1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мулла Ёқуб хўжа эшон (1890-1958)

09:45 / 02 март 1568 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулла Ёқуб хўжа эшон 1890 йил Наманганнинг қадимий манзилгоҳларидан Хўжа Шўркент қишлоғида таваллуд топди. Отаси Исроил ва бобоси Исмоил додхоҳлар Қўқон хонлиги даврида шу лавозимда хизмат қилган зиёли кишилар бўлган. 


Исроил (ваф 1895) додхоҳ Наманганнинг машҳур тариқат пешвоси Абулқосим эшон ҳазратларининг муридларидандир. Тадқиқотларга кўра, Исроил додхоҳнинг икки аёлларидан етти қиз, уч ўғиллари бўлган. Кичик заифалари Хадичахон ойидан, қаландар Муҳаммад хўжа (1888-1937), мулла Ёқуб хўжа эшон ва ҳофизи Қуръон Абдужаббор (1893-1947) хўжа исмли ўғиллари бўлган. 


Маърифатли хонадонда камол топган Ёқуб хўжа дастлаб хат-саводини маҳалладаги диний мактабда Сайид Абу Мансур қўлларида чиқаради. Сўнгра, Қўқон ва Наманган мадрасаларида таълим олади. Асосан, мулла Сотти Охунднинг «Хасти Ҳизр» мадрасаларида таълим олади. Болалигидан ниҳоятда зийрак, салоҳиятли ва хушрўй бўлиб улғайган. Шундан сўнг Ёқуб Эшон фиқҳ ва ҳадис илмининг билимдони Собитхон тўра Абул Маоний ҳазратларидан таълим олишга киришади.


Маълумотларга кўра, илмда бардавом бўлган эшон ҳазрат кейинчалик, Тожикистон, Қирғизистон, Тошкент ва Косонсой каби шаҳарларда бўлиб, у ердаги олиму уламолар даргоҳларида таҳсил олиб, шариат ва тариқат билимдони бўлиб камол топади.


Инқилобдан кейинги давр халқимиз бошига кўп кулфатлар олиб келди. Илм аҳли, дину диёнатдан дарс берадиган устозлар, муллалар, эшонлар, қори-мударрис, муфтийларнинг асосий қисми, ўқимишли, хат-саводи бор кишилар, яъни зиёлилар ва бой-бадавлат аҳолининг хонадонлари хонавайрон бўлди. Хуллас, диндорлар қаттиқ тазйиқ остига олинди. Бу синовли даврлар Ёқуб Эшонни ҳам четлаб ўтмади. Эшон ҳазрат ўзини ва оиласини шўролар тазйиғидан омонда сақлаш мақсадида, 20 йил қочқинда, халқ душмани тамғаси билан сарсон-саргардонликда қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар яшириниб юришга мажбур бўлади.


Кунларнинг бирида қидирувда бўлган Ёқуб Эшон шўро нозирларидан қочиб, Наманган вокзали атрофида истиқомат қилувчи дўсти Бўрибойнинг уйига боради. Бир неча кун туриб, сўнг бошқа жойга ўтишни режалаштирган эшон ҳазрат тонгда поездга чиқади. Миршаб-нозирлар кузатиб қайтаётган Бўрибойни ушлаб олиб, унга эшон ҳазратнинг суратларини кўрсатиб, сўроқ-савол қиладилар. Бир пайт миршаббоши: «Бизга етиб келган узун қулоқ гапларга кўра, «Ёқуб Эшон сени яқин биродаринг эмиш. Ҳозир у сеникида экан» деб эшитдик. Дарҳол, у яширинган жойга бизни бошлаб бор», деди. Довдираган Бўрибой, Ёқуб Эшон ҳозиргина поездга чиқди деб сотиб қўяди. Миршаблар тезда поездга чиқиб, ҳаммани бирма-бир текширадилар, лекин Ёқуб Эшонни топа олмайдилар. Миршаббоши, «ҳа, аҳмоқ қария, кўзинга ҳамма Ёқуб Эшон бўлиб кўринарканда», дейди-да, қидирувни тўхтатишга буйруқ беради. Буни қарангки, миршаблар қўлларида сурат билан Ёқуб Эшон олдиларидан бир неча бор ўтиб ҳам у зотни танишмаган экан. Аллоҳ асрагани шу бўлса керак. Изланишлар натижасида шу нарса аён бўлдики, Ёқуб Эшоннинг ўртанча аёллари Ҳалимахон ойимнинг акалари Муҳиддинхон қори ва Сирожиддин қориларнинг саъй-ҳаракатлари билан эшон ҳазратга нисбатан эълон қилинган қидирув тўхтатилиб, у киши оқланган экан. 


