1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нақд пулдан олинадиган закот

11:40 / 19.05.2020 1317 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, қадим замонларда одамлар савдо ва иқтисодий муомалаларни қўлларида мулк бўлган нарсаларини бир-бирига алмаштириш йўли билан қилганлар.

Кейинроқ молнинг ўзини эмас, молни бошқа бир қимматли нарсага алмаштирадиган бўлдилар. Охири энг қимматли ва қулай маъданлар – тилла ва кумушни пул бирлиги қилиб ишлатишга қарор қилинди.

Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури билан мунаввар қилган пайтда ўша нур энг аввал ёғду сочган Арабистон ярим оролида пул бирлиги шаклида олтин ва кумуш тангалар ишлатилар эди. Тилла тангалар «динор» деб, кумуш тангалар «дирҳам» деб аталар эди. Динор воситасида Рум томон билан, дирҳам ёрдамида эса Форс томон билан савдо-сотиқ ишлари олиб бориларди.

Шунинг учун ҳам пул бирлиги билан ўлчанадиган бойликлардан чиқариладиган закотнинг нисоби ҳам, бериладиган миқдори ҳам динор ва дирҳам билан белгиланган. Пуллардан закот чиқариш фарз эканлиги Қуръон, суннат ва ижмоъ ила собит бўлган:

1. Қуръони Каримнинг «Тавба» сурасида:

«Тилла ва кумушни тўплаб, инфоқ қилмайдиганларга аламли азобнинг башоратини бер...». Бу оят олтин ва кумуш пулларнинг закотини бериш фарз эканлигига далилдир.

Тилла ва кумуш пуллардан закот бериш фарз эканлигига мусулмонлар ҳамма асрларда бир овоздан иттифоқ қилиб келганлар.

Пул бирлиги, аниқроғи, нақд пул оқими ҳар бир жамият иқтисодининг асоси эканлиги ҳаммага маълум. Қайси жамиятда ўша оқим тўғри йўлга солинса, иқтисод ривож топади. Тўғри йўлга солинмаган нақд пул оқими эса иқтисоднинг касодга учрашига сабаб бўлади. Пулнинг айланмай, бир жойда туриб қолиши эса иқтисоддаги бош мушкулликлардан биридир.

Ҳозирда ҳамма иқтисодчиларнинг асосий ғам-ташвиши мана шу. Нақд пулнинг туриб қолишига йўл қўймаслик учун одатда турли-туман чора-тадбирлар кўрилади. Кишилар пулни ўзларида ушлаб турмасликка тарғиб қилинадилар. Тушунтириш ишлари фойда бермаса, одамларни қизиқтириш чоралари кўрилади, қарз қоғозлари ва «қимматбаҳо қоғозлар» деб номланган қоғозлар ҳамда бошқа нарсалар муомалага чиқарилади.

Исломда эса бу муаммо жуда осонлик билан ҳал этилган. Пул жамлаб, ушлаб туришга қодир бўлган ҳар бир кишига ўзидаги пулнинг икки ярим фоизини ўз ихтиёри билан камбағалларга бериши ибодат саналади.

Пули нисобга етган киши мажбур бўлиб эмас, ибодат тариқасида, савоб умидида пулни ушлаб турмай, уни ишлатадиган одамга – камбағалга беради. Бу ҳол уни пулнинг келажагини ўйлашга мажбур ҳам қилади. Ҳар йили пулнинг икки ярим фоизини закотга бераверса, у тугаб қолиши, камайиши мумкин. Демак, пулни ишлаб чиқаришга қўйиш керак.

Имом Шофеъий Юсуф ибн Моҳакдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Етимнинг молида (зиёда) талаб қилинг, уни садақа тугатиб қўймасин», деганлар.

Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Етимларнинг молларида тижорат қилинг, уни закот еб битирмасин», деганлар.

Ана шунинг учун ҳам пулдан закот жорий қилинган. Бутун жамиятдаги туриб қолган пулнинг икки ярим фоизи ўз-ўзидан юриб кетади ва ҳамма ўзида туриб қолган маблағни ўстиришга уринади.

Пулнинг нисоби ва ундан чиқариладиган закот миқдори ҳақида ушбу бобнинг ҳадисларидан ўргандик. Тилла пулдан – йигирма динор, кумуш пулдан – икки юз дирҳам. Закотга чиқариладиган миқдор эса ўндан бирнинг тўртдан бири, яъни икки ярим фоиз.

Ўша вақтдаги бир динор бир мисқол бўлган. Демак, йигирма динор йигирма мисқолга тенг. Йигирма мисқол эса, 85 грамм бўлади. Икки юз дирҳам эса 595 грамм кумушга тенг экан.

Демак, саксон беш грамм тилла ёки беш юз тўқсон беш грамм кумушга эга бўлган одам нисобга етган молга эга ҳисобланади ва закот бериши фарз бўлади.

Ҳозирги пайтда тилла ҳам, кумуш ҳам пул бирлиги сифатида ишлатилмай қўйилди. Ҳамма ёқда қоғоз пул ишлатилмоқда. Қоғоз пуллар янги чиққан пайтда бу пуллардан закот чиқариладими-йўқми, деган савол ҳам пайдо бўлади.

Моликийларнинг баъзилари Шайх Алийш тилидан «Қоғоз пулдан закот чиқарилмайди», деб айтган бўлсалар, баъзилари «Закот чиқарилади», дедилар.

Шофеъийлар ҳам «Қоғоз пулдан закот чиқарилмайди», дейишди.

Ҳанбалийлар эса «Нақд қоғоз пулдан закот чиқарилмайди», дедилар.

Ҳанафийлар дарҳол «Закот чиқариш керак», дедилар.

Вақт ўтиши билан ҳамма Ҳанафий мазҳаби айтган йўлдан юришга мажбур бўлди. Чунки дунё бўйича фақат қоғоз пул билан муомала қилинадиган бўлди. Бунинг устига, ҳар бир давлат ўзи чиқарган пулни тилла билан қоплаши халқаро таомилга киритилди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Закот, сўзи луғатда .поклик, ва .ўсиш, деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади. Закот бермаган кишининг моли эса ичида закотга давоми...

4580 12:10 / 17.05.2019
Аллоҳ таоло Қуръон каримда дуо қилиш одобидан таълим берган оятларга кўра мўмин Аллоҳ уни кўриб, эшитиб турганини ҳис қилиб Унга умид ва қўрқув билан дуо қилади. давоми...

3309 11:20 / 21.02.2019
Насиҳат деганда насиҳат қилинган кишининг манфаатини кўзлаб айтилган холис сўзлар тушунилади. Қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амал давоми...

6434 16:11 / 23.02.2019
Илм ndash шубҳасиз машаққатли йўл. Бу йўлдан бориш, илмфанда ютуқларга эришиш аёл киши учун ва айниқса ўзбек жамиятида осон вазифа эмас. Шундай бўлсада, қатъий истак, давоми...

2975 12:02 / 22.02.2020