1440 йил 14 зулқаъда | 2019 йил 17 июль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Уламолар

Асҳоби киромнинг ваъз-насиҳатлари - Уммат пешқадамларининг фазилатлари

11:40 / 04.05.2018 1868 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Саҳобаи киромнинг ваъз-насиҳатларини ўрганишга киришишдан олдин у зотларнинг баъзи фазилатларини, уламоларимиз саҳобаларнинг мартабалари ҳақида айтган сўзларни зикр қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Шариат яловбардорлари бўлган содиқ, тақводор, улуғ саҳобийлар ҳақларида тил ва қалбни саломат сақлаш, у зотларнинг обрў-эътиборларини ҳимоя қилиш пок шариатнинг асл қоидаси ва аҳли сунна вал жамоанинг аломатларидандир.

Бу буюк зотлар бўлмаганида дин ва унинг асли бўлган Қурони Карим худди ҳозир нозил қилингандек покиза ва мукаммал ҳолда бизга етиб келмас эди.

Саҳобалар инсоният учун энг катта манфаат келтирган инсонлар бўлиб, айни пайтда эргашишга энг ҳақли зот бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга энг афзал тарзда эргашган, диёрларни эмас, қалбларни забт этган зотлардир.

Башарият тарихи уларнинг тарихидан буюкроқ тарихни ҳам, пайғамбарлардан кейин улардан афзал шахсларни ҳам кўрмаган.

Улар диннинг нусрати учун молу жонларини фидо қилишди. Оилаларию ватанларини тарк этишди. Ваҳоланки бу пайтда бошқалар жону молини диндан устун кўриб, бола-чақасини ташлаб кетгиси келмади. Аллоҳга қасамки, саҳобаларга ўхшаган зотлар бўлмаган ва бўлмайди ҳам.

Аллоҳ таоло уларни Ўз Набийcига ҳамнафас бўлиш учун, динини ёйиш учун танлаб олган эди. Бу буюк зотлар Аллоҳ таолонинг изни ила инсонни бандага ибодат қилишдан Роббига ибодат қилишга, дунёнинг торлигидан охиратнинг кенглигига, золимларнинг зулмидан Исломнинг адолатига олиб чиқишди. Уларнинг қўл остида куфр салтанати қулади, худосизлик жамияти парчаланди, шафқатсиз золимларнинг бўйни эгилди, подшоҳлар бўйсунди.

Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари эдилар, ваҳийнинг нозил бўлишига гувоҳ бўлган, тафсиру таъвилни яхши билган зотлар эдилар. Аллоҳ таоло уларни Набийсига камарбаста бўлиш, у зотга мадад бўлиш, динни қоим қилиш ва ҳақни зоҳир қилиш учун ихтиёр қилиб, саҳобалик шарафига лойиқ кўрди ва биз учун ўрнак ва пешқадам қилиб қўйди. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатни қандай етказган бўлсалар, шундайлигича ҳифз қилиб, ўзлари ҳам амал қилдилар, бизга ҳам етказдилар.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъз-насиҳатлар ила уларнинг кўнглидан Аллоҳ ҳақидаги турли шубҳа-гумонларни кетказиб, қалб касалликларини батамом даволадилар.

Аллоҳ таоло Ўзининг муҳкам китобида уларни умматнинг одиллари деб номлади:

وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِّتَكُونُواْ شُهَدَاء عَلَى النَّاسِ

«Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта уммат қилдик» (Бақара сураси, 143-оят)

Улар дин учун жонидан, мол-дунёсидан, оиласидан, уй-жойидан воз кечган Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳобаларидирлар. Улар Аллоҳ розилиги учун ватанларини тарк этишди, қариндош-уруғларидан, дўстлардан узилишди, азоб-уқубатларга сабр қилишди, савоб умидида молларини сарфлашди, Аллоҳга таваккул қилиб, душманларга қарши туришди, Аллоҳнинг розилигини бойликдан, хорликни азизликдан, ғурбатни ватандан афзал кўришди, ниҳоят, шу йўлда жонларини қурбон қилишди.

