учун талаб қилиш мусулмон кишига хос нарса эмас, чунки бу заминда барчамиз – мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар ўзаро чамбарчас боғланиб кетганмиз. Барчамиз Аллоҳ яратган бандалармиз ва тинчлик ҳамда ўзаро ҳамкорликда яшашга бурчлимиз. Бу оддий ва очиқ-ойдин ҳақиқатни эса кўпинча унутиб қўямиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз ҳаёт йўли ва меҳнатларининг маҳсули билан ўзи чақирган ғояларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаб қўйди. Биз унинг издошлари эканимизни Аллоҳнинг олдида исботлаш учун эса мана шу йўлдан оғишмай илгарилаб боришимиз зарур.

Хотира китобидан.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Усмонжон қори Болтабоев 1886 йил Қўқон хонлиги ҳудудидаги Қашқар маҳалласи, ҳозирги Наманган вилояти Наманган шаҳри Саноат маҳаласи Машаддаги Эргашкан давоми...

1679 14:00 / 22.08.2022
Ушбу мақолада Наманган вилояти, Чортоқ тумани, Пиштқўрғон қишлоғида жойлашган Хожа Дониёр эшон мақбарасининг тарихи мавзусида бўлиб, унда нақшбандия давоми...

1599 16:00 / 27.12.2021
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМСаҳобаи киромнинг ваъзнасиҳатларини ўрганишга киришишдан олдин у зотларнинг баъзи фазилатларини, уламоларимиз саҳобаларнинг давоми...

4119 11:40 / 04.05.2018
Шайх Саъид ибн Абдуллатиф Фуда ndash ақоид калом, мантиқ ва усулулфиқҳ илмлари соҳасидаги етук олимдир. Шайх Саъид 1967 йили Фаластиннинг Ҳайфа шаҳрида туғилган, давоми...

3052 10:47 / 29.02.2020
Аудиолар

119947 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7021 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41641 14:35 / 11.08.2021