1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Саййида Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг фазллари: Тўй

16:06 / 08.11.2018 3383 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижратнинг иккинчи йили, Рамазон ойида Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мўмин бандаларига Бадр ғазотида улкан ғалабани берди. Рамазон ойи чиқиб, Шаввол келди.

Ана шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бундан уч йил аввал Маккада тузилган оилаларини эсларига солдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз билан бирга яшашга қарор қилдилар. У зот бир гуруҳ ансорий эркак-аёллар билан Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Бани Хазраждаги уйларига келишди.

Кейин нима бўлганини Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан эшитамиз.

3075. У кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени никоҳларига олганларида олти ёшли қиз эдим. Мадинага келдик. Бани Ҳорис ибн Хазражга тушдик. Мен (терлама бўлиб,) иситмалаб қолдим. Сочим тўкилиб кетди. Кейин елкамгача ўсди.

(Бир куни) олдимга онам Умму Рувмон келди. Мен дугоналарим билан ҳалинчакда ўйнаётган эдим. У менга қараб бақирди. Мен унинг олдига бордим. Унинг мендан нимани хоҳлашини билмас эдим. У менинг қўлимдан ушлаб, ҳовлининг эшигигача етаклаб борди. Мен ҳансираб турар эдим. Бир оз нафасим ростланди. У бир оз сув олиб, менинг юзимни ва бошимни артди. Сўнгра ҳовлига киргизди. Қарасам, уйда ансор аёллар ўтиришибди. Улар:

«Хайр-баракали бўлсин, ризқ-рўзи улуғ бўлсин!» дейишди.

Онам мени уларга топширди. Улар менинг ҳолимни тўғрилашди. Қарасам, чошгоҳ пайтда олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Улар мени у зотга топширдилар. Мен ўша кунларда тўққиз ёшли қиз эдим».

3076. Урва розияллоҳу анҳу дедилар:

«Хадийжа Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратларидан уч йил олдин вафот этди. У зот икки йил ёки шунга яқин туриб турдилар. Кейин Оишани никоҳларига олдилар. У олти ёшли қиз эди. У билан бирга яшашни ҳижратдан кейин, Шавволда бошладилар. У ўшанда тўққиз ёшли қиз эди».

Иккисини Бухорий ривоят қилган.

Ўша куни бошқа бирор нарса ҳам бўлгани йўқ. Сўйиш ҳам сўйилмади. Дастурхон ҳам ёзилмади. Бошқа бирор иш ҳам қилинмади. Тўғри, Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ўз одатлари бўйича юбориб турадиган бир сиқим нарсаларини юбордилар. У киши бир қадаҳда сут ҳам юборган эдилар. Ўша сутнинг бир озини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичдилар ва қолганини Оиша онамизга тутдилар.

У пайтларда бошқа нарсага илож ҳам йўқ эди. Аммо шунда ҳам, агар буни «тўй» дейиш мумкин бўлса, тўй маросими Оиша онамизнинг умр бўйи эслаб юрадиган бахтли онлари бўлиб қолди.

У кишининг назарида Шаввол ойи энг бахтли ва баракали ой бўлиб қолди. Бу ой Оиша онамиз розияллоҳу анҳо учун азиз ва маҳбуб ойга айланди.

Абу Убайд ибн Мусанна айтадилар:

«Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўз қариндош аёлларининг тўйи Шавволда бўлишини мустаҳаб санар эдилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шавволда мени ўз никоҳларига олдилар, Шавволда мен билан бирга яшашни бошладилар, у зотнинг қай аёллари мендан кўра насибалироқ?» дер эдилар».

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг маҳрлари беш юз дирҳам бўлди.

Ўша кундан бошлаб, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо келинлик уйларида истиқомат қила бошладилар. Бу келинлик уйи Масжиди Набавийга ёпиштириб қурилган бир кичик ҳужрадан иборат эди. Мазкур ҳужра хом ғишт ва хурмо ёғочидан қурилган эди.

Уй анжомлари ҳам ўзига яраша – ичига хурмо қипиғи солинган тери тўшак, оддий бўйра ва эшикка тутилган жун пардадан иборат эди.

Келиннинг ўзлари бўлса, енгил жуссали, жиккак қиз бўлиб, кўзлари катта-катта, жамалак сочли ва қизил ёноқли эдилар.

