1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Одам ўлдириш

20:10 / 25.04.2019 4957 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо сураси, 93-оят).

«Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилмаслар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшиликсавобларга айлантириб қўюр» (Фурқон сураси, 68–70-оятлар).

«Ана ўша (қотиллик) сабабли Биз Бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) битдик: «Кимки бирон жонни (ўлдирмаган) ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни, ўлдиришдан бош тортса ёки ўлимдан қутқарса), демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди» (Моида сураси, 32-оят).

Яъни, кимки бир одамни қасос олиш ёки қилган жинояти учун жазолаш каби сабабларсиз, бекордан-бекорга ўлдирса, гўё барча одамларни ўлдиргандек бўлади. Чунки унинг учун одамнинг фарқи йўқ. Шунингдек, кимки бошқа инсонни ўлдиришни ҳаром деб билса ва бу жиноятдан қўлини тийса, ундан барча инсонлар саломат бўлишади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалок қилувчи гуноҳдан сақланинглар!» деб, уларнинг ичида «Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш», дея зикр этганлар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Аллоҳ наздидаги энг улкан гуноҳ қайси?» деб сўраган эдим, «Аллоҳга бошқани тенг деб билишинг, ҳолбуки, У сени яратган», дея жавоб бердилар. «Бу ростдан ҳам улкан гуноҳ, сўнг қайси?» деган эдим, «Овқатингга шерик бўлишидан қўрқиб, фарзандингни ўлдиришинг!» дедилар. «Кейин-чи?» деб сўраган эдим, «Қўшнингнинг хотини билан зино қилишинг», дея жавоб бердилар» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар икки мусулмон қиличлари билан тўқнашсалар, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам дўзахда», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, бу-ку қотил, бироқ мақтулнинг гуноҳи нима?» деб сўрашди. Шунда у зот: «У ҳам биродарини ўлдиришга иштиёқманд эди», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Имом Абу Сулаймон Хитобий айтадилар: «Бу ҳукм бирон таъвил сабаб билан эмас, балки ўзаро адоват, тарафкашлик ёки дунё, обрў, мансаб туфайли урушганларга тааллуқлидир. Бироқ, кимда-ким боғийларга қарши жанг қилса ёки ўзини ё оиласини мудофаа қилса, бу таҳдиднинг унга дахли йўқ. Чунки у ўзини ҳимоя этиш учун жанг қилишга буюрилган бўлиб, мақсади биродарини ўлдириш эмас. Ахир у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У ҳам биродарини ўлдиришга ҳарис – иштиёқманд эди», деганлар!»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Огоҳ бўлинглар, мендан кейин айримларингиз бошқаларингизнинг бўйнига урадиган кофир бўлиб кетмангиз!» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳга дунёнинг завол топиши мусулмон кишининг қатл этилишидан кўра енгилроқдир» (Муслим ва бошқалар ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Гуноҳи кабиралар (ушбулардир): Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, бирон жонни ўлдириш ва ёлғон қасам» (Бухорий ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бирон бир жон мазлум ҳолда ўлдирилса, унинг қонидан бир қисми Одамнинг биринчи ўғли бўйнида бўлади. Чунки у қотилликни биринчи бўлиб жорий этган эди» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки аҳдлашган кишини ўлдирса, жаннат ҳидини ҳидламайди. Ваҳоланки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради» (Бухорий ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Огоҳ бўлинглар, кимда-ким Аллоҳ ва Расулининг ҳимоясидаги аҳдлашган жонни ўлдирса, аниқки, у Аллоҳнинг кафолатини барбод қилибди. Бинобарин, у жаннат бўйини тотмайди. Ваҳоланки, унинг бўйи етмиш йиллик масофадан келиб туради» (Термизий ривояти).

Муовия розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ барча гуноҳларни кечириши мумкин, аммо бир киши кофир ҳолида ўлган бўлса, ёки бир киши мўминни қасддан ўлдирса, бу гуноҳларни кечирмайди» (Насоий, Ҳоким ривояти).

Ривоят қилинишича, «Кимки бир мўминнинг қатл этилишига яримта сўз билан ёрдам берса, икки кўзи орасига «Аллоҳ раҳматидан ноумид» деб ёзилган ҳолида Аллоҳга йўлиқади».

Аллоҳ таолодан офият тилаймиз.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан давоми...

2371 11:41 / 09.02.2022
Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ҳам зинога олиб борувчи йўллардандир. Бундай инсонлар билан муносабат қуриш, улар билан дўст бўлиш гуноҳ ишларга давоми...

3642 18:24 / 11.07.2020
Аллоҳ таоло айтади.Эй мўминлар, берган қарзларингизни бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз Аллоҳдан қўрқингиз Шунда шояд нажот топгайсиз, Оли давоми...

6012 16:20 / 04.02.2019
Аллоҳ таоло айтади.Эй мўминлар, хамр маст қиладиган ичимлик ичиш,қимор ўйнаш, бутлар яъни, уларга сиғиниш ва чўплар яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш шайтон давоми...

3881 15:02 / 13.07.2019
Аудиолар

118769 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40725 14:35 / 11.08.2021