Аллоҳ таоло уларни шундай мадҳ қилди: 

لِلْفُقَرَاء الْمُهَاجِرِينَ الَّذِينَ أُخْرِجُوا مِن دِيارِهِمْ وَأَمْوَالِهِمْ يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِّنَ اللَّهِ وَرِضْوَانًا وَيَنصُرُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ أُوْلَئِكَ هُمُ الصَّادِقُونَ ۝

«(Садақалар) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган, Аллоҳнинг фазли ва розилигини тилайдиган ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берадиган фақир муҳожирларгадир. Ана ўшалар содиқлардир» (Ҳашр сураси, 8-оят)

Муҳожирларнинг биродарлари бўлмиш ансорлар эса уларни ўзларидан устун кўриб, уларга елкадош бўлиб, борини баҳам кўрган зотлардир. Улар араб қабилалари ичида энг азиз қўшни бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг диёрини омонлик макони ва қароргоҳ қилиб олдилар.

Аллоҳ таоло иффатли, сабрли, содиқ бандаларини шундай мадҳ қилди: 

وَالَّذِينَ تَبَوَّؤُوا الدَّارَ وَالْإِيمَانَ مِن قَبْلِهِمْ يُحِبُّونَ مَنْ هَاجَرَ إِلَيْهِمْ وَلَا يَجِدُونَ فِي صُدُورِهِمْ حَاجَةً مِّمَّا أُوتُوا وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ

«Улардан аввал бу диёрда ва иймонда қарор топганлар ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, уларни ўзларидан устун қўярлар» (Ҳашр сураси, 9-оят).

Ким саҳобаларни қалбдан яхши кўрса, уларга афзал кўриш билан Аллоҳга бўйсунса, қалбида уларни ёмон кўрувчилардан узоқлашса, Аллоҳнинг мана бу оятдаги мақтовига сазовор бўлади.

وَالَّذِينَ جَاؤُوا مِن بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِّلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ ۝

«Улардан кейин келганлар: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен шафқатлисан, раҳмлисан», дерлар (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло у зотларнинг қалбини кенг қилган, улар учун сакинат нозил қилган, уларга розилиги ва раҳматини башорат берган:

يُبَشِّرُهُمْ رَبُّهُم بِرَحْمَةٍ مِّنْهُ وَرِضْوَانٍ

«Робблари уларга Ўз даргоҳидан раҳмат, розилик ва наъим жаннатларининг хушхабарини беради» (Тавба сураси, 21-оят).

Аллоҳ таоло уларни яхшиликка буюрадиган, ёмонликдан қайтарадиган, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қиладиган энг яхши уммат қилди. Шубҳа йўқки, энг яхши уммат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидир, энг яхши давр у зоти бобаракотнинг даврларидир. Аллоҳ таоло таврот ва инжилда саҳобаларни аҳли китоблар учун ҳам ибрат қилиб кўрсатди. Роббимиз бу зотларнинг содиқ, холис дўст, саломат иймон, комил ақл соҳиби, тоза фикрли, энг тўғри насиҳатчи, ўта омонатдорлигини билгани учун Пайғамбарига улар билан машварат қилишни буюрди ва шу тариқа, саҳобаларнинг қадрини олий қилди. Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин!

Аллоҳ таоло Қуръонда саҳобаи киромларни кўп бора мақтаб, шундай дейди: 

وَالسَّابِقُونَ الأَوَّلُونَ مِنَ الْمُهَاجِرِينَ وَالأَنصَارِ وَالَّذِينَ اتَّبَعُوهُم بِإِحْسَانٍ رَّضِيَ اللّهُ عَنْهُمْ وَرَضُواْ عَنْهُ وَأَعَدَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي تَحْتَهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ ۝

«Аллоҳ биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ҳамда уларга яхшилик билан эргашганлардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Улар учун тагидан ан­ҳорлар оқиб турадиган жаннатларни тайёрлаб, уларни у ерларда абадий – мангу қолувчи қилиб қўйди. Ана ўша буюк ютуқдир» (Тавба сураси, 100-оят).

مُّحَمَّدٌ رَّسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاء عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاء بَيْنَهُمْ تَرَاهُمْ رُكَّعًا سُجَّدًا يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِّنَ اللَّهِ وَرِضْوَانًا سِيمَاهُمْ فِي وُجُوهِهِم مِّنْ أَثَرِ السُّجُودِ

«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро эса раҳмдилдирлар. Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан. Улар Аллоҳдан фазл ва розилик тиларлар. Юзларидаги аломатлари эса сажда асаридир» (Фатҳ сураси, 29-оят).

Аллоҳ таоло ҳақ сўзлайди.