Аммо бу кичик ҳужра ҳам, ўша кичик ҳужрадаги кичик келин ҳам бутун дунёга татир эдилар.

Худди ана шу кичик ҳужра Аллоҳ таолонинг ҳузуридан ваҳий нозил бўладиган бир улуғ маъвога айланди.

Худди ана шу кичик ҳужра Аллоҳ таолонинг қиёматгача мўъжизаси бўлиб қоладиган самовий китоби – Қуръони каримнинг кўпгина оятлари тушадиган муқаддас маконга айланди.

Худди ана шу кичик ҳужрада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сон-саноқсиз ҳадиси шарифлар ворид бўлди, улар Суннатнинг асл манбасига айланди.

Худди ана шу кичик ҳужрадан Ислом умматига Ислом таълимотлари таралиб, у буюк таълимот марказларидан бирига айланди.

Худди ана шу кичик ҳужра Ислом умматига кўплаб фойдалар берди, у умматнинг марказига айланди.

Худди ана шу кичик ҳужра кўплаб Ислом уламолари тўпланиб турадиган машҳур марказга ҳам айланди.

Худди ана шу кичик ҳужра бутун оламга шаръий илмларнинг тенг ярмини тарқатадиган махзанга ҳам айланди.

Худди ана шу кичкина келин шу кичик ҳужрага кирган биринчи кундан бошлаб, барча ишларни ўз қўлига олди.

Худди ана шу кичкина келин шу кичик ҳужрага кирган биринчи кундан бошлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга алоҳида шароит яратиб, у зотнинг машаққатларини тенг бўлиша бошлади.

Худди ана шу кичкина келин шу кичик ҳужрага кирган кундан бошлаб, у ерда нозил бўладиган ҳар битта ояти каримани ёдлаб, аҳкомларини англаб ола бошлади.

Худди ана шу кичкина келин шу кичик ҳужрага кирган кундан бошлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўладиган ҳар битта ҳадиси шарифни ёдлаб ола бошлади.

Худди ана шу кичик келиннинг шу кичик ҳужраси бошқа ҳамма ҳужралар, иморатлар бузилиб кетган бир даврда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг икки соҳибларига марқад (мақбара) бўлиб турибди.

Худди ана шу кичик келиннинг бутун умр бўйи фахрланиб юрадиган яна бир жиҳатлари бор эди: у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бокира ҳолларида никоҳланган бирдан-бир завжаи мутоҳҳаралари эдилар.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, агар бир водийга тушсангиз, унда бир (барги) ейилган дарахт, бир (барги) ейилмаган дарахт бўлса, туянгизни қайси бирида боқар эдингиз?» деди.

«Ейилмаганида», дедилар у зот.

Яъни (Оиша) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзидан бошқа қиз олмаганларига ишора қилмоқда».

Қиз билан жувон орасидаги фарқни васф қилиш борасида турли халқларда турли ўхшатишлар ишлатилади. Бу ривоятда Оиша онамиз қиз болани баргига ҳеч нарса тегмаган дарахтга, жувонни эса баргидан бирор ҳайвон еб кетган дарахтга ўхшатмоқдалар. Шу билан бирга, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан жувонга уйлангандан кўра қизга уйланган афзал эканлиги ҳақида тасдиқ ҳам олмоқдалар.


“Ҳадис ва ҳаёт” 25-жуз

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Валий ўз қизи ёки синглисини турмушга бериш мақсадида бирор бир солиҳ кишига унга уйланишни таклиф қилиши жоиз. Бу иш аёлнинг шаънини асло туширмайди. Чунки Умар давоми...

1833 16:00 / 15.11.2022
.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан .Бир кишининг иккита хотини бўлса, улардан бири бир қиз болани эмизса, бошқаси ўғил болани эмизса, қиз болага ҳалиги ўғил бола уйланса давоми...

2257 10:30 / 29.04.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбаримиздир. У зот бизга ҳаёт сирларини ўргатдилар. Биз ҳақиқий ўлчовларни у зотдан билиб олдик. Ўзимиз яшаётган дунё давоми...

2110 10:54 / 03.02.2022
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур ҳадисларини столинг устида ҳар куни кўриниб турадиган шаклда қўйиб қўйишинг керак. Бу ҳадисни болалигингга, давоми...

3082 14:00 / 18.03.2023