«Наманган уламолари тарихи» номли эсдаликда ёзилишича, Ёқуб Эшон ҳазратлари қадди-бастлари пастроқ, икки юзлари қип-қизил нуроний киши бўлганлар. Эшон домла такаллуфни, зеб-зийнатни хушламас, кўп вақт телпак кийиб, эшак миниб юрганлар. Дабдабали зиёфатларга кўп ҳам бормаганлар. Камтарин инсонларни яхши кўрганлар. Ибодат қиладиган жойга асло сурат қўйдирмаганлар.[1]


Шогирдларидан Обидхон ака: «Устозим Ёқуб Эшон илмли, тақволи, соҳиби каромат бўлганлар. У зот кўплаб  тафсир, ҳадис, фиқҳ китобларини ёддан билувчи, фатво бера оладиган даражада етук мулла бўлганлар. Ўзбеклардан ташқари қирғизлардан ҳам шогирдлари кўп бўлган.


Улуғларимизнинг айтишича, эшон домла косибдўзлик ортидан оила боқиб, рўзғор тебратганлар. Қолаверса, Марғилон кўчасида яшаганларида, ўтин териб сотганларини ҳам айтишади». 


Халқимиз орасида, эшон ҳазратнинг тўғрисўз, тақводорликлари борасида ибратли ривоятлар кўп. Билишимизча, Ёқуб Эшон бирон бир издиҳом, яъни марака ва маросимларга ташриф буюрсалар, уловлари албатта эшак бўлар экан. Борган жойларидаги уй соҳибига: «эшагимни суғориб, олдига ҳашак сол» - дер эканлар. Агарда эшак сув ичса ёки ҳашак еса, ўша хонадонга кирар, мабодо, акси бўладиган бўлса, ана шу ернинг ўзидан дуои фотиҳа қилиб қайтар эканлар.


Яна бошқа ривоятда: 
Бир куни Ёқуб Эшон Соли Адашев (Колхоз) кўчасидаги уйларининг дарвоза эшигини ўзгартирмоқчи бўлиб, уста чақирибдилар. Устага: «эшикни ички тарафини ташқарига қилиб ўрнатиб беринг» - дебдилар. Ҳайрон бўлган уста, эшикни Ёқуб Эшон айтганларидек ўрнатибди-да, сабабини сўрашга ботина олмабди. Кейин фаҳмлаган уста, Ёқуб Эшон эшикнинг чиройли томонини чаппасига ўгиртирганлари бежиз эмаслигини тушунибди. Агар инсонлар чиройли дарвоза ўрнатилганини кўрсалар, беихтиёр Ёқуб Эшонни ғийбат қилиб, гуноҳга ботадилар. Акси, хунук тарафини кўрганлар эса оддий эшикда деб парво ҳам қилмай ўтиб кетишади.


Ҳофизи Қуръон Муҳсинжон  тўра бува [2] «Кунларнинг бирида Ёқуб Эшон буванинг заифалари Саодатхон ойим хамир қориб, тандирга ўт ёқмоқчи бўлибдилар, қарасалар ўтин йўқ эмиш. Эй, бегим ўтинимиз қолмабдику энди нима қиламиз дебдидар. Ёқуб Эшон тўхтаб туринг, Аллоҳ етказади дебдилар ва ўтирган жойларида қўшни қишлоқдаги Абдумалик исмли муридларига: «уйимизда ёққани ҳеч нарса қолмабдику бирор нарса олиб келинг», - дея гапирибдилар. Бироздан кейин муридлари бир эшак аравада таппи олиб келибдилар. Бундан ҳайрон қолган аёллари, эшон ҳазратнинг кароматларини бироз пайқаган эканлар.


Юртимиздаги жуда кўп уламоларимиз бу зотнинг суҳбатларидан баҳра топиб,  таълим олиш бахтига муяссар бўлишган. Шулардан баъзилари: Шўркентлик Абдуқаюм, Абдулвоси, Собиржон, Мусохон, Муродхон (темирчи) домлалар, Қизровотдан Меҳмон полвон ва ўғли Исроилхон хожи домла, Пешқўрғондан Абдураззоқ, Усмонали домлалар, Чинободдан эса Муҳаммад Карим домла, қўшни Қирғизистондан мулла Нурмат, мулла Деҳқон домла, Бўриқул бува ва бошқалар.


