1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Васваса ёхуд шайтон иймон ўғрисидир (биринчи мақола)

15:00 / 24.11.2020 2515 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёмон хаёлларнинг келиши қалбда иймон борлигининг аломатидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан васваса ҳақида сўралди.

عن عبدالله رَضِي اللهُ عَنْهُ، قال: سئل النبي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عن الوسوسة، قال : تلك محض الإيمان

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан васваса ҳақида сўралди. Шунда у зот: «Бу иймоннинг айни ўзидир», дедилар.

Яъни, инсон қалбига васвасанинг келиши унда холис иймон борлигининг аломатидир. Қалбга васваса келганлиги боис инсон тушкунликка тушмаслиги керак. Бошқа бир ҳадисда:

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: جاء ناس من أصحاب النبي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فسألوه: إنا نجد في أنفسنا ما يتعاظم أحدنا أن يتكلم به! قال : وقد وجدتموه؟-، قالوا: نعم،:قال ذاك صريح الإيمان

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир неча кишилар келиб: «Қалбимизда айтишни улкан (гуноҳ) деб биладиган нарсаларни топамиз» дейишди. «Уни улкан гуноҳ дейишни топасизларми?» дедилар. Улар: «Ҳа» дейишди. «Ўша айни иймондир» дедилар.

Шайтон иймон ўғрисидир

Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий юқоридаги ҳадисни шарҳ қилиб:

«Инсон қалбига васваса қилиш шайтоннинг ишидир. Шайтон иймон ўғрисидир. Ўғри ва қароқчилар бойлик бор уйга қароқчиликка тушгани каби, шайтон ҳам инсон қалбидаги иймонга ўғриликка тушади. Унинг ўғрилик қилиши васваса қилиш орқали бўлади. Қалбга келган васваса эса ўша қалбда иймон давлати борлигининг аломатидир. Киши қалбига келган васвасани изҳор қилишдан кўра куйиб кул бўлишни афзал кўриши иймон айтаётган сўзлардир. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу иймоннинг айни ўзидир» дедилар.

Васвасага жавобгарлик йўқ

عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال إن الله تجاوز عن أمتي ما حدثت به نفسها، ما لم تعمل به أو تتكلم متفق عليه

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло умматимдан нафслари айтган нарса (васваса)ни кечириб юборди. Модомики уни сўзлаб ёки унга амал қилмасалар» дедилар».

Васвасанинг турлари

Одатда васваса тўрт қисмга бўлинади:

Биринчиси, ақийдага тегишли бўлиб, шайтон Аллоҳ таолонинг зоти, охират, қазои-қадар борасида турли васвасаларни қилади.

Ушбу васваса ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қачонки эътиқодингизни тўғри қилар экансиз бундай васваса ва хаёлларни қалбингизга келишига иншааллоҳ жавобгарлик бўлмайди ва бу хаёллар сабаб инсон кофирга ҳам айланмайди» дедилар. Баъзи кишилар қалбига шундай хаёллар келганида ўзини шайтон ёки кофир бўлиб қолдиммикан, деб ўйлайди. Ундай эмас. Модомики, инсон эътиқод қилиш керак нарсаларга эътиқод қилар экан, тили ва амали орқали мўъмин киши бажариши керак бўлган амалларни қилар экан қалбга келган васваса туфайли тушкунликка тушмаслиги керак.

Иккинчиси, фисқи-фужур гуноҳ ишларни қилиш васвасаси ва хаёли.

Инсон қалбига бирор гуноҳ ишни қилиш хаёли келса табиати унга моил бўлиб ўша ишни қилишга ундаса, модомики унга амал қилиб қўймас экан, иншааллоҳ жавобгарликка тортилмайди. Шу ўринда бир гуноҳ ишни қилишни ирода қилиш деган нарсани шарҳлаб ўтсак. Ирода қилиш беш босқичда бўлади.

1. Бир бор хаёлга келдию кетди. Бундай васваса «ҳожиз» деб номланади.

2. Бир хаёл қайта-қайта келавериши. Уни«ҳотир» дейилади.

3. Хаёлга келди, уни қандай бажаришни тасаввур ҳам қилди, буни «ҳадисуннафс» дейилади.

4. Тасаввурдан олдинга силжиб, уни қилишга ирода қилди. Лекин уни бажаришга азму қарор қилгани йўқ. Уни «ҳамм» дейилади. Бу ҳамм гуноҳ эмаслигига Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Юсуф сурасида: 

وَلَقَدْ هَمَّتْ بِهِ وَهَمَّ بِهَا لَوْلا أَن رَّأَى بُرْهَانَ رَبِّهِ كَذَلِكَ لِنَصْرِفَ عَنْهُ السُّوءَ وَالْفَحْشَاء إِنَّهُ مِنْ عِبَادِنَا الْمُخْلَصِينَ۝

«Батаҳқиқ, хотин унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон(далил)ини кўрмаганида, у(хотин)га интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳшни узоқлаштириш учун шундай қилдик. Албатта, у танланган бандаларимиздандир». (24-оят) деган.

5. Ўша гуноҳ ишни қилишга юз фоиз азму қарор қилди. Уни «азм» дейилади.