Бу самовий мақтовларга мувофиқ равишда инсониятнинг энг росгўйи бўлган зот, фасоҳатли калом соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жуда кўп ҳадисларида саҳобаи киромни мақтаганлар. Баъзи уламолар бу ҳадисларни жамлаб, кўп жилдли китоблар таълиф қилишган. Шундай экан, оддий бир инсон бунга қўшимча тарзда нима ҳам дея оларди?

Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам – ул зотга ота-онам фидо бўлсин – саҳобаларни қандай мақтаганларидан намуналар келтириб ўтиш билан кифояланамиз.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилардир. Сўнгра улардан кейин келадиганлари. Сўнгра улардан кейин келадиганлари», дедилар».

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Юлдузлар осмон учун омонликдир. Юлдузлар кетса, осмонга унга таҳдид қилинган нарса келади. Мен саҳобаларим учун омонликман. Мен кетсам, саҳобаларимга уларга таҳдид қилинган нарса келади. Саҳобаларим умматим учун омонликдирлар. Саҳобаларим кетса, умматимга уларга таҳдид қилинган нарса келади».

Муслим ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ҳақида ножўя сўз айтишдан ҳам қайтарганлар:

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Саҳобаларимдан бирортасини ҳам сўкманглар, чунки бирортангиз Уҳуддек келадиган олтин нафақа қилса ҳам, улардан биттасининг бир мудд ёки ярим мудд нафақасича келмайди».

Тўртовлари Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилганлар.

Юқоридаги оят ва ҳадисларга асосланиб, мутақаддим уламолар саҳобаларни пайғамбарлар каби маъсум деб эътиқод қилмаган ҳолда, уларнинг хатоларини таҳлил қилишдан қаттиқ қайтарганлар. Улардан содир бўлган баъзи хатоликларни эса ижтиҳод санаганлар ва ҳадисга мувофиқ бир ёки икки савоб оладилар деб билганлар.

Мутақаддим уламоларнинг саҳобалардан камчилик қидирмасликни таъкидлаб айтишларига сабаб шуки, улар бу ишнинг охири динни бузишга олиб боришини ўз кўзлари билан кўриб, тажрибадан ўтказишган.

Буюк имом Абу Заръа «Саҳобалардан биронтасини айблаётган кишини кўрсанг, билгинки, у зиндиқдир. Шоҳидлик берамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдирлар. Қуръон ҳақдир. Қуръон ва ҳадисларни бизга саҳобалар етказишди. Бу зиндиқлар бу ишлари билан саҳобаларнинг одиллигига путур етказиш орқали Қуръон ва Суннатни ботилга чиқармоқчи бўлишади. Аслида бу зиндиқларнинг ўзлари айбланишга ҳақлироқдир», деганлар.

Имом Аҳмад: «Ким саҳобаларни айбласа, бирон ишлари учун ёмон кўрса ёки ёмонликларини тилга олса, токи уларнинг ҳаққига дуо қилиб, қалбини уларга нисбатан гина-адоватдан покламагунича бидъатчи бўлиб туради», деганлар.

Шайхулислом «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин саҳобаларнинг кўпчилиги кофир бўлишган ёки барчалари фосиқ бўлган» дейдиганларга қарата шундай деганлар: «Бу гапни айтадиганларнинг кофирлигига шак-шубҳа йўқ. Бундай инсон Аллоҳ таоло улардан рози бўлгани ва мақтагани ҳақидаги Қуръон оятларни ёлғонга чиқарган бўлади. Ҳаттоки бу эътиқоддаги кишининг кофирлигига шубҳа қилган одамнинг ўзи ҳам кофир бўлади. Чунки улар «Китоб ва Суннатни етказувчилар фосиқ ва кофир бўлган» деган ботил эътиқоддадир. Ваҳоланки бу уммат Қуръонда (كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ)

«одамлар учун яратилган энг яхши уммат бўлдингиз» деб васфланган.

Умматнинг энг афзаллари эса, юқоридаги ҳадисда айтилганидек, Исломнинг дастлабки асрида яшаганларди.

«Уларнинг ҳаммаси фосиқу кофир» деган тушунчанинг яна бир ботил мазмуни шуки, ундан ҳозирги уммат ёмон уммат ва бу умматнинг пешқадамлари эса энг ёмонлардир» деган маъно келиб чиқади. Буларнинг ҳаммаси куфр даъволар экани очиқ-ойдин маълумдир. Бундан келиб чиқадики, бундай гапни айтувчилар албатта зиндиқлардир. Улар ботил далилларининг ортига яширинадилар. Аммо Аллоҳ таоло уларнинг асл башарасини очиб ташлайди.

