1446 йил 11 жумадул аввал | 2024 йил 13 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Қиёматнинг аломатлари

15:04 / 01.11.2018 9955 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Аммо, шу билан бирга, қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар ҳақида кўпгина маълумотлар келган. Албатта, бу маълумотлар, асосан, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида зикр қилинган.

Ҳузайфа ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқиб келдилар. Биз гаплашиб ўтирган эдик. Бас, у зот:

«Нимани гаплашмоқдасизлар?» – дедилар.

«Қиёматни гаплашмоқдамиз», – дейишди.

«Албатта, у ундан олдинги ўнта аломатни кўрмагунингизча қоим бўлмас», – дедилар ва тутунни, Дажжолни, Доббани, қуёшнинг мағрибдан чиқишини, Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг нозил бўлишларини, Яъжуж-Маъжужни, учта ер ютишни: машриқдаги ер ютишни, мағрибдаги ер ютишни ва араб жазирасидаги ер ютишни ва охири Ямандан чиқиб, одамларни маҳшарга қувлайдиган оловни зикр қилдилар».

Ушбу ҳадисни Муслим, Термизий ва Абу Довудлар ривоят қилганлар.

Қиёмат

«Қиёмат» сўзининг маъноси «тик туриш»дир. Ўша кунда ҳамма гўридан тик турган ҳолда тириладиган бўлгани учун қиёмат шу ном билан номланган. Қиёматнинг бундан бошқа «ҳисоб куни», «охират», «маҳшар куни» каби бир қанча исмлари ҳам бор.

Бундан аввал қиёматнинг аломатлари билан танишган эдик. Қачонки, ўша аломатларнинг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса, Аллоҳнинг иродаси билан бу дунёнинг ажали етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма ёқ остин-устун бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир.

Ҳа, ичидаги барча нарсалари белгиланган ажалгача туриб, кейин тамом бўладиган бу дунёнинг ҳам ажали етиб, қиёмат қоим бўлади.

Қайта тирилиш ва ҳашр

Мусулмон одам қиёмат куни дунёдан ўтган ҳамма одамларнинг қайтадан ўз жасадларига эга бўлиб, қайта тирилишига жазм билан эътиқод қилмоғи керак. Зинҳор-базинҳор одам ўлиб, жасади тупроққа қоришиб, ўтда куйиб ёки ҳайвонларга ем бўлиб кетганидан кейин қандай қилиб тирилар экан, деган хаёлга бормаслик лозим.

Ҳисоб

Мусулмон инсон қиёматда бу дунёдаги қилган амалларининг зарра миқдоричаси ҳам қолмай ҳисоб қилинишига ва ўша ҳисоб асосида мукофот ёки жазо берилишига жазм ила эътиқод қилмоғи керак.

Тарози ва амалларни тортиш

Мўмин-мусулмон киши қиёмат куни тарози бўлишига ва унда ҳар бир одамнинг бу дунёда қилган амаллари ўта аниқлик билан тортилишига жазм ила эътиқод қилмоғи лозим. Чунки бу ҳақда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ҳеч қандай таъвилни кўтармайдиган равишда очиқ-ойдин иборалар билан хабарлар келган.

Сирот ва ундан ўтиш

Мўмин-мусулмон киши қиёмат куни жаҳаннам устига «Сирот» деб аталган кўприк қурилган бўлишига, барча одамлар ундан ўтишга амр қилинишига, кимдир ундан ўтиб, нажот топишига, кимдир ўта олмай, жаҳаннамга қулашига жазм ила иймон келтириши лозим.

Шафоат

Шафоат – Аллоҳ таолога илтижо қилиб, баъзи осий мўминларни афв қилишини ёки баъзи мўминларни икром қилиб, жаннатга ҳисоб-китобсиз киритишини сўрашдир. Шафоат Аллоҳ таоло томонидан шафоатчига берилган фазлдир. Бу шараф Аллоҳ таоло томонидан баъзи бандаларга уларнинг тақвоси, ибодати ва аҳли солиҳлиги ту-файли берилади.

«Шафоат» луғатда бошқа бировга қўшилиб, унга ёрдам бериш ва ёнини олиб, унинг учун нимадир сўрашни англатади. Кўпинча шафоат мартабаси ва ҳурмати юқори шахснинг ўзидан пастроқ одамнинг тарафини олиб, унга маънавий ёрдам бериши ила содир бўлади.

Қиёматдаги шафоат ҳам шундандир. Аллоҳ таолонинг ҳузурида шафоат қилувчилар гуноҳкорларга кўмак берадилар.

