1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳиссиёт

10:30 / 01.01.2021 3766 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Агар Роббимдан бўлак яна бир дўст тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни дўст тутган бўлардим» деганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу нималарни ҳис қилдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, албатта, сени яхши кўраман» деганларида Муоз розияллоҳу анҳунинг қалбларидан нималар ўтди экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳумони бағриларига босиб, «Эй Аллоҳим, бунга ҳикматни таълим бергин» деб дуо қилганларида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қандай ҳислар оғушида қолдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Баййина» сураси нозил бўлганда, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга: «Албатта Аллоҳ таоло менга бу сурани сенга ўқиб беришимни буюрди» дедилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ таоло мени исмимни айтдими?», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, Аллоҳ таоло сени исмингни айтди», дедилар. Шунда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу йиғлаб юбордилар. Йиғлаётган пайтларида қалбларидан нималар ўтди экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ғазоти куни «Эртага байроқни бир одамга бераман. Аллоҳ унинг қўли билан ушбу диёрни фатҳ этади. Унинг ўзи Аллоҳни ва Расулини яхши кўради. Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўради» деб, байроқни Али розияллоҳу анҳуга берганларида, бу саҳобий қандай туйғулар ичра қолдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни Саъд розияллоҳу анҳуга «От! Ота-онам сенга фидо бўлсин!» деганларида, Саъд розияллоҳу анҳу нималарни ҳис қилдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига кетаётган мусулмонлар қўшинини қурол, овқат, улов билан таъминлаган Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида «Усмонга бугундан кейин қилган амали зарар бермайди» деганларида, у кишининг қалбидан нималар ўтди экан?!

Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг овозлари ширали эди. У киши бир куни масжидда Қуръони Каримни тиловат қиладилар. Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига "Агар кеча сенинг қироатингни тинглаганимни кўрганингда эдинг...» дейдилар. Ана шу онда мазкур саҳобий қандай аҳволга тушдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Одамлар бир йўлга юрсалар-у, ансорийлар бошқа йўлга юрсалар, албатта, ансорийлар йўлига юрган бўлар эдим» деганларида, ансорийлар нималарни ҳис этдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ўринда иймон ва нифоқ белгиларини баён қилиб, «Иймоннинг белгиси, ансорларни яхши кўрмоқдир. Мунофиқликнинг белгиси эса, ансорларни ёмон кўрмоқдир» деганларида, ансорлар қандай аҳволга тушдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга «Эй Билол, менга ўзингнинг Исломда қилган энг умидли ишингни айтиб бер, чунки мен жаннатда шундоқ олдимда поябзалинг товушини эшитдим» деганларида, муаззин саҳобийнинг дилларидан нималар ўтди экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча саҳобаларга жаннат башоратини берганларида, улар қандай туйғу ичида қолишди экан?!

Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар сафар кўрганларида, суҳбатларини тинглаганларида нималарни бошдан кечирдилар экан?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга «Биродарларимни кўргим келди» деганлар. Саҳобалар «Биз сизнинг биродарларингиз эмасмизми?» дейишганда, ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сизлар саҳобаларимсиз. Биродарларим мендан кейин келадилар. Мени кўрмасдан менга иймон келтирадилар» деганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин келиб, у зот алайҳиссаломни кўрмай, у зот алайҳиссаломга иймон келтирган биз умматлари бу гапни эшитиб қандай аҳволга тушамиз, нималарни қалбимиздан ўтказамиз?!

Аллоҳ таоло барчамизни саҳобалардан ўрнак олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлиб боришимизни ва охиратда шафоатларига эришиб, жаннатда суҳбатларини тинглашимизни насиб этсин!

Манбалар асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Мавзуга оид мақолалар
Одамлар қуёш нурига қарши кўзларига махсус кўзойнак тақишса, туяда бу нарса азалдан бор. Чунки туянинг кўзида учинчи шаффоф қовоқ парда бўлиб, у қуёш нури ва давоми...

5785 07:10 / 11.05.2019
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади ....Аллоҳ савдони ҳалол ва рибони ҳаром қилган,, деган .Бақара, сураси, 275оят.Шарҳ Биз .савдо, деб таржима қилган давоми...

2839 11:10 / 17.09.2019
Ўғлим Яқин кунларда вафот этаман. Лекин афсусланмайман, чунки ортимда сендек ўғилни қолдириб кетяпман. Сен одил, солиҳ ва раҳмли бўл. Ҳеч кимни ажратма, давоми...

5909 09:00 / 10.07.2020
Қори Абу Яъқуб айтади .Тушимда бўйи узун бир кишини кўрдим. Ҳамма унга эргашарди. Одамлардан .Бу ким, деб сўрадим. У .Увайс Қараний,, дейишди. Шундан сўнг мен ҳам унга давоми...

1926 07:01 / 15.10.2019
Аудиолар

211051 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130312 14:35 / 11.08.2021