Етук фаҳм эгаси бўлмиш имом Молик Қуръони Каримни қуйидаги оятини шундай тафсир қилади:

مُّحَمَّدٌ رَّسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاء عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاء بَيْنَهُمْ تَرَاهُمْ رُكَّعًا سُجَّدًا يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِّنَ اللَّهِ وَرِضْوَانًا سِيمَاهُمْ فِي وُجُوهِهِم مِّنْ أَثَرِ السُّجُودِ ذَلِكَ مَثَلُهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَمَثَلُهُمْ فِي الْإِنجِيلِ كَزَرْعٍ أَخْرَجَ شَطْأَهُ فَآزَرَهُ فَاسْتَغْلَظَ فَاسْتَوَى عَلَى سُوقِهِ يُعْجِبُ الزُّرَّاعَ لِيَغِيظَ بِهِمُ الْكُفَّارَ

«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро эса раҳмдилдирлар. Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан. Улар Аллоҳдан фазл ва розилик тиларлар. Юзларидаги аломатлари эса сажда асаридир. Уларнинг таврот ва инжилдаги мисоллари ана шундай. Бу худди уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшар – улар билан кофирларни ғазаблантириш учун» (29-оят).

Кимнинг қалбида саҳобаларга нисбатан ғазаб ва адоват бўлса, мазкур оятда назарда тутилган кимсалар қаторига кириб қолади. Демак, саҳобаларга ғазаб ва адоват қилиш кофирларнинг сифатларидан экан.

Ҳар бир мусулмон Пайғамбарининг саҳобалари бўлмиш зотларнинг қадрини яхши билиши, уларнинг шаънига нолойиқ бўлган, улар ҳақида шубҳа уйғотадиган гап-сўз ёки хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши, бундай ишлар бўладиган жойларга бормаслиги, бундайлар билан бирга ўтирмаслиги, бундай мазмундаги хабар, мақола, кўрсатув ёки эшиттиришларни кўрмаслиги керак. радио ва телевидения орқали саҳобалар ҳақида ножўя гаплар айтиб кўрсатув ва эшиттиришларни кўриш ва тинглашдан ўзини тийиши лозим. Зеро, мўмин киши нафақат саҳобаларга, балки барча мусулмонларга нисбаттан қалби пок ҳолатда Роббига бормоғи керак.

Мусулмон киши Аллоҳ таоло саҳобаларни мақтаганини, улардан рози бўлганини доимо ёдда сақлаши, улардан биронтасига нисбатан қалбида гина-адоват бўлмаслиги шарт. Саҳобаларга нисбатан адоватда бўлиш қалб касалликларидандир.

Аллоҳим, ушбу оятингдан бизни ҳам баҳраманд айлагин:

وَالَّذِينَ جَاؤُوا مِن بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِّلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ ۝

«Улардан кейин келганлар: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен шафқатлисан, раҳмлисан», дерлар (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳим, бизни охират диёрида Пайғамбарингнинг саҳобалари билан ҳам бирга қилгин. Биз уларни яхши кўрамиз, дўст тутамиз, уларни ёмон кўрганларни эса ёмон кўрамиз. Бунга Ўзинг энг яхши гувоҳсан.


«Маваъизус-саҳоба» 

Доктор Умар ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муқбил

Таржимон: Амруллоҳ Форсий

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ушбу дуони ўргатганлар Аллоҳим Мен Сендан ҳар турли хайрни, тез давоми...

1353 22:18 / 27.04.2017
Зиёратrdquo рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Туркистоннинг атоқли олими ва адиби Алихонтўра Соғунийнинг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб давоми...

3461 13:30 / 20.12.2017
1. Исм ва насабалариУ ҳофиз имом, муаррих, адиб Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Хизр ибн Айюб ибн Муҳаммад ибн давоми...

1425 22:19 / 27.04.2017
Бу жумлалар азиз сиймони хотирга олиб, ўша кунларга хаёлан яна бир бора қайтиш мақсадида ёзилмади. Зотан кечаги куннинг эмас, доимо бугуннинг, воқеъликнинг давоми...

3327 13:42 / 12.03.2018
Топ рейтинг www.uz Openstat