Жаннат ва Дўзах

Жаннат ва дўзах инсон етиб борадиган охирги манзиллардир. Инсон улардан бирига етганидан сўнг унда абадий қолади. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби эътиқодига кўра, бу икки нарса моддий бўлиб, улардаги нарсалар ҳам руҳга ва ҳам жисмга оиддир. Улардаги неъматлар ва азоблар ҳам жисмга, ҳам руҳга берилади. Жаннат, дўзах ва улардаги барча нарсалар абадий мавжудотлардир. Уларга тушган кишиларнинг қолиши ҳам абадий бўлади. Фақат баъзи осий мўминлар ўз қилмишларига яраша жазони ўтаганларидан кейин дўзахдан жаннатга чиқариладилар.

Арш

Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда зикр этилган ҳақиқат сифатида Аршга иймон келтирмоғимиз вожиб. У ҳақида фақат оят ва ҳадисларда зикр қилинган хабардан нарига ўтмаганимиз яхши. Шу билан бирга, уламоларимиз зикр қилган маълумотларни ўрганиб ҳам қўямиз.

Ақоид илми уламолари келтиришларича, оят ва ҳадисларда келган васфларга биноан, «Арш» оёқлари бор тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб турадилар. У худди олам устидаги қуббага ўхшайди. У махлуқотларнинг шифтидир. Аллоҳ таолонинг Аршга эҳтиёжи йўқ, балки уни Ўзи билган ҳикмат учун яратгандир.

Курси

Одатда «курси» сўзи тахт маъносида мулкни, яъни подшоҳлик, султонлик маъносини англатади. Курси ҳақида ҳам Арш борасида айтилган фикрларни айтиш мумкин. У ҳақда оят ва ҳадисларда келган маълумотлар билан кифояланамиз. Баъзи уламоларимиз айтганларидек, Қуръони каримнинг Бақара сурасида келган «Унинг Курсиси осмонлару ерни қамраган» жумласини «Аллоҳнинг султони – подшоҳлиги осмонлару ерни қамраб олган» деб тушунсак бўлади.

Аслида эса Курси ва унга тааллуқли нарсалар, бинобарин, ушбу жумла ҳақида буюк уламоларимиз ўзларига етган далиллар асосида бир неча хил фикрлар айтганлар.

Жумладан, баъзи уламоларимиз Курсини «илм» деганлар. Шунга биноан, мазкур жумла «Унинг илми осмонлару ерни қамраган» деган маънони англатади.

Уламолар: «Биз Аллоҳнинг Арши ва Курсиси борлигига иймон келтирамиз. Бу икки нарса одамларнинг тахти ёки курсисига ўхшамайди. У иккисининг ҳажми, кайфияти ва сифатини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бизнинг эса уларни билишга ҳожатимиз йўқ. Агар ҳожатимиз бўлганида, Аллоҳнинг Ўзи баён қилиб берган бўларди», дейдилар.

Лавҳул маҳфуз ва Қалам

Мўмин-мусулмон одам лавҳ ва қаламга ҳам иймон келтирмоғи вожиб. Бу икки нарса ҳам ғайбиёт туркумига киради. «Лавҳул маҳфуз», яъни муҳофаза қилинган лавҳдан мурод Аллоҳ таоло халойиқнинг тақдирларини ёзган нарсадир. «Қалам»дан мурод Аллоҳ яратган ва у билан мазкур Лавҳга қадарларни ёзган қаламдир. Бас, Лавҳга, Қаламга ва Қалам воситасида Лавҳга ёзилган нарсаларга иймон келтириш лозим.

Албатта, ақийдага оид масалаларда бу каби илоҳий, равшан, ўта илмий, ақлга тўғри келадиган, бидъат ва хурофотдан йироқ, тахмин ва гумондан бегона, иккиланишлардан узоқ таълимотларга амал қиладиган инсон бахтли-саодатли ҳаёт кечириши турган гап.


“Мукаммал саодат йўли” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръон ҳақида талашибтортишмаймиз. Унинг Роббил оламийннинг каломи эканига, уни Руҳул Амийн олиб тушганига, саййидул мурсалийн, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи давоми...

7664 23:36 / 02.12.2016
Мўминмусулмонлар .жин, деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг давоми...

3153 00:00 / 01.11.2022
Сўнги пайтларда минг йилдан бери аҳли сунна ва жамоанинг ақийда мадрасаларида деб эътироф этиб келинган эътиқод мазҳабларини ўзича танқид қилиб, аҳли суннадан давоми...

4832 13:30 / 16.08.2021
Набий ва Расул орасидаги фарқ ҳақида бир неча фикрлар зикр қилинган 1. Аллоҳ кимга осмондан хабар берсаю, ўша хабарни бошқаларга етказишни амр қилса, ўша одам давоми...

609 19:00 / 30 сентябрь
Аудиолар

134242 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54586 14:35 / 11.08.2021