Ёқуб Эшон бир қанча китоб ўқиб, таълиф қилганлар. Бироқ, қочувда юрган пайтлари бир манзилдан бошқа манзилга кўчаётганларида шўролар барча китобларини ёқиб юборгани маълум бўлди.


Эшон ҳазрат «Ожизий» тахаллуси билан ашъор ва мисралар ёзиб турганлар. У кишидан бизларга адабий мерос бўлиб, туркий ва форсий тилларда битилган «Рисолаи Маҳмуд фи маърифати маъбуд» номли назмий тўплам ва бир неча нодир китоблар қолган. Ҳозирда мазкур мерос авлодлари хонадонида сақланади.  


Ҳажрингга сира тоқати йўқ ошиқ-зоринг,
Наздингда мудом бўлмакка бир кўнгил муштоқ.

Раҳм айла дилим арзига ет билғучи ё Раб,
Куйдирма таним бўлмакка бир кўнгил муштоқ.

Тушсин назаринг дилга етишсин сано-ю файз,
Файзинг етишиб тўлмакка бир кўнгил муштоқ. 


Ёқуб Эшон ҳазратлари 1958 йили бу ёруғ оламни тарк этдилар. У зоти шариф фарзандларига: «Мен оламдан ўтсам, жасадимни «Мавлавий» қабристонига қўйинглар. Зеро, қабрим бошқа қабрлардан пастроқ бўлсин, унга ҳеч қандай  белги ва зийнат  берилмасин», - дея васият қилган эканлар. У зоти шарифни кўрсатмаларига мувофиқ «Мавлавий» қабристонининг тўртинчи йўлагига қўйилди.


Ёқуб хўжа эшон ҳазратларининг никоҳларида уч заифалари бўлган. Каттаси Маҳфузахон (1904-1992) ойи Абдураззоқ хўжа қизлари, ўртанчаси Ҳалимахон (1907-1970) ойи мулла Парпи Охунд қизлари, кенжаси эса Саодатхон (1925-1965) ойи Мирзаолим қизлари бўлган. Бу жуфти ҳалолларидан 5 ўғил зурриёдлари бўлган. Маҳмудхон (1923-1996), Мансурхон (1927-1947) биринчи аёлларидан, кейингисидан Фазлиддин (1937-1991) ҳамда Шермуҳаммадхон (1942-2009), кенжасидан эса Абдуллоҳ (1953-2008) исмли кўзларининг қувончи бўлган фарзандлари бўлган.[3]

 

[1] Сайдуллаев Абдулваҳҳоб (1928-2002) ҳожи. Наманган уламолари тарихи. (эсталик дафтар)

[2] Муҳсинжон  тўра (1927-2021) диёримиздаги кўплаб  ҳофизи Қуръонларни  етиштириб чиқарган машҳур мударрис.

[3] Ушбу маълумотлар Яқуб хўжа эшон  авлодлари ва шогирдлари билан суҳбат чоғида ёзиб олинди. 

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 21 февраль 03-07/921-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бутун иттифоқ бўйлаб минглаб отаоналар Афғонистондаги урушда асирликда қолиб кетган фарзандларини юртга қайтаришни ҳукуматдан талаб қилишар эди. Бу талаблар давоми...

2848 14:00 / 02.09.2022
Куфа муҳаддиси, беназир аллома Абу Бакр Абу Букайр Лайс ибн Абу Сулайм ибн Зунайм Кўфий. Абу Суфён ибн Ҳарб Умавийнинг мавлолари. Оталари Абу Сулаймнинг Айман, давоми...

1785 10:40 / 16.08.2021
Тўлиқ исмлари Абдураҳмон ибн Абу Бакр Жалолиддин бўлиб, она диёрлари бўлмиш Мисрнинг жанубидаги Асют шаҳрига нисбат берилиб, Суютий деб номландилар. Бу киши давоми...

5081 22:18 / 27.04.2017
Зиёвуддин қори Холмуҳаммад ҳожи ўғли 1912 йил ҳозирги Наманган шаҳрига туташ Ғирвон қишлоғида дунёга келди. Қиблагоҳи Холмуҳаммад 18801947 ҳожи зиёли кишилардан бўлиб, давоми...

577 11:19 / 05 март
Аудиолар

120772 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7060 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42334 14:35 / 11.08.2021