Фуқаҳолар ушбу беш босқичдан тўрт босқичга жавобгарлик йўқ. Шунчалик даражага борган кишини гуноҳкор дейилмайди. Бешинчи босқичга ўтган киши гуноҳкор ҳисобланади. Лекин ўша гуноҳга қўл урган кишича гуноҳкор бўлмайди» деганлар.

Аллома Шаббир Аҳмад Усмоний: «Менинг таҳқиқотимга мувофиқ васвасанинг азм даражаси ҳам афув қилингандир. Гуноҳ даражасида бўлган гуноҳни қилишни ирода қилиш азму қарордан ҳам юқори босқичга кўтарилиб, ўша гуноҳни қилишга ҳарис бўлиш даражасидир. Бугунги кун тили билан айтилганда гуноҳни қилишга ҳарис бўлиш ўша гуноҳни қилиш режасини тузиб, ишга киришганликка айтилади.

Ёмон хаёллар келган вақтда Аллоҳга юзланинг!

Қачон бирор гуноҳ қилиш хаёли ё васвасаси келганда тезда: «Аллоҳим қалбимга шу гуноҳни қилиш хаёли келмоқда. Мени бу гуноҳни қилиб қўйишдан ўзинг сақла» дейиш керак. Аллоҳ таоло ҳаргиз банданинг илтижосини ижобатсиз қолдирмайди. Қуръони каримда Юсуф алайҳиссаломнинг воқеаси зикр қилиниб, у зот Зулайҳо орқали имтиҳон қилинганлиги, инсон бўлганлиги туфайли қалбига васваса тушгани лекин ўша ондаёқ Аллоҳ таолога илтижо қилгани баён қилинган. 

«Батаҳқиқ, хотин унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон (далил) ини кўрмаганида, у (хотин) га интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳшни узоқлаштириш учун шундай қилдик. Албатта, у танланган бандаларимиздандир» (Юсуф сураси, 24-оят).

Аллоҳ таоло ушбу воқеани зикр қилиб бандалари қалбига гуноҳ қилиш васвасаси келганда Ўзига қайтиб ундан паноҳ сўраб, ўз фазли карами билан гуноҳ қилишдан сақлашини сўрашларини таълим берган. Агар бандалар шундай қилсалар иншааллоҳ Юсуф алайҳиссаломдек омонда бўлишларини айтган.

Учинчиси, намоз ўқилаётганда келган хаёллар.

Бу васвасанинг учинчи қисми бўлиб гарчи мубоҳ саналсада, лекин инсонни ибодатдан чалғитувчидир. Масалан, бир киши намозга қулоқ қоққач тили қироатда бўлсада хаёли турли тарафларга кетиб қолади. Еб ичиш хаёли, бола-чақа, тижорат хаёлга келади. Буларнинг барчаси беихтиёр келсада, кишини ибодатдан чалғитади. Бундай ўринда санони бошлаганда санонинг маъноларига, фотиҳани бошлаганда фотиҳанинг маъноларига, руку сажда қилганда кимга муножат қилаётганига эътибор қаратиш керак. Шундан кейин ҳам хаёллар ҳужуми тўхтамаса, бундай хаёлларга киши жавобгар бўлмайди.

Намозни беқадр қилманг!

Кўплаб кишилар намозда келган турли васваса хаёллар туфайли ўзларини ўқиётган намозларини руҳсиз, жонсиз намоз бўлди деб қадрламайдилар. Бундай қилиш хато. Аллоҳ таоло бир бандасига намоз ўқиб пешонасини саждага қўйишни муваффақ қилган экан. Бу Аллоҳ таолонинг бандага берган улкан неъматидир. Бунга шукр қилиш керак. Чунки ризқ моддий ва маънавийга бўлинади. Моддий ризқ борасида кофиру мусулмон баробар. Балки бугунги кунга келиб мўъмин бўлмаганлар бу борада устунроқ ҳамдир. Лекин маънавий ризқ эса фақат мўъминларга хосдир. Намоз эса ўша ризқнинг энг олий даражадагисидир. Уни қадрлаш керак.

(Давоми бор)

Манба: fiqh.uz

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Воқеа қандай содир бўлдиБир гуруҳ динсиз ва исломофоб террорчилар Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги иккита ndash алНурrdquo ва Линвудrdquo масжидларига бугун давоми...

10884 09:00 / 16.03.2019
.Кейинги пайтда саҳнага чиққан ақидавий ихтилофлар сабаби кўп ўйлантираётган ва қийнаётган эди.Мусулмонларни бўлакларга бўлиб ташлаётган бу кўриниш мени қаттиқ давоми...

1250 12:00 / 28.03.2021
Яҳё ибн Одам айтади .Мисъарнинг вафоти яқинлашганда унинг ҳузурига Суфён Саврий кирди. Уни бетоқат аҳволда кўриб, .Нима учун бетоқатсиз Аллоҳга қасам, қанийди мен давоми...

2574 08:05 / 23.03.2020
Суфён ибн Уяйна айтади .Бир куни халифа Ҳишом ибн Абдулмалик Каъбага кирган эди, у ерда Солим ибн Абдуллоҳни кўриб, .Мендан ҳожатингизни сўранг,, деди. Солим .Мен давоми...

1574 08:00 / 23.07.2020